Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • ШЎРТАН НЕФТЬ ВА ГАЗ ҚАЗИБ ЧИҚАРИШ БОШҚАРМАСИ 3 ТА ГАПДАН ИБОРАТ ЖАВОБГА ҚАРИЙБ 3 ОЙ ВАҚТ САРФЛАДИ...

Ж.БОЙМУРОДОВ

06.11.2020


ШЎРТАН НЕФТЬ ВА ГАЗ ҚАЗИБ ЧИҚАРИШ БОШҚАРМАСИ 3 ТА ГАПДАН ИБОРАТ ЖАВОБГА ҚАРИЙБ 3 ОЙ ВАҚТ САРФЛАДИ...

Акс-садо

Илгари хабар берганимиздек, жорий йилнинг июль ойида таҳририятга Ғузор тумани Обод маҳалласида яшовчи Насиба Тўраева мурожаат қилганди.

Унинг айтишича, 2014 йилда ўзи ва турмуш ўртоғига туман ҳокими қарорига асосан "Шўртаннефтгаз" МЧЖ ҳудудидаги фойдаланилмай ётган ер майдонидан иссиқхона қуриш учун икки гектар ер майдони ажратиб берилган. Иссиқхона учун зарур бўладиган электр энергияси, сув ҳамда иссиқлик манбаи эса "Шўртаннефтгаз" МЧЖ учун тортиб келинган тармоқлардан шартнома асосида олиниши келишилган.

Шундан сўнг,  оила банкдан 100 минг АҚШ доллари миқдорида кредит олиб, йирик иссиқхона комплексини барпо этиб, ишга туширган. Икки йил давомида иссиқхонадан жуда яхши даромад кўрган. Ўзи фойдаланган ресурслар учун тўловни эса белгиланган тартибда тийинма-тийинига қадар "Шўртаннефтгаз" МЧЖга тўлаб борган.

Аммо орадан икки йил ўтиб "Шўртаннефтгаз" МЧЖ негизида Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси ташкил этилди. Янги тузилма, янги раҳбарият эса иссиқхона хўжаликлари учун электр энергияси, сув ва иссиқлик беришдан бош тортди.

Қарабсизки, тадбиркор оила жуда катта муаммоларга дуч келди. Ахир улар бу лойиҳа учун 100 минг АҚШ долларини банкдан кредитга олиб сарфлаган, ҳали зиммасида кредитнинг 70 минг АҚШ долларидан ортиқ қисми турибди.

Хуллас, тадбиркорларнинг турли идораларга қилган мурожаатларидан наф бўлмади. Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси эса ўз фикрида қатъий туриб олади: "Бизга ажратилаётган электр энергияси, техник сув ҳамда иссиқлик манбаи фақат ўзимиз учунгина етади. Иссиқхона учун  уларни бўлиша олмаймиз".

Биз тадбиркорнинг гапларидан келиб чиқиб, ҳар икки томоннинг фикрларини ўрганиш, мурожаатнинг ОАВда холис ва ҳаққоний ёритилишини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 30 июль куни бир қатор саволлар билан Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси раҳбариятига хат орқали мурожаат этдик.

"Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Қонуннинг 35-1-моддасида оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўрови кўпи билан етти кун муддатда  кўриб чиқилиши, агар сўралаётган ахборотни бериш давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатлари жумласига кирмаса, сўров сўралаётган ахборотни тақдим этиш ўзининг ваколатига киритилган органга рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан уч иш куни ичида юборилиши, оммавий ахборот воситаси эса бу ҳақда хабардор қилиниши белгиланган.

Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси масъуллари эса аниқ-тиниқ қўйилган 3 та саволга жавоб бериши учун қарийб 3 ой сарфлади. Шунда ҳам арава қуруқ олиб қочилган.

Шу йил 28 октябрь куни Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси директори ўринбосари И.Астанов имзоси билан бизга етиб келган хатда шундай дейилади: "Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси Сизнинг 30.07.2020 йилдаги хатингизга пандемия даврида ишлаб чиқаришда вужудга келган муаммолар сабабли кечикиб жавоб берилаётганидан узр сўраб, мурожаат бўйича қуйидагиларни маълум қилади:

"Ўзбекнефтгаз" АЖнинг 2020 йил 27 августдаги 275-сонли буйруғига асосан 2020 йил 1 октябрдан "Ўзбекнефтгаз" АЖ тасарруфидаги муҳандислик-коммуникация тармоқлари (сув, электр ва иссиқлик тармоқлари)га уланиш учун тўғридан-тўғри  "Ўзбекнефтгаз" АЖга мурожаат этиш белгиланган. Шу сабабли "Ғузор авангард" деҳқон хўжалиги "Ўзбекнефтгаз" АЖга мурожаат этишини тавсия этамиз".

Энди тасаввур қилиб кўринг, биз Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига июль ойида хат юборганмиз.

Бошқарма эса "Ўзбекнефтгаз" АЖнинг 2020 йил 27 августдаги (!) буйруғига кўра 2020 йил 1 октябрдан амал қила бошланган янги тартибни рўкач қилмоқда.

Савол пайдо бўлади: хўш, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси масъулларининг оммавий ахборот воситаси сўровига 3 ой кечиктириб жавоб беришига пандемия сабаб бўлганми ёки улар "Ўзбекнефтгаз" АЖ раисининг янги тартиб бўйича буйруқ чиқаришини билган ҳолда, шуни кутишганми?

 Янаям қизиқроғи, биз "Ғузор авангард" ҳамда "Эталон нур" деҳқон хўжаликларини қийнаётган муаммо бўйича Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига ТАҲРИРИЯТ НОМИДАН аниқ саволлар билан мурожаат этган эдик. Бошқарма масъуллари эса "Ғузор авангард" деҳқон хўжалиги "Ўзбекнефтгаз" АЖга мурожаат этишини тавсия этамиз"  демоқда.

Қани бу ерда мантиқ? Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг таҳририят сўровига муносабати шуми?

Ҳа айтганча, бу орада тадбиркор мурожаати ўрганилиб, "Qashqadaryo" газетасининг 2020 йил 11 сентябрдаги сонида "Ғузорлик тадбиркор "ура-ура"ларнинг қурбони бўлдими?" номли мақола ҳам чоп этилган эди.

Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси масъуллари эса ҳалига қадар мақолада кўтарилган муаммога ўз муносабатини билдиргани йўқ. Уларнинг уч ой кечикишини инобатга олсак, мақолага муносабат билдирилган мактуб янги йил арафасида келиб қолиши мумкин. Агар келса...

Ж.БОЙМУРОДОВ

 

Report typo