Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
14 июль, сешанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

26.06.2020


ШАҲРИСАБЗДАГИ МУЗЕЙ - ҚЎРИҚХОНАДА ҚОНУНБУЗИЛИШЛАР БЎЛМАГАН

Маданият вазирлиги Бош прокуратура маълумотларини инкор қилди

Куни кеча бир қатор интернет нашрларида “Шаҳрисабз Давлат музей-қўриқхонаси бош директорига нисбатан жиноят иши қўзғатилди” деган хабар тарқалган эди. Унда Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Шаҳрисабз шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда Шаҳрисабз Давлат музей-қўриқхонаси бош директори музей-қўриқхонада ҳақиқатда ишламаган турмуш ўртоғи ва 4 нафар фуқароларга сохта ҳужжатлар асосида иш ҳақи ҳисоблаш орқали 62,9 миллион сўм ҳажмдаги бюджет маблағларини ўзлаштиргани айтилганди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ушбу хабарга расмий муносабат билдирди ва Бош прокуратура маълумотларини инкор қилди.

Унга кўра, музей назоратчиси Одил Таниқўлов прокуратурага ариза билан мурожаат этган ва унинг шикояти асосида ўтказилган текширувда филология фанлари номзоди, профессор Поян Равшанов билан тузилган меҳнат шартномасига кўра, 0,5 ставка илмий ходим штатига ишга олинган. Унинг иш йўриқномаси ва меҳнат шартномасида илмий иш қилиш ҳамда илмий мақолалар ва китоб ёзиш юклатилган. У масофадан туриб Қарши шаҳридаги кутубхоналар, архив ва ўзининг шахсий кутубхоналаридан фойдаланиб, музей директори тарих фанлари номзоди Наби Хушвақов билан илмий ҳамкорликда 261 бетдан иборат “Қашқадарё тарихига сайёҳат” мавзусида илмий-оммабоп китоб чиқариб, вазифасини бажарган.

Одатда илмий ходимларнинг бир йиллик иш режасида 1 босма табоқ ҳажмида,  яьни 25 бетлик илмий мақола назарда тутилган бўлса, у 1,5 йилда вазифасини 4 баробар зиёд бажарган ҳисобланади. Аммо молия бўлими мутахассиси бу ишларнинг фарқига бормай, ишга келмасдан ойлик маош олган, деб акт далолатнома ёзган. Ваҳоланки, у зарур вақтларда келган, илмий конференцияларда раислик қилган ва ойлик маошини пластик орқали олган. Унинг банк картаси ўз қўлида. Бу ерда давлат маблағини ўзлаштириш ҳолати аниқланмаган.

Қашқадарё вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи директори Баҳодир Мамадиев ҳам Шаҳрисабздаги музей-қўриқхонада 0,5 ставка ишлаган. У вазирлик ва вилоят ҳокимлиги томонидан берилган топшириқларга кўра, янги ташкил этилаётган музейлар, экспозициялар ва маданий мерос объектларини таъмирлаш ҳамда консервациялаш бўйича илмий концепциялар ҳаммуаллифи ҳисобланади. Шунингдек, Б.Мамадиев  Яккабоғдаги Хўжаилғор музей мажмуаси илмий концепцияси (Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган), Мудофаа тарихи музейи концепцияси (Маданият вазирлиги ва вилоят ҳокимлиги томонидан тасдиқланган), Қамаши туманидаги “Лангар ота” тарихий масжидни таъмирлаш илмий концепцияси, Кеш тарихи ва маданияти илмий концепциясини яратишда фаол иштирок этган. Бундан ташқари, музейларнинг сайёҳатчилар учун шанба ва якшанба кунларида ишлаши ҳамда иш режимини 22:00 гача чўзиш бўйича топшириқларини бажаришда фаол иштирок этган. (Унинг илмий ҳисоботлари музей архивида сақланмоқда). Ойлик маошини ўзи олган ва фойдаланган.

Беҳруз Бобожонов Қарши давлат университетининг бакалавиатини 2018 йилда тугатгач, музейга илмий ходимликка ишга олинган. У 2019 йилнинг декабрь ойида шу университетнинг магистратурасига (қўшимча рўйхат асосида) ўқишга кирди. Қонун ва қонуности ҳужжатларида ташкилот ходими ўқишга кирса, имтиёзлар бериш назарда тутилган. У Қарши давлат университетида душанба ва сешанба кунлари ўқишда бўлган (декан маълумотномаси мавжуд), Шаҳрисабздан қатнаб ўқиган ва илмий тадқиқот ишлари музей фондидаги материалларга асосланган. Бундан ташқари, шу 2 йилда 3 та илмий мақола нашр этган. Магистрлик диссертацияси ҳам музей фонди материалларига асосланган. Олий таълим вазирлигининг низомида мутахассислиги ва ихтисослиги бўйича талабалар учун ишга киришга рухсат берилган ва ставкалари чекланмаган. Яъни, қонун унинг 1 ставка ишлашига монелик қилмайди.

Директорнинг турмуш ўртоғи Дилбар Ваҳобова музейда 20 йилдан бери турли хил лавозимларда ишлаб келмоқда. У Бухоро давлат университетидаги музейшуносларнинг малака ошириш курсини тугатгач, методист лавозимига ўтказилган. У ўз тушунтириш хатида “гоҳида бошим оғриб кадрлар бўлимидан рухсат олиб ишдан кетганман”, деб ёзгани умуман ишга келмай ойлик олган деб талқин этилган. Ҳамкасбларининг Дилбар Ваҳобова ўз вақтида ишга келиши ва кетишини тасдиқлаб ёзган тушунтириш хатлари инобатга олинмаган.

Аризачи Одил Таниқўлов 20 июнь кунида Шаҳрисабз шаҳар прокурорига “қизишиб, нотўғри маълумотлар ёзганини, ҳозирги кунларда Н.Хушвақтов билан ярашгани ва аризасини оқибатсиз қолдиришларини сўраб” ёзган аризаси инобатга олинмаган.

Текширув Бош прокуратуранинг ҳузуридаги Департаментнинг Шаҳрисабз шаҳар бўлими томонидан ўтказилганлиги муносабати билан терговга қадар текширув бир ёқлама тарзда олиб борилгани учун музей раҳбарияти ва алоқадор ходимлар акт-далолатномаларини тасдиқламаган, дейилади вазирликнинг расмий веб-сайтида келтирилган раддияда.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Report typo