Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • Ҳосил тайёр бўлаяпти, хом ашё қабул қилиш масканларида эса иш ўлда-жўлда

Ойбек ҲАКИМОВ

27.08.2021


Ҳосил тайёр бўлаяпти, хом ашё қабул қилиш масканларида эса иш ўлда-жўлда

Пахта – 2021

Мана, навбатдаги пахта йиғим-терими мавсуми бошланишига ҳам саноқли кунлар қолди. Одатда, мамлакатимиз саноати учун стратегик хом ашё саналадиган “оқ олтин”ни саранжомлаб олишга пухта ҳозирлик кўрилади.

Хўш, бугун бу борадаги ишлар қай босқичда? Бу гал Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси инспекторлари томонидан пахта тозалаш корхоналари ва пахта қабул қилиш масканларининг мавсумга тайёргарлик ҳолати ўрганилди.

Шу ўринда қайд этиш жоиз, жорий йилда вилоятда 448 минг тонна пахта хом ашёси сотиш юзасидан етиштирувчилар билан контрактация шартномалари тузилган. Жами ҳосил тўлиқ пахта тўқимачилик кластер корхоналари тасарруф қиладиган 50 та пахта қабул қилиш масканида йиғилиши керак.

Аммо, ўзига қарашли пахта қабул қилиш масканлари етарли ёки мавжуд бўлмаган кластер корхоналари томонидан ҳудудлардаги мавжуд қабул пунктлари билан ижара шартномалари тузилмаган ёхуд олди-сотди ишлари ҳамон якунига етказилмаган.

Мисол учун, тегишли ҳужжатларда Қарши туманидаги “Sulton tex group” МЧЖга қарашли “Корхона қоши”, “Қовчин”, “Талликурон” пахта қабул қилиш масканлари “Qarshi Agrocluster” MЧЖ (“Корхона қоши”) ва “Beshkent Agrocluster” МЧЖга (“Қовчин”, “Талликурон”); Касби туманидаги “Indorama Agro” МЧЖ XKга қарашли “Ғалаба”, “Месит” пахта қабул қилиш масканлари “Kainvest Claster” МЧЖ (Месит) ва “Nahshab tex group”МЧЖга (“Ғалаба”); ҳозирда Давлат активларини бошқариш агентлиги тасарруфида бўлган Муборак туманидаги “Хитой”, “Қарлиқ”, “О.Қўзибоев” пахта қабул қилиш масканлари “ЕМГ ИНТЕР ИНВЕСТМЕНТ” хусусий корхонаси ҳисобига ўтказилиши белгиланган бўлса-да, бу ишлар ҳануз охирига етказилмаган. Натижада уларда мавсумга тайёргарлик ишлари кечиктириб юборилган.

Бундан ташқари, Косон туманидаги “Кosоn baxt Textile” МЧЖга қарашли “Гулбоғ”, “Сурхон”; Миришкор туманидаги “Litai Textile Oversias” хусусий корхонасига қарашли “Гулистон”, Нишон туманидаги “Indorama Agro” МЧЖ XKга қаршли “Навруз”, “Ойдин” “Пахтазор”; Қамаши туманидаги “Qamashi Textile” МЧЖга қарашли “Чим”, “Қоратепа”; Касби туманидаги “Kainvest Claster”МЧЖга қарашли “Месит”, “Nahshab tex group” МЧЖга қарашли “Ғалаба” пахта қабул қилиш масканларида кичик механизация воситалари (ПЛ, таранспортёрлар, ҳаво пуркаш вентиляторлари ва РБХ)нинг бирортаси ҳам таъмирланмаган, лаборатория, тарозихона, намуна олиш жойлари, фермерлар хонаси, ғарам майдончаларини таъмирлаш ишлари қониқарсиз даражада олиб борилмоқда.

Шунингдек, Қарши туманидаги “Qarshi Agrocluster” MЧЖ, “Beshkent Agrocluster”МЧЖ, “Cluster Hilol” MЧЖ; Муборак туманидаги “ЕМГ ИНТЕР ИНВЕСТМЕНТ” хусусий корхонаси; Косон туманидаги “Кosоn baxt Textile” МЧЖ; Қамаши туманидаги “Qamashi Textile” МЧЖ, “Оq saroy Textile” МЧЖ; Миришкор туманидаги “Mirishkor tekxtil group klaster” MЧЖ томонидан ўлчов ва хом ашё сифат кўрсаткичларини аниқлаш ускуналари қиёслов кўригидан ўтказилмаган, тегишли сертификатлар олинмаган.

Аниқланган ушбу ҳолатлар юзасидан вилоятдаги пахта тўқимачилик кластер корхоналарига камчиликларни бартараф этиш тўғрисида кўрсатмалар берилиб, вилоят ва туман ҳокимликларига маълумотлар киритилди.

Ойбек ҲАКИМОВ,

 “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси катта инспектори

 

 

Report typo