Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ш.МУҲАММАДИЕВ

20.12.2019


ОТА-ОНА ЎЗ ФАРЗАНДИНИ ПУЛЛАМОҚЧИ БЎЛДИ

Одам савдоси

Одатда ота-она фарзанд дунёга келса, Яратганнинг инъоми сифатида қабул қилиб, шукрона айтади. Боласига бутун меҳрини бериб, уни камолга етказади, таъминотию тарбиясига ҳаётини бағишлайди.

Бироқ, орамизда ўткинчи ҳою ҳавас, пул, мол-дунё илинжида ўз фарзандидан воз кечишга тайёр инсонлар ҳам учраши ачинарлидир.

1991 йилда Қарши шаҳрида туғилган Маъсуд Фозилов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 1995 йилда Қарши туманида туғилган Нигина Асадуллаева билан шаръий никоҳдан ўтиб, ўз никоҳларини қонуний расмийлаштирмасдан яшаб келган. Жорий йилнинг 5 июнь куни эса оилада ўғил фарзанд туғилади.

Янги туғилган чақалоқнинг йиғиси, беғубор табассуми ота-онага чексиз бахт, поёнсиз орзу-умидлар бахш этиши шубҳасиз. Аммо Маъсуд ва Нигина ўз фарзандининг юзига термулар экан, уни қанчага пуллаш мумкинлиги ҳақида ўйлар, ҳатто харидор қидиришга ҳам тушиб кетишганди.

Орадан кўп ўтмай "харидор" топилди. "Мижоз" 1000 АҚШ доллари берадиган, ота-она эса чақалоқни унинг қўлига тутқазадиган бўлишди.

Келишилган куни Маъсуд ва Нигина чақалоқни айтилган жойга олиб борди. Айни пайтда улар чўнтагига киражак пулни, уни қандай сарфлашни ўйлаб, ширин хаёлга берилганди. Аммо келишилган суммани олишлари билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари келиб қолиб, воқеага изоҳ талаб қилиши...

Улар хато қилганини англаб, қайта-қайта ўз пушаймонликларини баён этишди. Лекин энди қилмишларига яраша қонуний жазо олишга маҳкум эдилар.

Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган 11 ойи давомида вилоятимизда одам савдоси билан боғлиқ 4 та ҳолат аниқланган. 6 нафар фуқаро ушбу жиноятларни содир этганликда    айбланиб, жавобгарликка тортилган. Уларнинг 5 нафари меҳру вафо, садоқат ва матонат тимсоли бўлмиш аёлларимиз экани эса янада ачинарлидир.

Ш.МУҲАММАДИЕВ,

вилоят ИИБ жиноят қидирув бўлими ходими

 

Report typo