Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

24.11.2020


Пақилдоқ сотаман, деб 1 миллион 115 минг сўм жарима тўлади

Қиш мавсуми бошланаркан, кўча-кўйда болалар томонидан турли пиротехника воситаларидан фойдаланиш ҳоллари кўпаяди. Унинг аянчли оқибатлари, болаларимиз соғлиғига таъсири барчамизга маълум. Бу ўз навбатида тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини ҳам сергакликка чорлаши керак. Сабаби, айнан шу даврда пиротехника воситаларининг божхона чегараларидан ноқонуний олиб ўтилиши ҳамда ноқонуний тарздаги савдоси кучаяди.

Пиротехника воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш, аниқлаш, айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш ҳамда аҳоли орасида тушунтириш ишларини янада кучайтириш юзасидан чора-тадбирлар амалга ошириб келинаётганига қарамасдан, ушбу йўналишда ҳуқуқбузарлик ҳолатлари содир этилаяпти.

Хусусан, вилоят ИИБдан хабар беришларича, Қарши шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан ўтказилаётган “Хавфсиз ҳудуд” махсус тезкор профилактик тадбири давомида Қарши шаҳар Табассум маҳалласида яшовчи Ж.Ш. қонунга хилоф равишда пиротехника воситаларини “Ерқўрғон” деҳқон (озиқ-овқат) бозорида сотаётгани аниқланди.

Натижада мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Қарши шаҳар маъмурий суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 185-моддаси 1-қисми билан базавий ҳисоблашнинг 5 баравари миқдорида, яъни 1 миллион 115 минг сўм жарима жазоси тайинланди.

Айтиш ўринли, қишки мавсум, қолаверса, Янги йил байрами турли пақилдоқлар, пиротехника воситаларисиз ҳам зўр ўтади. Улардан фойдаланмаслик содир бўладиган кўплаб нохушликларнинг олдини олади. Бунда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қаторида ҳар бир ота-она, маҳалла-кўй, таълим муассасалари мутасаддилари бирдек масъулдир.

Report typo