Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ЖЎРАЕВ

05.01.2017


РИО СОВРИНДОРЛАРИ ЯНА БИР БОР ТАҚДИРЛАНДИ

Куни кеча Муборак тумани марказидаги “Баҳром Вафоев” номли стадионда ташкил этилган тантанали маросим эса Паралимпия ўйинларида спортнинг сузиш баҳсларида муваффақият қозониб, совриндорлар қаторидан жой эгаллаган  воҳадошларимизни тақдирлашга бағишланди. Кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган мазкур тадбирни вилоят ҳокими Зафар Рўзиев кириш сўзи билан очди.

Таъкидланганидек, бугун юртимизда спортга, айниқса, ёшлар спортига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Улар спортнинг барча турлари билан шуғулланиши учун кенг қулайлик ва шарт-шароитлар яратилган. Айни шу жиҳат халқаро миқёсда ютуқларимиз салмоғи ошишига туртки бўлаяпти. Биргина юртимиз делегациясининг Паралимпия ўйинларида қайд этган натижалари соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак самара бераётганидан далолатдир. Бунда вилоятимиз сузиш терма жамоаси аъзоларининг ҳиссаси ҳам катта бўлди. Эгалланган медалларнинг 6 таси уларга тегишли экани фикримизни тасдиқлайди.

Тақдирлаш маросимида минглаб мухлислар олқишлари остида паралимпиячиларимиз Фотима Амилова, Шоҳсанам Тошпўлатова ва Дмитрий Хорлинга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган “Кобальт” русумли автомобиллар топширилди. Шунингдек, ушбу спортчиларни мусобақага тайёрлашда жонбозлик кўрсатган вилоят сузиш федерацияси бош мураббийи Равшан Амилов ва федерация раиси ўринбосари Бекзод Алиқуловга янги уйларнинг калитлари берилди.

Таниқли санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар тадбирга ўзгача шукуҳ киритди.

М.ЖЎРАЕВ

Report typo