Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Азизбек НОРОВ

22.02.2017


ҒОЯ + ЛОЙИҲА = ТЕХНОЛОГИЯ

Аввало ҳар қандай ғоя инсон тафаккурида, унинг хаёлот дунёсида пайдо бўлади. Уни жорий қилиш учун лойиҳа ишлаб чиқилади, яъни ғояни ҳаётга татбиқ этиш имкониятлари аниқ рақам ва ўлчамларда ҳисобланади. Масалан, хомашё етарлими, мазкур лойиҳа келажакда қандай самара беради, кутилаётган натижалар қай даражада, қолаверса, кадрлар масаласи-чи? Хуллас, барчаси чамалаб кўрилади. Шу асосда эса янги технология вужудга келади.

Эътиборлиси, Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда бу борада самарали ишлар амалга оширилаяпти. Фан ва техника ютуқлари ишлаб чиқаришга кенг жорий этилаяпти. Ишлаб чиқаришни техник ва технологик жиҳатдан узлуксиз янгилаб бориш,  доимий равишда ички имконият ва захираларни излаб топиш, иқтисодиётда чуқур таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, саноатни модернизация қилиш ишлари қизғин  кечаяпти. Энг муҳими, бу жараёнда сўнгги йилларда олий таълим муассасалари олиму тадқиқотчилари томонидан яратилган инновацион лойиҳалар, ишланмалар бир қатор соҳаларда муваффақиятли  қўлланилиб, улар кутилганидай иқтисодий самара бераяпти.

Айтиш жоиз, ўтган йили Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг бир гуруҳ олим ва тадқиқотчилари 2015-2016 йилларга мўлжалланган илмий-техника дастурлари доирасида “Флотацион калий хлориддан гидроксид, сульфат ва нитрат калий ишлаб чиқариш технологияларини яратиш” мавзусидаги грантни қўлга киритишганди. Бугунги кунда эса бу борада самарали ва жадал илмий изланишлар олиб борилмоқда.

- Тадқиқотнинг асосий мақсади - “Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи” унитар корхонасида флотация усулида олинаётган калий хлоридни  қайта ишлаш ва бу орқали давлат андазалари талабларига мос келадиган, юқори қўшимча қийматга эга,   экспортбоп ҳамда импорт ўрнини босадиган калий нитрат, сульфат ва калий гидроксид олиш технологиясини жорий этиш, - дейди лойиҳа раҳбари, институт тадқиқотчиси    Худоёр Раҳматов. – Шунингдек, лойиҳанинг асосий вазифаларидан бири – мазкур технологияни тажриба-саноат ускунасида синовдан ўтказиш жараёнларида оптимал технологик омилларини аниқлаш ва улар асосида зарур меъёрий-техник ҳужжатларни яратиш ҳамда ишлаб чиқаришга татбиқ этишга таклиф қилиш.

Хўш, калий хлоридни қайта ишлаш орқали олинадиган калий нитрат, сульфат ва калий гидроксид ўғитлари қайси соҳалар учун зарур? Аввало, айтиш жоиз, мазкур ўғитлар саноат ва ишлаб чиқариш учун жуда муҳим саналади. Хусусан, улар шиша маҳсулотлари, гугурт, суюқ совун, ишқорли аккумулятор ишлаб чиқаришда ва яна бошқа бир қатор соҳаларда жуда керакли ва муҳим хомашё ҳисобланади.

- Лойиҳа доирасида 2015 йилда калий нитрат ва калий сульфат  олишнинг ишлаб чиқариш шароитини такрорлайдиган тажриба модель ускунасининг конструкцияси  ишлаб чиқилди, - дейди Худоёр Раҳматов. – Бундан ташқари, маҳсулот олишда зарур бўладиган хомашёларнинг таркиби физик-кимёвий таҳлил қилинган, ушбу жараённинг технологик омилларининг оптимал шароитлари аниқланган. Шунингдек, бугунги кунда дастлабки ютуқ ва натижалар ҳам кўзга ташланмоқда.

Тадқиқотчи яна бир инновацион лойиҳа устида иш олиб бораяпти. Мазкур лойиҳа  иссиқлик энергияси сарфини камайтириш, газ чиқиндилари, ҳаво ва озиқ-овқат маҳсулотларини тозалаш мақсадида нефть-газ ҳамда озиқ-овқат саноатида қўлланиладиган изоляцияловчи мосламалар ва турли хилдаги фильтрларни ишлаб чиқариш ва уларни қўллашга йўналтирилгани билан аҳамиятли. Мисол учун, бизда иситиш тизимларида қувурдаги ҳароратни сақлаб туриш учун қувур шишали момиқ билан ўралади. Мазкур материал эса юртимизга хориждан импорт қилинади. Тадқиқотчи таклиф этаётган лойиҳадаги изоляцияловчи материал маҳаллий хомашёдан тайёрланади ва импорт ўрнини босади. Энг муҳими, арзон ва сифатли изоляцияловчи материал эвазига валютани тежаш имкони туғилади.

Худоёр Раҳматовнинг шогирдларидан бири Лазиз Сатторов маҳаллий хомашёни қайта ишлаш ва турли хилдаги фильтрларни тайёрлашнинг самарали технологиясини ишлаб чиқиш бўйича изланиш олиб бораяпти.

- Бугунги кунда суюқлик ва атмосферага чиқариб юбориладиган газларни тозалаш учун хориждан олиб келинаётган кўплаб фильтрлар ишлатилмоқда, - дейди у. – Бу фильтрлар эса катта маблағ эвазига келтирилади. Шу боис, юртимизда бу борада нисбатан арзон ва кам харажатли технологияларни ишлаб чиқиш, маҳаллий хомашёдан турли соҳаларда қўлланадиган, ички ва ташқи бозорда рақобатбардош саноат фильтрларини тайёрлаш ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш жуда муҳим ва долзарб масала саналади. Агар ўзимизда маҳаллий хомашёдан фильтрлар ишлаб чиқаришни жорий этсак, бу нафақат маблағни тежайди, балки технологик ва экологик муаммоларни ҳал қилишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Изланувчининг айтишича, мазкур инновацион лойиҳаси янгилик бўлиб, унинг лаборатория қурилмаси тайёрланган ва бу борада тадқиқотлар олиб борилмоқда. Ўз  навбатида, ишланманинг дастлабки натижалари олинган.

Эътибор берсангиз, теварак-атрофда, катта йўл ёқаларида юк ва енгил автомобилларни ювиш шохобчалари – “мойка”лар кўпайиб қолган. Уларда ишлатилган сув оқизиб юборилади. Ёш тадқиқотчининг инновацион лойиҳаси эса мазкур ва саноатда фойдаланиладиган сувни фильтрлаш, яъни тозалаш орқали қайта ишлатиш имконини топишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятли.

Бугунги кунда ишлаб чиқаришда илмий ҳажмдор, юқори самарали ишланмалар, илғор инновацион технологияларни татбиқ этмасдан юқори самарадорликка эришиш мушкул. Шу боис мамлакатимизда илмий-техникавий салоҳиятни ривожлантириш ва унинг ютуқларидан оқилона фойдаланиш масалаларига жиддий эътибор қаратилаяпти. Ўз навбатида бу фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини юзага келтириб, иқтисодиётни модернизация қилиш, энг муҳими, халқимиз турмуш фаровонлиги ошишига хизмат қилаяпти.

Азизбек НОРОВ

Report typo