Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

15.03.2018


"ПАРВОЗ" ПАРВОЗИНИ БОШЛАДИ

Айниқса, хусусий мактабгача таълим муассасалари ташкил этишга рухсат берилгани, бу фаолият билан шуғулланиш истагидаги кичик бизнес вакилларига яратиб берилган кўплаб имкониятлар ҳам соҳа ривожида муҳим ўрин тутмоқда. Жумладан, мактабгача таълим муассасаси фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган тадбиркорларга фойдаланилмаётган давлат объектларининг "ноль" харид қийматида берилаётгани, имтиёзли кредитлар ажратиш, электр энергияси ва бошқа тўловлар бўйича имтиёзлар тақдим этилгани ишбилармонларни фаолликка чорлаяпти.

Тадбиркор Элмира Ҳасанова ҳам ушбу имкониятлардан самарали фойдаланиб, Касби тумани Нуробод маҳалласи ҳудудида "Парвоз" хусусий мактабгача таълим муассасасини ишга туширди.

- Президентимиз томонидан мактабгача таълим тизимида хусусий секторнинг иштирокини ошириш, уларни бу борада ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, имтиёзлар яратиш борасида олиб борилаётган ишлар мени ҳам ушбу лойиҳани амалга оширишга илҳомлантирди, - дейди Элмира Ҳасанова. - Шундан сўнг ҳудуддаги бўш турган бинони мактабгача таълим муассасасига айлантириш ташаббуси билан чиқдим. Бир вақтлар маҳалла идораси бўлган ва кейинчалик фойдаланилмай келинаётган бинода давлат хусусий шериклиги асосида боғча ташкил этдик.

100 ўринга мўлжалланган муассасада айни дамда 88 нафар болажон таълим-тарбия олмоқда. Улар билан 15 нафар педагог ва тарбиячилар ишлаяпти.

 

- Муассасамиз инглиз ва рус тилларига ихтисослашган, - дейди боғча мудираси Ноила Ҳасанова. - Шу мақсадда таълим-тарбия ишларига малакали мутахассисларни жалб этганмиз. Қолаверса, шахмат-шашка, мусиқа, бадиий гимнастика тўгараклари ишлаб турибди. Барча машғулотлар болаларнинг кун тартиби инобатга олинган ҳолда, белгиланган график асосида олиб борилади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

* * *

Суратларда: мактабгача таълим муассасаси фаолиятидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

 

 

Report typo