Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
15 август, шанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

Ғ.ЯНГИБОЕВ, К.ЯКУБОВ

10.01.2020


ҚОР ҚОПЛОНЛАРИ СОНИ НЕЧТАГА КЎПАЙДИ?

11 январь - Халқаро қўриқхоналар ва миллий боғлар куни

Биринчи марта 1997 йилда ўтказилиб, дунё экологик тақвимидан мустаҳкам ўрин олган ва йил сайин кўпроқ давлатларда нишонлаш урф бўлаётган  11 январь - Халқаро қўриқхоналар ва миллий боғлар куни яшил ҳудудларнинг аҳамиятини яна бир карра бизга эслатадиган санадир. Бутунжаҳон ёввойи табиат жамғармаси таклифи билан ўтказиладиган мазкур экологик санадан  асосий мақсад - давлат ҳимоясига олинган табиий ҳудудларнинг экотизимини, флора ҳамда фаунанинг генофондини сақлаб қолишдир.

Қайд этиш керак, юртимизда табиатни муҳофаза қилишга давлат сиёсати даражасида эътибор берилади. Муҳофаза этиладиган табиий худудлар сифатида Ўзбекистонда айни пайтда 8 та давлат қўриқхонаси,  2 та миллий боғ, 1 та экомарказ, 1 та биосфера резервати, 10 та давлат буюртмахонаси, 5 та табиат ёдгорлиги ҳудудлари   фаолият кўрсатаётган бўлиб, уларнинг умумий майдони 23,5 минг квадрат километрни ташкил этади. Бу жойларда миллий ҳамда халқаро "Қизил китоб"ларга киритилган, йўқолиш эҳтимоли бор, наботот ва ҳайвонот турлари давлат муҳофазасига олинган.

Улардан бири Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тасарруфидаги, Марказий Осиёда ҳудудий жиҳатдан энг катта, табиати эса бетакрор биохилма-хилликлар макони бўлмиш Ҳисор давлат қўриқхонаси ўз фаолиятини бошлаганига ярим асрга яқинлашаяпти. Ўтган давр ичида илмий изланишлар, ҳудудни қўриқлаш ва барқарор экотизимлар сақланишини ташкиллаштириш борасидаги ташкилий ишлар натижасида флора ва фауна вакилларининг барқарор кўпайишига эришилди.

Айни пайтда қўриқхона ҳудудида флора вакилларининг 2500 дан ортиқ тури мавжуд бўлиб, ҳозиргача 970 турининг систематик мансублиги, 30 тури эса Ўзбекистон "Қизил китоб"ига киритилгани ва умуртқали ҳайвонларнинг 170 тури (ушбу турлар республикамизда учрайдиган  фауна вакилларининг 25 фоиздан кўпроғини ташкил этади) аниқланган. Қўриқхона ҳудудида балиқларнинг 2 тури, 2 турдаги амфибия, яъни сувда ва қуруқликда яшовчи, 19 турдаги судралиб юрувчилар, 116 турдаги қушлар,  31 тур сут эмизувчи ҳайвонлар бор. Улардан 9 тури, яъни қор қоплони, Туркистон силовсини, оқ тирноқли қўнғир айиқ, қизил суғур, Ўрта Осиё қундузи, ўрмон олмахони, катта такабурун, кичик такабурун ва оқ қоринли ўққулоқ кўршапалаклари, қушлар синфига мансуб етти тур - тасқара, болтаютар, қумой, оқ бошли қумой, бургут, қора лайлак, лочин ва балиқлар синфига мансуб Амударё гулбалиғи сингари 17 турдаги ноёб, йўқолиб кетиш хавфи остидаги фауна вакиллари Ўзбекистон Республикасининг "Қизил китоб"ига киритилган.

Қўриқхона ҳудудида умуртқасиз ҳайвонларнинг 950 тури мавжуд бўлиб, улар 143 оила ва 20 туркумга мансуб. Шунингдек, қўриқхона ҳудудида қушларнинг 116 тури учрайди. Уларнинг 60 тури ҳудудда доимий яшовчи ва 56 тури миграция даврида учиб ўтувчи қушлар тоифасига мансуб. Судралиб юрувчи ҳайвонларнинг эса 17 тури учрайди, улар 2 та оилага мансуб.

Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, БМТ Тараққиёт дастури (UNDP) ва Глобал экологик   жамғарма томонидан молиялаштирилган "Глобал аҳамиятга эга бўлган биохилма-хилликни муҳофаза қилишда  муҳим бўлган тоғли ҳудудлардаги ўрмонлардан барқарор фойдаланиш ва бошқариш" лойиҳасидан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистондаги баланд тоғ экотизимларидаги табиий ресурсларни ҳимоя қилиш ва улардан фойдаланишга кўмаклашишдир. Қор қоплонларини асраб-авайлашга, уларнинг сонини кўпайтиришга қаратилган лойиҳа маблағлари ҳисобидан Ҳисор давлат қўриқхонасида мавжуд бўлган дала амалиёти ва қўриқлаш бўлими ходимларининг Мираки, Танхоздарё ва Қизилсув бўлимларидаги уй хоналари қайта таъмирланиб, қуёш нури ва шамолдан электр энергия ишлаб чиқарувчи замонавий ускуналар билан жиҳозланди. Шунингдек, улар мавсумий илмий назорат, ҳудудни қўриқлаш ва кузатиш ишларини амалга ошириш, қўриқхона тартиб-қоидалари бузилмаслигини таъминлашда қўл келадиган оёқ кийимлари, иссиқ  мавсумий кийим-кечаклар, ухлаш қоплари, мавсумий дала амалиётида ишлатишга мўлжалланган енгил-ихчам палаткалар, янги замонавий кузатиш-қўриқлаш техникалари, шунингдек, ягона тизимда ишлайдиган алоқа воситалари каби техник жиҳозлар билан таъминланди.

Қўриқхонанинг илмий ва қўриқлаш бўлими ходимлари билан янги тизимдаги "Смарт ўқув дастури" - "Барс" тезкор гуруҳлари ташкил этиш бўйича ўқув-семинарлар ташкил этилиб, ҳар бирига махсус қўлланмалар тақдим этилди.

Амалга оширилган ижобий ишлар қўриқхонада олиб борилаётган илмий, кузатув ва қўриқлаш фаолиятида ўз самарасини бериб, 2019 йилда    ўтказилган кузги ҳисобга олишда ҳайвонот олами вакилларининг Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи "Қизил китоб"ига киритилган қор қоплони 4, қизил суғур 306, қора ғажир 6 тага, Ўзбекистон "Қизил китоб"ига киритилган қўнғир айиқ 8, Туркистон силовсини 8, Ўрта Осиё қундузи 4, болтаютар 3, бургут 4 тага, бошқа фауна вакилларидан эса, қуён 100, тулки 70, тўнғиз 45, тоғ эчкиси 167, бўри  16, каклик 548, ҳилол-Ҳимолай тоғ куркаси 60 тага кўпайгани аниқланди.

Она табиат бор гўзаллиги ва бой оламини намоён қилиб турган бундай мўъжизакор гўшалар ҳайвонот ва ўсимлик дунёси, умуман, табиатни авайлаб-асраш, уни муҳофаза қилишда жуда муҳим. Шундай экан, бу каби табиий ҳудудларнинг кўпайтирилиши ҳар бир ҳудуд экотизимининг йил сайин яхшиланиб боришига ҳисса қўшади.

    Ғ.ЯНГИБОЕВ, 

Ҳисор давлат қўриқхонаси директори

   К.ЯКУБОВ,

     илмий ходим

Report typo