Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Байрам АЛИ

02.07.2019


"ҚОР ОДАМИ"

Бирор иш қилмоқчи бўлсак, аввало "одамлар нима деркин?" деган савол хаёлимиздан ўтади. Виждон ҳукми билан одамлар фикрини чалкаштириб юбораётганимизни эса гоҳида сезмаймиз. Деярли ҳар битта инсонга хос бундай ички маҳкумлик кимдадир ошкора бўлса, бошқада пинҳона. Энг ёмони - бундай маҳкумликдан холи одамлардан жамият хавфсирайди, ётсирайди, баъзида тентакка чиқаради. Бу эса жаҳон адиблари ва файласуфлари томонидан неча минг йиллардан бери ўрганилиб келинаётган умумбашарий ҳодисадир. Жумладан, ўзбек адабиётининг атоқли адибларидан бири Луқмон Бўрихон ҳам "Қўноқ" номли ҳикоясида ўз бадиий тафаккури орқали айнан шу муаммога муносабат билдирган, таъбир жоиз бўлса, инсон ва унинг характерига оид янги бир гап айта олган.

Ўқувчи эсласа, ҳикоя "Уни кўрдиму, юрагим орқага тортиб кетди", деган жумлалар билан бошланади. Ровий вагон танбурида биринчи учратишдаёқ ҳикоя қаҳрамонидан чўчийди. Қаҳрамоннинг ўзини тутиши, бутун хатти-ҳаракатлари аллақандай шубҳали, аллақандай ғайритабиий бўлиб туюлади. Кейинчалик уни ўз купедошлари ёнига бошлаб борганида, ҳамроҳ бошқа инсонларда ҳам кузатилади бундай руҳий кечинмалар. Яъни, Қўноқ купедаги барча йўловчилар учун "Қор одами" каби қизиқарли ва ноёб бир мавжудотга айланган бир пайтда, негадир у атрофидагилар учун безовталик ҳам олиб келади. Шубҳасиз гап унинг уч кун олдин қамоқдан чиққанида эмас. (Агар у уч кунмас, ҳозиргина қамоқдан чиққан тақдирида ҳам   бошқа барча инсонлар каби жўн бир одам бўлганида, кишилар олдида қўлини қовуштириб одатий бир кўринишда ҳозир бўлганда, балки купедошларни бу қадар чўчитмаган бўларди. Аксинча, унда купедошлар Қўноғимизни ўз давраларига бажонидил қўшган, у билан ҳасратлашиб, кифтига қоқиб далда берган бўлишлари мумкинлиги ҳам эҳтимолдан холи эмас.) Ҳамма бало шунда эдики, у барча қатори одам бўлмай - қурмағурнинг маънавий қарашлари жамиятнинг умум тушунчага айланиб кетган номукаммал қоидаларини четлаб ўтган, руҳи эса озод қуш мисоли эркин бир кимса эди. Бундай ички озодликни тасаввур эта олмайдиган маънан қашшоқ одамлар учун энди унинг хавотир, ётсираш олиб келиши, ўз ўзига хослиги билан ўтакаларини ёриши табиий.

Муаллиф асар қаҳрамонини қамоқдан чиқиб келаётган киши сифaтида тасвирлашида ҳам, назаримда зўр бир мантиқий ишора бор. Ҳар ҳолда бу менга суфийлар руҳий камолотга эришиш учун узлатга чекинганини, умуман ҳар қандай инсон ўз руҳини қутқариш учун унга ёлғизлик лозим бўлишини эслатди. Мен минбаъд муаллиф бу билан айнан илоҳиёт йўлини назарда тутиб, фалсафа сўқишни мақсад қилган, демоқчи эмасман. Айтмоқчи бўлганим, бу шунчаки муаллифнинг бошқа асарларида ҳам учраб турадиган одатий заҳархандаси, инсон руҳ эркинлиги кимлар томонидан бўғилишига, инсоннинг маънавий оламини аслида кимлар хароб этишига қилган киноявий ишораси эди, холос. Ахир муаллиф адабий усуллар орқали бош қаҳрамоннинг қамоқда ўтган ҳаёти ҳақида билдирар экан, унинг деворга оҳактош ёрдамида оппоқ осмон парчасини чизганини, йилларни шу оқликка - осмон парчасига талпиниб ўтказганини айтиб ўтади. Бу гапи билан гўёки шу оқлик, осмоннинг шу бир бўлаги аслида қаҳрамоннинг қалбида мавжуд бўлганига имо-ишоралар қилади. Ҳолбуки қаҳрамон шу девор мисолида дунёни оқликдан, покликдан иборат деб билгани, мусаффо қалби билан бунга қаттиқ ишонгани учун турмадан озодликка чиқиб, шу оқликка сингиб кетишни жуда-жуда кутган эди. Унинг одамлар билан муомаласи бир мунча чекланган бўлгани боис ўзидаги поклигу озодликнинг камёб ҳодиса саналишини, бундайин оқлик ва кенглик фақатгина ўзининг тоза тасаввурида бор эканини бечора ҳали билмасди! Бунинг тасдиғини қуйидаги жумлаларда кўриш мумкин: "Шу оқликка термулсам ўзимни кўм-кўк осмонда, оппоқ булутларнинг орасида озод учиб юргандай ҳис қиламан. Термулганим сайин шу оқликка сингиб кетаётгандай бўлавераман. Эҳ, нимасини айтай, ўша деворнинг оққа бўялган бир қулочча жойи мени уч йил омон сақлади, уч йил!.." Фикрнинг давоми сифатида қуйидаги жумлаларга диққат қилинг: "Эҳ! - деди жабрдийда ниҳоят менга ўгирилиб. - Бекорчи нарсаларни гапириб ўтиришимни қаранг. Бунинг ҳаммаси бемаънилик, ўз-ўзини алдаш. Худога шукур энда ҳаммаси орқада, ҳаммаси ўтди. Мен энди озодман! Мен энди озод! Менга энди ҳеч бир оқлик - поклик керак эмас!  Мен энди одамлар орасидаман! Ҳа-ҳа-ҳа..."  

Жон, Бек, Қул... Мен, Сиз, У дегандай...

Шу ўринда эътироф этишни лозим кўраётганим - ўз асарларини тахайюлида яралаган мустаҳкам режа асосида ёзадиган муаллиф ҳикоя қаҳрамонларининг номланиши борасида ҳам ажойибу ғаройиб киноявий галерея яратган. Эслатишим лозим бўлса: купедаги йўловчиларнинг бирининг номи Жон, иккинчисиники Бек, учинчисиники Бой, тўртинчисиники эса Қул эди. Буни қандай тушунмоқ мумкин? Шахсан мен шундай тушундим: бизга маълумки, жамиятнинг эркатойлари - "Жон"лари бўлади; яна ҳукмфармолари - "Бек"лари, тантилари ҳисобланган - "Бой"лари ёки "Қул"лари ҳам орамизда бор албатта. Улар узоқда эмас - ҳаётимизда; шундоққина қаршимизда ва ё... ўз сийратимизда яшаб юрибди. Фикримча, муаллиф ҳам бу рамзий ифодалар ёрдамида бутун жамиятни, бани инсониятни ўз асарига қамраб олишни истаяпти. Ахир минг афсуслар бўлсин, орамиздаги ўша "Жон"лар, "Бек"лар, "Бой"лар... нинг ҳаммаси ҳам асарда очиб берилгани каби қайсидир маънода маҳкум, қайсидир маънода жамият ўзи ўйлаб топган ижтимоий қонунларнинг қулидир!

Хулоса ўрнида

Одатда, бирор дуруст инсон ҳақида гапирганда "ҳақиқий инсон" дея таъкидлайдилар. Бундай инсонни учратганда бениҳоя севинадилар. Мен эса... Мен ўйлаб қоламан. Хафа бўламан, ҳамда ташвишга тушаман. Ахир нима - инсон бирор буюм, матоҳ... дейлик, пулми сохта ё ҳақиқийси бўлса?! Теранроқ назар ташласак, асли биргина шу "ҳақиқий инсон" деган иборанинг ўзиёқ инсоният ўз табиатидан қанчалик узоқлашиб кетганини, ўз ғайри тасаввурининг аллақайси пучмоқларида адашиб юрганини кўрсатиб турибди. Ана энди нима бўлади? У учун асл инсоний хислатлар, туйғу ва кечинмалар шубҳали-ваҳимали бир нарса бўлиб туюлаверади, гўёки "Қўноқ" ҳикоясида тасвирлангани каби...

Юқорида мухтасар сўз юритганим - Луқмон Бўрихоннинг "Қўноқ" ҳикоясидан ҳикматли цитаталар кўчириб бўлмайди. У ўз ўқувчисини ақлига зўр беришга, таъбир жоиз эса кроссворд ечишга минг уриниб, мажбур қила олмайди. Аммо унда қалбимизни жунбишга келтириши, кўнгил қатимизнинг ғижимланиб, эсимиздан чиқиб кетган айрим бурчакларини ёзиб юбориши мумкин бўлган шундай эскирмас ҳаёт ҳақиқатлари беркиниб ётибдики, буни сиз ҳикояни синчиклаб ўқигандагина тушунишингиз мумкин.

 Дарвоқе, мабодо ҳикояни олдин ўқимаган бўлсангизу, энди ўқиб кўрмоқчи бўлсангиз... ўқиб бўлгач, худди менга ўхшаб "МЕН НЕГА БЕЗОВТАМАН ёки НИМАДАН БЕЗОВТАМАН?" деган саволни ўз-ўзингизга албатта беринг. Ишонинг, шунда сиз асарнинг мен айтишга улгурмаган ўта муҳим яна бир жиҳатини кашф этасиз.

Байрам АЛИ

Report typo