Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

ХУРШИДА

19.01.2017


САНО

Сано таркибидаги энг муҳим модда - ични суриш хусусиятига эга бўлган антрогликозидлар ҳисобланади. Шифобахш восита сифатида сано баргларидан фойдаланилади.

Санодан тайёрланган дамлама ичаклар фаолиятини яхшилаб, қабзиятдан халос бўлишга ёрдам беради. Ошқозон-ичак шиллиқ пардасидаги рецепторларни қўзғатиб, безлардан шира ажралиб чиқишини камайтиради. Бу эса ортиқча вазн тўпланишига тўсқинлик қилади. Организмдаги ёғларни эритади.

Геморройга олиб келадиган ич қотиши, йўғон ичак яраларини тузатишда қўлланади. Сафро ҳайдовчи хусусиятга ҳам эга. Қонни турли микроблардан тозалайди. Жигар ва ўт пуфаги фаолиятини яхшилайди.

Эмизикли аёллар, ичакнинг кучли шамоллаши аниқланган беморларга санони қўллаш тавсия этилмайди.

ҚОНЧЎП (ЧИСТОТЕЛ)

Қончўп (чистотел) - икки паллалилар туркумига мансуб кўп йиллик ўтсимон бута. Поя-сининг ичи ғовак, барглари тўқ яшил тусда, гуллари сариқ рангда. Ёзда икки-уч марта мева тугади, шу сабабли табиатда тез тарқалади ва тез кўпаяди. Икки тури кенг тарқалган: Осиё қончўпи ва катта қончўп. Осиё қончўпининг баландлиги 30-50 сантиметрга, катта қончўпники эса 50-120 сантиметрга етади.

Барглари, пояси, илдизи ва аччиқ таъмга эга шираси таркибида шифобахш элементлар кўп. Каротинга бой. Аскорбин, олма, лимон, қаҳрабо кислотасига эга. Шунингдек, таркибида эфир мойлари, сапонинлар, фитонцидлар, турли алкалоидлар мўл.

Қончўп кўплаб хасталикларга даво бўлади. Организмда турли шиш, замбуруғлар пайдо бўлишининг олдини олади. Яраларнинг тез битишига ёрдам беради. Ўт ва пешоб ҳайдовчи хусусиятга эга. Балғам кўчирадиган восита саналади. Ундан тайёрланган дори воситалари тери касалликлари, нафас йўллари хасталикларини даволашда кенг қўлланади. Шу билан бирга, ички органлар фаолиятини яхшилашда, асаб тизими, бўғимлар хасталикларини даволашда қўл келади. Гинекологик хасталикларда энг яхши дори воситаларидан биридир. Оғриқ қолдирувчи сифатида тиш ва бош оғриғи, бўғим оғриқларида самарали таъсир кўрсатади. Организмнинг заифлашувини енгишда ёрдам беради.

Манбалар асосида ХУРШИДА тайёрлади.

Report typo