Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 апрел, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

12.05.2020


ОТИЛМАГАН ЎҚНИНГ КАСОФАТИ

Қилмиш-қидирмиш

Айтилган сўз - отилган ўқ, дейдилар. Бири қалбни, бири танни жароҳатлагани, мўлжалга аниқ бориб етгани учун шундай қиёс қилинади. Бироқ, вақтида айтилмаган сўз ҳам оғир оқибатларга олиб келгани каби отилмаган ва аслида ҳеч қачон отилиши керак бўлмаган ўқ-да кўп кулфат келтириши мумкин экан. Бешкентлик Бобур Абдиҳалимовда шундай бўлди.

1992 йилда Қарши туманида туғилган Бобур йигит ёшига етаркан, холасининг ўғлига эргашиб, ишлаш мақсадида Россияга отланди. Москвага бориб, автомобилларни ювиш шохобчасига ишга жойлашди. Йўл-кўчани билиб олгач, ора-сира юртга ҳам келиб, Бешкентдаги "мойка"да 3 ой ишлаб ҳам кўрди. Яна кетди. Бу орада отаси қазо қилиб, унинг жанозасига келди, падарини ерга қўйди. Бир неча кундан кейин яна Россияга йўл олди.

Ишлаб юраркан, рус миллатига мансуб, ўрта ёшлардаги Александр исмли киши машина ювдиришга келди. Ювиш пайтида автомобиль салонидан 2 дона 7,2 миллиметр калибрли ўқ (патрон) топиб олиб, буни Александрга айтганида, машина эгаси овчиликка қизиқишини, бундан ёввойи чўчқани отишда фойдаланишини билдириб, телефонидаги отиб ўлдирилган жониворлар суратларини кўрсатади. Нимани ўйлаб, хаёл қилгани ўзига аён - шунда Бобур Александрдан шу ўқларни совға қилишини сўрайди. "Нима қиласан?" деган жавобга сувенир сифатида олиб юришини маълум қилади.

Александр эса ўқнинг биттасини тутқазаркан, "Агар икковиниям берсам, қўлга тушиб қолсанг, жиноий жавобгарликка тортади, биттасини олиб юрсанг, маъмурий жавобгарлик қўллайди", дейди ҳожатбарор бир тарзда.

Шу орада Бобур опаси турмушга чиқаётганини эшитиб, 2019 йил 30 октябрь куни Москвадан Қаршига учиб келади. Табиийки, ўқ ҳам ёнида, аниқроғи, сумкасининг ичида эди. Қарангки, буни аэропортда турган божхоначилар ҳам текширув давомида билишмайди.

Тўй ўтиб, 3 ноябрда ўша сумкани кўтариб яна Москвага учиб кетиш учун Қарши халқаро аэропортига келганида, кириш эшиги ёнида турган ИИБ ходимлари назоратидан ҳам, рентген аппаратида текширув ўтказган божхона назоратидан ҳам ўтади - унда тақиқланган ашё борлиги аниқланмайди.

Фақат самолётга чиқиш олдидан сўнгги - ҳаво парвозлари хавфсизлигини таъминлаш назорат пунктидан ўтаётган вақтда ДХХ ходимлари унинг қўл сумкасида қандайдир    шубҳали буюм борлигини пайқаб қолишади.

Экспертиза хулосасига кўра, Бобурнинг ёнидан топилган отишга яроқли ўқ ов қуролларининг штатли патрони ҳисобланиб, Барнаулдаги патрон заводида саноат усулида ишлаб чиқарилган.

Ушбу ҳолатга изоҳ бераркан, Бобур ўқни совға сифатида олгани, ҳар замонда шунчаки ўйнаб, кейин сумкасига солиб қўйгани, шу билан эсидан чиқиб кетганини билдирди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2013 йил 6 сентбрдаги "Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ва контранбандага оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида"ги қарори 2-бандида товарларни божхона чегарасидан ўтказиш тартиби Божхона кодекси ва бошқа қонун ҳужжатлари билан қатъий белгиланиши, ушбу тартибни бузган ҳолда товарларни божхона чегарасидан ҳар қандай тарзда ўтказиш қонунга хилоф саналиши қайд этилган.

Қарорнинг яна бир банди товарларни олиб кириш ёки олиб чиқиш (чиқариш), уларни танланган божхона режимига жойлаштириш, божхона тўловларини ҳисоблаш ва ундириш тўғрисида қарор қабул қилиш учун зарур бўлган товарлар ҳақидаги маълумотларни божхона декларациясида қасддан баён қилмасликни назарда тутади.

Жиноят кодексининг 246-моддасига мувофиқ, божхона назоратидан яшириб, қурол-яроғ, ўқотар қурол ёки ўқ-дориларни Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан ўтказиш контрабанда таркибини ташкил этади.

Суд мазкур нормаларни кўриб чиқаркан, Бобурнинг қилмишига иқрорлиги ва пушаймонлиги, ёшлиги, қарамоғида нафақахўр онаси борлиги, жиноят орқасида оғир оқибат мавжуд эмаслигини жазони енгиллаштирувчи ҳолат, жазони оғирлаштирувчи ҳолатларни эса мавжуд эмас, деб топди.

Бобур Абдиҳалимов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 246-моддаси 1-қисми ва 248-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, ўша пайтда амалда бўлган энг кам ойлик иш ҳақининг 70 баравари миқдорида, яъни 15 миллион 610 минг сўм жарима жазоси тайинланди.

Тўғри, ёшлик - ғўрлик, билиб-билмай хатога йўл қўйиш мумкин. Лекин инсонга онг берилган, қилаётган ишини таҳлил қилиш учун фикрлаш имконияти туҳфа этилган. Бобур россиялик кишидан патронни беришини сўраркан, "уни нима қиламан?"деган саволни ўзига берганида ва топган жавоби мантиқан жўяли кўринганида, балки жазога тортилмасди. Ҳар қадамини ўйлаб босганида, аввало, ўша ўқни сўрамаган, олгандан сўнг эса ундан наф йўқлигини билгач, ташлаб юбориши ҳам мумкин эди. Аммо бундай қилмади...

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo