Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдишукур ОМОНОВ

04.10.2019


САЙЛОВОЛДИ ЖАРАЁНЛАР ҚАНДАЙ КЕЧМОҚДА?

2014 йилда тузилган вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари эса ўз фаолиятини тугатди.

Белгиланганига кўра, жорий йилнинг 13 октябригача тегишлича Марказий сайлов комиссияси, маҳаллий Кенгашлар томонидан округ сайлов комиссиялари тузилиб, таркиби тасдиқланиши ва уларнинг жойлашган ери ҳақидаги маълумотлар эълон қилиниши керак. Округ сайлов комиссиялари ва ҳокимликлар биргаликда 23 октябрга қадар сайлов участкаларини тузади. 12 ноябргача участка сайлов комиссиялари тузилиб, таркиби белгиланган тартибда тасдиқланади ва жойлашган ери ҳақидаги маълумотлар эълон қилинади.

15 ноябргача сайловчиларнинг дастлабки электрон рўйхати шакллантирилиши керак. Ҳокимликлар ва сайлов комиссиялари биргаликда 15 ноябрдан 7 декабрга қадар сайловчилар рўйхатини уйма-уй айланиб чиқиш йўли билан аниқлаштириши керак. Аниқланган ҳолатлар бўйича сайловчиларнинг мурожаатларига кўра 7 декабрдан 19 декабргача сайловчилар рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.

Марказий сайлов комиссияси ва сиёсий партиялар томонидан 21 сентябрдан 25 сентябрга қадар сиёсий партияларнинг ваколатли вакилларига мазкур партияларнинг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи сайловчиларнинг имзоларини тўплаши учун белгиланган намунадаги имзо варақаларининг бланкалари тақдим этилди. 13 октябрга қадар Қонунчилик палатасига сайловда иштирок этиш учун сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни Марказий сайлов комиссияси, маҳаллий Кенгашларга сайловларда иштирок этиш учун сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни тегишли сайлов комиссиялари қабул қилиб олади. Марказий сайлов комиссияси 18 октябргача сиёсий партияларни Қонунчилик палатасига сайловда иштирок этишига ижозат бериш тўғрисида қарор қабул қилади ва уни матбуотда эълон қилади.

Жорий йилнинг 6 декабрь кунига қадар  сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг кузатувчилари, сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари рўйхатга олиш тўғрисида округ сайлов комиссияларига ариза билан мурожаат қилиши керак. Рўйхатга олинганларга 11 декабрга қадар округ сайлов комиссиялари томонидан намунадаги мандатлар  берилади. Сиёсий партиялар томонидан 18 октябрдан 7 ноябрга қадар Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар кўрсатилади. Номзодлар тегишлича Марказий, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари томонидан 17 ноябрга қадар рўйхатга олиниб, 22 ноябрга қадар матбуотда эълон қилинади.  Депутатликка номзодларнинг ишончли вакилларини рўйхатга олиш ва уларга тегишли гувоҳномаларни бериш округ сайлов комиссиялари томонидан 18 ноябрдан 15 декабрга қадар амалга оширилади.

Марказий сайлов комиссияси белгиланган ташкилотлар билан келишган ҳолда 17 ноябрга қадар сиёсий партиялар учун эфир вақтини ва нашр майдонини тақсимлаш ҳамда сайловолди ташвиқоти масалалари бўйича қарорини қабул қилади. Сиёсий партиялар ва депутатликка номзодлар 18 ноябрь - 20 декабрь кунлари сайловолди ташвиқотини ўтказади. Сиёсий партиялар сайловолди  дастурларини 18 ноябрга қадар эълон қилиши керак. 2 декабрдан 12 декабрга қадар овоз бериш куни, вақти ва жойи тўғрисида сайловчилар хабардор қилинади. Муддатидан олдин овоз бериш 12 декабрдан 19 декабрга қадар амалга оширилади. Сайлов 22 декабрь куни соат 8:00 дан 20:00га қадар ўтказилади.

Сайлов натижаларига 31 декабрга қадар аниқлик киритилиб, оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинади. Зарурат туғилганда асосий сайловдан кейин кечи билан бир ойлик муддат ичида такрорий сайлов ўтказилади. Қонунчилик палатасининг биринчи мажлиси сайловдан сўнг икки ой ичида ўтказилиши, Сенат 2020 йилнинг 22 январига қадар шакллантирилиши керак. Бунинг учун вилоят, туман ва шаҳар кенгашларининг қўшма мажлислари ўтказилади. Марказий сайлов комиссиялари қўшма мажлис баённомаларини келиб тушгандан кейин беш кун ичида кўриб чиқиши керак.

Жорий йилнинг декабрь ойида мамлакатимизда бўлиб ўтадиган сайловлардан халқимизнинг умиди катта. Ўйлаймизки, сайловлар натижаси юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ва инсонпарвар фуқаролик жамияти қуришга ўз таъсирини кўрсатади. Халқимиз бу сайловлар орқали келгусидаги беш йиллик келажагини белгилаб, ўзи ва жаҳон жамоатчилиги олдида имтиҳондан ўтади. Бу жараёнга жаҳон жамоатчилиги ва хорижий давлатлар албатта ўз баҳосини беради. Шундай экан, барчамиз бу жараёнларнинг кузатувчиси эмас, фаол иштирокчиси бўлайлик. Сайловларга эътиборсизлик - келажакка бефарқликдир.

Абдишукур ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмат раҳбари

Report typo