Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 апрел, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

12.11.2019


ҲОСИЛНИ ҚИШДА ҲАМ ПАЛАГИДАН УЗИШАДИ

Аграр соҳада инновацион ёндашувнинг кенг қулоч ёйгани "пишиқчилик мавсуми" деган тушунчани бир қадар четга суриб юборди, чамамда. Чунки биз йилнинг аниқ бир палласида ҳосилини теришга ўрганган айрим меваю сабзавотлар илғор тажрибаларга таянилган ҳолда ноанъанавий муддатларда етиштирилаяпти.

 Косон туманининг Янгиобод маҳалласида яшовчи Ҳотам Боқиев иссиқхона қуриб, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйишни мақсад қилган эди. Унинг ташаббуси маҳаллий ҳокимлик ва масъул ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланиб, фуқарога фаолият бошлаши учун зарур бўлган 56 сотих ер майдони ажратиб берилди. Тижорат банки томонидан "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури асосида тақдим этилган 200 миллион сўм имтиёзли кредит эса унинг лойиҳани қисқа муддатда амалга оширишига замин яратди.

 - Ушбу маблағнинг бир қисмига термос усулида иситиладиган 36 сотихлик иссиқхона барпо этганмиз, - дейди у.  - Унда ортиқча сарф-харажатларсиз бодринг парваришладик. Айни пайтда ҳосил етилиб, бозорга чиқаришни ҳам бошлаганмиз. Насиб этса, ана шу ернинг ўзидан яхшигина даромадни мўлжаллаб турибмиз.

Ташаббускор ўз ихтиёридаги қолган 20 сотих майдонда имкониятдан унумли фойдаланган ҳолда махсус иситиш тизимига эга, замонавий иссиқхона барпо этган. Ҳозир бу ерда помидор кўчатлари парваришланаяпти. Айтишларича, январь ойи ўрталаридан унинг ҳам ҳосили тайёр бўла бошлайди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Суратда: ишчи Назира Эргашева.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo