Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • ШАҲРИСАБЗ ТУМАНИ ҲОКИМЛИГИ 4 ЙИЛ ОЛДИНГИ ҲУЖЖАТ ИЗИНИ ҚУВИБ ЮРГАН ЧОҒДА ЭНЕРГЕТИКА ВАЗИРЛИГИ МУАММОНИ БИР ЯРИМ КУНДА БАРТАРАФ ЭТДИ

Н.ХЎЖАЕВ

10.03.2020


ШАҲРИСАБЗ ТУМАНИ ҲОКИМЛИГИ 4 ЙИЛ ОЛДИНГИ ҲУЖЖАТ ИЗИНИ ҚУВИБ ЮРГАН ЧОҒДА ЭНЕРГЕТИКА ВАЗИРЛИГИ МУАММОНИ БИР ЯРИМ КУНДА БАРТАРАФ ЭТДИ

Ижтимоий тармоқлар ва акс-садо

Шаҳрисабз тумани Пахтакор ҚФЙ таркибидаги Нушкент қишлоғида мавжуд кўплаб муаммолардан фақат иккитасигина шу кунларда ижтимоий тармоқлар орқали "Шаҳрисабздаги портлашдан бошқа нарсага ярамайдиган трансформатор ва юриб бўлмайдиган йўллар" номида юз кўрсатди.

Айтилишича, аксар раҳбарларнинг қадами етмаган бу қишлоқ аҳолиси мунтазам равишда электр энергияси таъминотидаги носозликлар билан боғлиқ муаммолардан азият чекар экан. Сабаби, минг нафардан кўпроқ аҳоли истиқомат қилувчи бу манзилда абонентлар электр тизимига атиги битта трансформатор орқали уланган. Устига-устак, трансформатор ортиқча юкланишни кўтара олмай тез-тез портлаб, ёниб кетар экан. Токи у қайта таъмирланиб, яна ишга туширилмагунга қадар (бунга камида бир ҳафта кетади у жойларда) бутун қишлоқ аҳли "свет"сиз ўтиришга кўниккан.

Қолаверса, йўл, тоза ичимлик суви, табиий газ таъминоти сингари муаммолардан, ҳатто қишлоқ врачлик пункти йўқлигидан ҳудуд аҳолиси бир неча ўн йиллардан бери азият чекиб келмоқдаки, туман ҳокимлиги мутасаддилари нега шунча масалага кўз юмиб келганига ҳайрон қоласан киши.

Нушкент қишлоғидаги трансформатор ва абгор йўллар бўйича Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги томонидан ҳокимлик расмий сайтида билдирилган муносабатда шундай дейилади:

"Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги ПҚ-2661, 2018 йил 18 январдаги ПҚ-3480-сонли қарорларига асосан туман электр тармоқлари корхонасининг 2020 йилда амалга оширадиган манзилли дастурига кўра, тумандаги Нушкент қишлоғида 2020 йил     мобайнида 0,4 кВ.ли жами 1 км тармоқ тортилиши ва ушбу ҳудуддаги трансформаторни жорий таъмирлаш белгиланган.

Шунингдек, Шаҳрисабз туманида 2020 йилда таъмирланиши белгиланган объектларнинг маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қишлоқ аҳоли пунктлари кўчаларини жорий таъмирлаш бўйича режалаштирилган дастлабки манзилли дастурига кўра Шаҳрисабз туманидаги Нушкент қишлоғининг 1 км ички йўлларни асфальтга ўтказиш белгиланган".

Кўриниб турибдики, ушбу муносабатда муаммони ўнглаш эмас, ҳужжатлар номини, белгиланган режаларни келтириш билан чекланилган, холос. Асосий урғу эса масала қолиб, қандайдир дастурларга қаратилгани ажабланарли. Ўша дастурнинг ҳам ижроси таъминланмаса, режа бажарилмаса, бунинг кимга қандай қизиғи, қандай фойдаси бор?

 Чамаси туман ҳокимлиги қарорларда айтилгани каби ҳамма масалани 2020 йил мобайнида ҳал этишга аҳд қилган кўринади. Гўё уларнинг назарида ҳали анча вақт бор, гўё эртароқ шу ишларни бажаришса, ҳақлари кетиб қолади...

 Энг қизиғи, Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги расмийлари хат-ҳужжат, қоғоз-қалам қилиб, қайсидир дастурларнинг изини (ижросини эмас) қувиб юрган бир чоғда Энергетика вазирлиги трансформатор масаласига эътибор қаратиб, муаммони бир ярим суткада бартараф этибди. Вазирлик матбуот хизмати хабарида, жумладан, шундай дейилади:

"Ҳақиқатан ҳам, ҳудуднинг электр таъминотида камчиликлар борлиги маълум бўлди. Шунга кўра, 2020 йил режа-дастурига асосан Нушкент қишлоғининг электр таъминотини яхшилаш мақсадида "Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари" акциядорлик жамияти томонидан ушбу ҳудуднинг электр таъминоти учун мўлжалланган қуввати 250 кВА бўлган 175-сонли трансформатор пункти мукаммал таъмирланди.

Шунингдек, ҳудуднинг электр таъминоти сифатини ошириш мақсадида қўшимча бир дона қуввати 160 кВА бўлган замонавий типдаги янги трансформатор пункти ўрнатилди.

Бундан ташқари, 1,2 километр узунликдаги 0,4-10 кВ кучланишли янги ҳаво электр узатиш тармоқларининг қурилиш-монтаж ишлари бошланди. Айни пайтда мавжуд электр узатиш тармоқларида жорий таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Нушкент қишлоғининг электр таъминоти билан боғлиқ ҳолат назоратга олинган. Юзага келган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраймиз".

Тўғри, вазирлик ўз зиммасидаги юмушни бажарган. Ваҳоланки, улар ҳам Шаҳрисабз тумани ҳокимлигидагилар сингари қачондир қарорлар қабул қилиниб, қандайдир вазифалар белгиланганини келтиришлари мумкин эди. Қуруқ қошиқ оғиз йиртади, деган ҳақиқатни наҳотки ҳокимлик мутасаддилари билишмаса?

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo