Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, сешанба. 2021 йил                         Махсус версия RU

Б.ЎКТАМ

02.03.2021


ОНА - АЁЛ ЗОТИ УЧУН ОЛИЙДАН-ОЛИЙ МАРТАБА БЎЛАДИ!

Сараланган сатрлар

Тоғай Муроддан тирноқ қолмади. Турмуш қуришидан бир неча йил аввал "Ойдинда юрган одамлар" деган қисса ёзиб, унда Қоплон ва Оймомонинг фарзанд илинжидаги изтиробларини қаламга оларкан, шу кунлар ўз қисматига ҳам битилганини тасаввур қилмагани аниқ. Эҳтимол адибнинг ёзгани қисматига айланади, деганлари чиндир...

Бу мунгли, изтиробли, йиғлаб ўқиладиган асар ҳақида ёзувчи Одил Ёқубов "Бир қарашда қисса адабиётимизда кўп айтилган фарзандсизлик муаммосига бағишлангандек туюлади. Аслида, ундай эмас. Аслида, услуб жиҳатидан халқ достонларига ўхшаб кетадиган бу қиссани муҳаббат ҳақидаги бир куй, тўғрироғи, муҳаббатга суяниб, барча ҳаёт довулларини енгиб ўтган икки дил, икки пок инсон ҳақидаги типик бир қўшиқ десак ярашади. Яхши қўшиқ мунгли бўлади, бироқ бу мунг кўнгилга ғашлик солмайди, билъакс, сув ичгандай равшан қилади", деб таъриф берган бўлса, Саид Аҳмад "Тоғай Муроднинг куйиб, ёниб, ўртаниб битган, баъзан фарёд уриб битган "Ойдинда юрган одамлар" қиссасини "Муҳаббат қўшиғи" деб атагим келди", деган эди.

Тўғри, ҳамманинг тақдири турлича, пешонага ёзганидан қочиб қутулиб бўлмайди. Яратган бировни фарзанд билан, бошқани фарзандсизлик билан синайди. Бу синовларни кимдир қазойи қадар ўлароқ қабул қилса, кимлардир исён қилишга уринади, тақдири азалга кўнишни истамайди.

"Ойдинда юрган одамлар" қиссасида биз синовларга бардошли, кўнгли пок, беғубор, осмон қадар кенг, чинакам инсонларни кўрамиз. Пировардида қалбимиз ҳам тозариб бораётганини ҳис этамиз...

* * *

Совчилар қадами қизлик эшикка шараф!

* * *

Аслини билмай, сўз демаслар, наслини билмай, қиз бермаслар.

* * *

Чин гаплар кўнгилда бўлади. Тилга чиқса, ёлғон бўлади-қолади.

* * *

Кўнглинг билан эшит - қулоқ алдайди, ақлинг билан кўр - кўз алдайди.

* * *

Кенжа зурриёт бўлмиш қиз беш яшарлигида ота-онадан сағир қолди.

Акаси қўлида қолди.

Янга бўлмиш қобоқ-тумшуғига қараб кун кўрди.

Янга бўлмиш қобоқ уйди...

Шунда... шунда, сағир нафас олмади! Сағир кўзлари пир-пир этди. Сағир кўзлари олма терди.

Сағир ҳадаҳалаб борди. Жияни бешигини қўш-қўллаб ушлади. Сағир жон-жаҳди билан бешик тебратди.

"Бешик тебратсам, янгам қобоғи очилади, кейин, мени уришмайди..."

Сағир ана шундай умидга борди!

* * *

Сағир дастурхон олдига силжиб келди. Сағир бармоғини сўриб, янгага мўлтиради. Сағир бармоғини сўриб, дастурхонга мўлтиради.

Кейин, оғзидаги бармоғини дастурхонга узатди. Бармоғини аввал дастурхон бурчига тегизди. Ундан дастурхон ўртаси сари оҳиста-оҳиста ўрмалатиб борди. Кейин, нон четига тегизиб турди.

Сағир бир тишламгина нон синдириб олди.

Сағир, янгага қараб-қараб нон тишлади, мўлтираб-мўлтираб нон чайнади.

Сағир, янгамга яхши кўринайин дея, ўзидай-ўзидай сатилларда сув ташиди.

Чин, акаси-да, янгаси-да сағирни ўз боласидан кам кўрмади. Шундай бўлса-да, сағир ушбу хонадонда жиянлари билан ўз орасида катта тафовут борлигини ич-ичидан ҳис этиб-этиб кун кўрди.

Сағир мунис-да бўлди, ғамгин-да бўлди.

* * *

Сағир бир қиз бўлди, бир қиз бўлди-е!

Сарвқад бўлди!

Сулув юзларини оппоқ десак, бизнинг ҳақимиз кетади. Қорачадан келган десак, қизнинг ҳақи кетади.

Буғдойранг бўлди!

* * *

...ҳеч ким қиз узатиб бойиган эмас.

* * *

...атлас оналаримиз, опа-сингилларимиз, қизларимиз эгнида товланди.

Атласда ўзига лойиқ ранги бўлди, рангига лойиқ номи бўлди: Саккизтепкилик, Марғилон хонатласи, Самарқанд оқшоми, Марғилон машъали, Фарғона йўллари, Лайли, Гули, Ширин, Маҳлиқо, Шотикапак, Шодиқара, Қўчқоршоҳи, Тири камон, Олтин калит...

Бир йил тўрт фасл бўлди. Фасллар рангларга мўл бўлди: баҳор - гулзор, ёз - офтоб, куз - мунис, қиш - мармар...

Eлимиз фаслларни матога кўчирди: Ҳамиша баҳор, Боғу бўстон, Райҳон, Гул ва Наврўз, Гулнамозшом, Баргикарам...

Атлас - элимиз тарихи. Атласда элимиз кечирмиш ҳайитлари бор, фожиалари бор.

Атлас - қўшиқ, элимизнинг азалий ҳам сўнгсиз қўшиғи!

* * *

Келин йиғи бошлади:

- Увв-уввв-уввв...

Йиғини ўз уйи - ўлан тўшагини тарк этажагидан, хеш-ақраболаридан олислаб кетажагидан десак-да бўлади.

Мўлт-мўлт қараб турмиш, сел-себор йиғлаб турмиш жиянлари кўнгли учун десак-да бўлади.

Ё, акаси билан янгаси биздан қутулиш учун зорманда экан, демасин деган андишада йиғлайдими?

Шундай десак-да бўлади.

Ё, куёви уйига боражаги қувончидан, хушвақтлигидан йиғлайдими? Айниқса, шундай десак бўлади!

* * *

- Билмайман, момоси, билмайман. Кўнглимда бир нима юрибди. Панжаларини ботириб-ботириб юради.  Авваллари аҳён-аҳёнда юрар эди. Энди бўлса на кечани канда қилади, на кундузни канда қилади. Кўнглимни тирнаб-тирнаб юради. Қўлимни суқуб, олиб ташлайин дейман, бўл-майди, бўлмайди...

Оймомо сўраганларига пушаймон бўл-ди. Нафаси ичига тушиб кетди. Қилт этиб ютинди.

Қоплон тағин аёлига термилди. Эндиги термилишда мана бундай деди:

"Хўш, энди нима қиламиз, момоси?"

Оймомо дастурхондан кўз олмади. Хиёл титрамиш бармоқлари   дастурхон гулларини силади.

Тошдан-да оғир сукунат бўлди, азадан-да қайғули сукунат бўлди!

Болали уй хандон бўлди, боласиз уй зиндон бўлди!

* * *

Қиммат момолар ёмонлардан холис-холис юради, ёмонлардан олис-олис юради. Ёмонларни кўрса... қочади! Ёмонлар билан ҳориқулодда йўлиқиб қолса... Гирдикапалак бўлади, ширинсухан бўлади, ширинзабон бўлади!

Қиммат момолар ёмонлардан холис-холис юради, яхшиларга осилади, яхшиларга сим тақади. Яхшиларни сассиқ-сассиқ гаплар билан чимчилаб-чимчилаб олади. Яхшиларни заҳар-заҳар гаплар билан ўйиб-ўйиб олади.

Яхшиларда яхшидан-яхши фазилат нима? Худо бермиш юксаклик нима? Худо бермиш улуғлик нима?

Қиммат момолар айнан ана шуларни йўққа чиқариш пайида бўлади!

* * *

Отамиз ҳадиксиради: катта халқи юзсиз бўлади, сурбет бўлади! Мабодо, котиб отдан тушиб, индамай келиб ўтирса нима бўлади? Унда отамиз тобоқдан қўлини тортади! Дастурхондан холисроққа бориб ўтиради!

Котиб тоифасидагилар билан бир дастурхондан туз емайди, бир тобоқдан палов емайди!

Марҳумлар ҳақини ейдиган одам билан бир тобоқдан палов еб бўладими? Бўлмайди, бўл-майди!

* * *

Аёл қўлидан нима келади? Йиғи келади!

* * *

Юракни яширса бўлади. Боиси, юрак кўринмайди. Юрак жамики дардларни пинҳон тутади. Аммо кўзларни яшириб бўлмайди. Кўзлар ўзини ўзи фош этади.

* * *

Аёл зоти аззанча ўзига тўқ бўлсин, еган-ичгани олдида бўлсин, аззанча серуруғ бўлсин, серавлод бўлсин, барибир… барибир, ўз оти ўзи билан… заифа бўлади!

Шу боис, аёл зоти ҳамиша бошида паноҳи бўлишини хоҳлайди.

Аёл зоти аззанча ўзига мустақил бўлсин, мағрур бўлсин, барибир, ана шу паноҳига бош эгиб яшайди.

Бош паноҳи амалдорми? Бош паноҳи камбағалми? Кўрми ё калми? Бош паноҳи майибми?

Барибир, аёл зоти учун барибир!

Кўмирчи бўлсин, темирчи бўлсин, тўрт девор ичида суюкли бўлсин!

Аёл зоти ана шу бош паноҳига суяниб яшайди!

* * *

Аёл зоти чинакам фарзанд доғида куйса… фарзандни қалбан орзу қилса… худди бўйида бўлмишдай тўлишади! Аёл руҳияти шундай, аёл тани шундай, аёл қалби шундай!

Табиат аёлни фарзанд учун яратади.

Фарзанд - аёл бахти бўлади, шон-шарафи бўлади, юз-хотири бўлади!

Она - аёл зоти учун олийдан-олий мартаба бўлади!

Б.ЎКТАМ тайёрлади.

Report typo