Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

10.01.2020


"ПИНК ПАРАДАЙЗ"НИНГ 100 ФОИЗИ ЭКСПОРТГА ЖЎНАТИЛМОҚДА

Аграр сектор

Бугун юртимизда гидропоника усулида маҳсулот етиштириш тобора оммалашиб бормоқда. Бунда экин тупроқсиз, махсус жиҳозланган иссиқхоналарда, сувда эритилган озуқа моддалари ёрдамида парваришланади. Бундай шароитда ўсимликни зарур бўлган намлик, иссиқлик, ёруғлик, тоза сув, макро ва микро озуқа элементлари билан таъминлаш сунъий равишда амалга оширилади. Натижада экинда фотосинтез жараёни фаоллашиб, жадал ўсиб-ривожланиши ва мўл ҳосил беришига эришилади.

Мутахассисларнинг қайд этишича, анъанавий иссиқхона шароитида бир туп помидор кўчати ўртача 3 килограмм ҳосил берса, гидропоника усули қўлланганда бу кўрсаткич 12 килограммгача етади. Бу гидропониканинг самарадорлиги оддий иссиқхоналарга қараганда 3-4 баробар юқори деганидир.

Қарши туманидаги "Жаҳон Машҳур Висола" масъулияти чекланган жамияти ҳам гидропоника усулида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштираётган субъектлардан бири саналади. Корхона таъсисчилари ўтган йили қиймати 1 миллион 350 минг АҚШ долларига тенг лойиҳани амалга ошириб, 2,5 гектар майдонда замонавий иссиқхонани қуриб битказишган эди. Туркия технологияси асосида барпо этилган мазкур "ёпиқ томорқа"да айни пайтда помидор ғарқ пишган.

- Помидорнинг жаҳон бозорида жуда харидоргир "Пинк парадайз" навини экканмиз, - дейди жамият иш юритувчиси Муҳриддин Камолов. - Бу нав ўзининг серҳосиллиги ва етилган меваларининг чидамлилиги билан ажралиб туради. Иссиқхонани биринчи мавсум ишлатаётганимизга қарамай, ҳозирги кунда кунига ўртача 2 тоннадан ошириб ҳосил олаяпмиз. Бу ойига 60-70 тонна, мавсум давомида эса қарийб 400 тоннага яқин маҳсулот сотамиз, деганидир. Етиштирилган маҳсулотнинг 100 фоизи хорижга экспорт қилинмоқда.

Эътиборли жиҳати, мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида ҳудуддаги 40 нафар кишининг доимий иш билан бандлиги таъминланган. Уларнинг аксарияти ёшлар эканлиги янада аҳамиятлидир.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Report typo