Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

25.08.2020


"Qashqadaryo Eko Trans" МЧЖ банкротлик ёқасига келиб қолдими?

2020 йил 21 август ҳолатида аҳолининг чиқиндини тўплаш ва ташиб кетиш хизматидан бўлган қарздорлиги  5 миллиард 153 миллион сўмни ташкил этмоқда.

Бу ҳақда "Qashqadaryo Eko Trans" МЧЖ директори Х.Нурқуловнинг "Qashqadaryo" газетаси 2020 йил 18 август сонидаги "Чиқинди ташиб кетилиши учун доим  танқид чиқиб туриши керакми?" ҳамда "Адолат кучи" газетасининг 15 август сонидаги "Чиқ энди", деб чиқиндини чиқара олмасак" сарлавҳали мақолаларига билдирган муносабатида айтиб ўтилган.

Қайд этилишича, бугунги кунда жамият томонидан Қарши шаҳридаги 61 маҳалла, 56 минг 666 та хонадон, 185 минг 183 нафар фуқарога хизмат кўрсатиб келинмоқда.

Ҳозирда жамиятда бир қанча муаммолар вужудга келиб, ташкилот банкротлик ёқасига келиб қолиш эҳтимоли бор. Бунга банк-кредит фоизларидан қарздорлик ўсиб бораётгани, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари нархининг юқорилиги, шу билан бирга, аҳоли томонидан кўрсатилаётган хизмат учун тўловлар ўз вақтида тўлаб берилмаётгани сабаб бўлмоқда. Аҳолининг қаттиқ маиший чиқинди учун тўловлари бир ойлик режаси ўртача 800 миллион сўмни ташкил қилса-да, жамиятга аҳолидан тушадиган пул тушуми режанинг 50 фоизини ташкил қилмоқда.

Бундан ташқари, Қарши шаҳрида 4 мингга яқин  юридик ташкилот  мавжуд бўлиб, улардан жамият билан шартнома тузганлар сони 400 тага яқин. Юридик ташкилотларнинг чиқинди тўловларидан қарздорлиги 700 миллион сўмни ташкил қилади.

Мутасаддининг билдиришича, мазкур ҳолатлар маиший чиқиндиларни тўплаш ва ўз вақтида олиб чиқиб кетиш бўйича самарали хизмат кўрсатилишига тўсқинлик қилмоқда. Қолаверса, ана шундай омиллар натижасида жамиятнинг 200 нафардан ортиқ ишчи-хизматчилари ишсиз қолиб, корхона банкрот бўлиши мумкин.

Report typo