Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • ҚОНУНЛАР ҲУЖЖАТ СОНИНИ КЎПАЙТИРИШ ЭМАС, ОДАМЛАРГА АМАЛИЙ НАФ КЕЛТИРИШ, ҲАЁТИНИ ЕНГИЛЛАТИШГА ҚАРАТИЛИШИ ДАРКОР

Саддам ОРЗИҚУЛОВ

11.02.2020


ҚОНУНЛАР ҲУЖЖАТ СОНИНИ КЎПАЙТИРИШ ЭМАС, ОДАМЛАРГА АМАЛИЙ НАФ КЕЛТИРИШ, ҲАЁТИНИ ЕНГИЛЛАТИШГА ҚАРАТИЛИШИ ДАРКОР

Муносабат

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга бу йилги Мурожаатномасида келтирилган устувор масалалар, барча соҳалардаги ўзгариш ва янгиланишлар халқ ва юрт манфаатига хизмати қилиши билан аҳамиятлидир.

Ўз навбатида суд мустақиллигини тўлиқ таъминлаш - муҳим вазифалардан бири бўлиши, дастлабки терговда давом этиб келаётган қонун бузилиш ҳолатларини фақат ва фақат судларнинг ҳақиқий мустақиллигига эришиш орқали бартараф этиш мумкинлиги, судьялар томонидан адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида оқлов ҳукмлари чиқарилаётгани суд-ҳуқуқ соҳасидаги энг катта ютуқ бўлаётгани, Президент сифатида судьяларнинг бу жасорати ва қатъияти бундан кейин ҳам тўлиқ қўллаб-қувватланиши ҳам айтиб ўтилдики, буларнинг барчаси фуқароларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашида муҳим ўрин тутади.

Қолаверса, бундай кейин суд орқали инсонларнинг ҳуқуқи тикланганини эътироф этиш билан чекланиб қолмасдан, нима сабабдан судгача бўлган тергов жараёнида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган, деган  саволни ҳам кўндаланг қўядиган, тазйиқлар учун жавоб берадиган вақт келгани, эски тузумдан қолган ва ҳануз давом этаётган суд қарорларини прокуратура томонидан чақириб олиб, ўрганиш амалиётини чеклаш лозимлиги, энди фақат иш юзасидан шикоят келиб тушган ҳолдагина прокурор суд қарорини олиб ўрганиши мумкинлиги, суд раислари томонидан судьяларнинг фаолиятини баҳолаш ва уларга нисбатан интизомий иш қўзғатиш бўйича ваколатларни қайта кўриб чиқиш кераклиги ва алоҳида қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича билдирилган таклифлар эътиборга молик. Чунки судья мустақил бўлса, қонунга сўзсиз бўйсунса, масъулиятни чуқур ҳис қилса, беғараз ва холис бўлгандагина адолат ўрнатилади.

Зеро, Президентимиз айтганидек, суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши, судьялар эса қонунларнинг толмас ҳимоячилари, адолатнинг мустаҳкам устунлари бўлиши керак.

Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашга бу сафар ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, бу ёвуз бало ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратишга, ривожланишга ғов бўлиши таъкидланди ва коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламларини жалб қилиш, коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан кўра, унинг барвақт олдини олишга ўтиш кераклиги, бу вазифалар ижросини тизимли ташкил этиш мақсадида парламент ва Президентга ҳисоб берадиган, коррупцияга қарши курашишга масъул алоҳида орган ташкил этилиши айтилди.

Ҳеч кимга сир эмаски, айнан адолат қарор топган муҳитни шакллантиришнинг асосий тўсиғи ҳам коррупциядир.

Мурожаатномада нафақат кейинги беш йил, балки узоқ муддатда қабул қилиниши ва кўриб чиқилиши лозим бўлган концепциялар, дастурлар, стратегиялар ва кодекслар ҳақида алоҳида-алоҳида тўхталиб ўтилди. Улар қаторида, Фуқаролик, Жиноят, Жиноят-процессуал, Жиноят-ижроия  ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар ҳам бор. Боиси, мазкур кодекслар бундан деярли 20-25 йил олдин қабул қилинган бўлиб, ҳозирги кун талабларига кўра янгилашга муҳтож.

Президентимиз бу борада тергов ва суд амалиётига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илғор стандартларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратиш кераклиги, қонунчиликни янгилашдан мақсад фақат қонун қабул қилиш эмас, аксинча, янги қонунлар эртага одамларга қандай амалий наф бериши, уларнинг ҳаётини қандай енгиллаштириши ҳақида бош қотиришдан иборат бўлмоғи лозимлигига алоҳида урғу берди.

Шундай экан, зиммамиздаги улкан масъулиятни чуқур ҳис қилиб, дахлдорлик ҳисси билан меҳнат қилсак, шу эзгу мақсадларга эриша оламиз.

Саддам ОРЗИҚУЛОВ,

жиноят ишлари бўйича вилоят судлари судьялари малака ҳайъати котиби

Report typo