Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

21.02.2020


ҚОНУННИНГ ҲУКМРОН КУЧИ

камбағалларни жазолаб, бойларни ўз ихтиёрига ташлаши керакми?

 

Сараланган сатрлар

Ёзувчи Марио Пьюзонинг "Сицилиялик" асари Италия жиноятчи тўдалари орасида анча машҳур шахслардан бири - кўпинча авом халқ тарафида туриб, расмий доираларга қарши кураш олиб борган ва якунда дўсти, яқин сафдошининг сотқинлиги туфайли ҳалок бўлган Сальваторе Гильяно фаолияти ҳақида ҳикоя қилади. Машҳур "Чўқинтирган ота" асари қаҳрамони Майкл Корлеоненинг гарчи нофаол бўлса-да, иштироки романга қизиқишни оширади. Асар - Сицилия мафиясига чизмалар фонидаги оила, дўстлик, одамийлик фазилатлари ва инсон умрининг қадри хусусида.

Дунёдаги барча газеталар учун улар - мафия, аммо Сицилияда "мафия" сўзи ҳеч қачон фуқароларнинг оғзидан эшитилмайди.

* * *

...императорларга хос бошнинг пастки қисми деҳқонга тааллуқли эди.

* * *

Сургун ва дарбадарлик палласида Майклда ҳайвонларга хос туйғу - яқинлашаётган хавф-хатарни сезиш ҳисси ривож топган эди.

* * *

Сицилия тарихига сотқинлик сингиб кетган.

* * *

Нега бу ерда бирор кишидан жўяли жавоб оломайсан? Чунки бу - Сицилия, дея мулоҳаза юритди у. Сицилияликлар рост гапиришдан ўлгудай қўрқишади. Рим ҳукумати ўзининг ҳуқуқий аппарати воситасида ҳақиқатни талаб қилади. Руҳоний бир умрлик қарғиш остида дон фармойишини ишга солиб, ҳақиқатни суғуриб олади. Ҳақиқат ҳокимият манбаи, бошқариш дастаги бўлган-ку - нега инсон уни ошкор қилиб қўяр экан?

* * *

...сицилияча қасос бўронига тушиб қолиш ўз-ўзини ўлдириш билан баробар. Чунки сицилиялик интиқом - адолатнинг ягона ҳақиқий шакли, шу боис доимо шафқатсиз бўлиши керак деб ҳисоблайди.

* * *

Оилалар на интилиши, на истеъдоди, на билими бўлган ўғилларидан қандай қутулсин? Ота-оналар уларни умрининг охиригача боқиши керак. Университетнинг икки варақ пергаментли дипломи туфайли бу валакисаланглар ўқитувчи, шифокор, парламент аъзоси, жуда бўлмаса майда давлат амалдори вазифасида ишлайдиган киши бўлиб етишади.

* * *

...вазирларни сотиб оладиган, қотилликлар ташкил этадиган, дўкондорлар, фабрика эгаларини қирғин қиладиган одамга ўқиш, ёзиш унчалик зарур эмас.

* * *

...сицилияликлар - туғма қотиллар, хоинлар, улар замонавий ҳарбий санъатни ўрганишда ўтакетган даражада нодонлик қилишади. Ва сицилияликлар қаерда бўлмасин, нуқул нохушлик рўй берарди.

* * *

Римда демократик ҳукумат ўтирганидан буён нима ҳам ўзгарди? Одамлар овоз бериш имкониятига эга бўлишди, аммо бу билан оч қолишди.

* * *

Йўқ, сицилиялик деҳқоннинг нафратига асло енгилтаклик билан қараб бўлмайди.

* * *

...жасад учун жой бериш, ҳатто Сицилияда жиноят эмас.

* * *

Қонуннинг ҳукмрон кучи камбағалларни жазолаб, бойларнинг иродаси, ихтиёрига ташлаган эди.

 

* * *

Ўзини Сицилиянинг ҳақиқий қироли деб ҳисобларди. Аммо унинг меросхўр ўғли диний ва ижтимоий ислоҳотларнинг ғалати хасталиги билан касалландию, Амазонкадаги ёввойи ҳиндуларнинг ақл-фаросатини ўрганиш учун Бразилияга жўнаб кетди. Дон бундан шу қадар уялдики,  бошқа ҳеч қачон ўғлининг номини тилга олмади.

* * *

Муссолини кучая бошлаганида, дон Кроче унчалик ташвишланмади. Уни диққат билан кузатди ва бу одам айёрликка ҳам, мардонаворликка ҳам эга эмас, деган хулосага келди. Шундай одам Италияни идора қилаётган экан, демак, дон Кроче Сицилияни бошқариши мумкин.

* * *

Зеро, дон Кроче очкўзликни инсоннинг энг йирик ожизликларидан бири деб ҳисоблар, шу боис жону дили билан ўз даромадларини баҳам кўрарди.

* * *

Кўпгина сицилияликлар полициячи бўлиб олишган. Камбағалликдан, ҳукуматдан сал бўлса-да қутулиш учун...

Оммабоп ҳазил сицилияликлар ё жиноятчи, ёки полициячи эканини билдирар эди. Аммо икки томон ҳам бир-бирига зарар етказарди.

* * *

Терранованинг бутун туриш-турмуши бамисоли устарага ўхшар - ундан фойдаланиш ҳам, ўлим қуролига айлантириш ҳам мумкин эди.

* * *

"Баъзан сиз ва дон Крочега ўхшаш кишиларга ҳавасим келади, уларнинг бутун кучи калласида ва қалбида жамланган. Бундайлар жасорат ва маккорлик таъсирига эга".

* * *

Ҳатто дунёдаги энг ақлли одам ҳам хатога йўл қўйиши мумкин.

* * *

Йўқ, эркакларни юзига қараб севиб бўлмайди, ҳар ҳолда Сицилияда.

* * *

Доннинг кучли томони шунда эдики, гарчи юрагига тегиб кетса-да, у ҳеч қачон ҳақоратли оҳанг ҳамда ҳурматсизликка эътибор бермасди.

* * *

Тарихнинг бутун йўналиши кўрсатишича, камбағалларнинг жами орзу-умидлари барча мамлакатларда сўл партияларга боғлиқ экан.

* * *

Дон Буччила шафқатсизлиги билан алоҳида ажралиб турмас, аммо фирибгарликка мутлақо тоқат қилолмас, ўғриваччалардан ўч олар экан, худди инглиз судьялари каби қаҳр-ғазабга тўлиб кетиб, киссавур гарчи бола бўлса ҳамки, ўлим жазосини талаб қиларди.

* * *

"Мен шафқатсиз одамга айландинг демоқчи эмасман, шунчаки ўлимга нисбатан ҳурматинг йўқолган".

* * *

Ҳарбий тарих жуда кўп мисолларни билади, унга мувофиқ буюк ғалабалар ва шукуҳли тактик манёврлар арзимас тасодифлар туфайли ноль даражага тушиб қолган...

* * *

Сен, афтидан, ким ёлғиз ўйнаса ютқазмайди, деган мақолни эсдан чиқариб юборганга ўхшайсан.

* * *

Мафия гўё ночор кишиларнинг манфаатини ҳимоя қилаётгандай кўринса-да, аслида уларни бой-бадавлат кишиларга хизмат эттириб, азоб берарди.

 * * *

"...шундай яшагинки, қаҳрамон эмас, тирик бўл. Вақт ўтиши билан қаҳрамонлар унутилади".

Бу ор-номус тўғрисидаги тасаввурини ўзгартиради. Қаҳрамонлик олдида сажда қилишини камайтиради. Бу яшашга ёрдам беради, аммо бахтсиз қилади.

* * *

Ҳа, албатта, дон Кроче буюк одам, аммо у тарих нелигини англай олмайди.

* * *

Пишотта ўзининг маккорона ақли билан Гектор Адониснинг Буюк Карл, Роланд ва Оливер тўғрисидаги ҳикояларини эшитмаганмиди, шу ҳикоялар таъсирида тўғри йўлдан адашмадимикан? Ахир Гильянога содиқ қолганида Пишотта унутиларди... Даҳшатли жиноятга қўл уриб эса, у ҳам одамлар хотирасида Тури билан бир умр қолади.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo