Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 сентябрь, душанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

03.07.2020


ШАҲРИСАБЗДАГИ НОЁБ ДАРАХТЛАРГА ҚАНДАЙ КАСАЛЛИК ХАВФ СОЛМОҚДА?

Муаммо, мулоҳаза, муносабат

Маълумки, Шаҳрисабз азалдан "яшил шаҳар" дея ном олган. Бунга ҳудуднинг бир пайтлар қалин дарахтзорлардан иборатлиги, соя-салқин, баҳаво жойлиги сабаб бўлган.

Кейинчалик шаҳар марказида  қурилиш ишларининг амалга оширилиши, янги коммуникация тармоқларининг барпо этилиши, кўплаб бино ва иншоотларнинг қад ростлаши, бир сўз билан айтганда, шаҳар архитектурасининг ўзгариши натижасида бу дарахтларнинг аксарият қисми йўқолиб кетди.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 февралдаги "Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида объектларни қуриш ва реконструкция қилишга доир комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида"ги қарори асосида ҳудудда кенг миқёсли қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Шаҳар қиёфасини замонавийлаштириш  мақсадида кесилган дарахтлар ўрнига хориждан турли манзарали дарахт кўчатлари келтириб экилди.

2016 йилда ўша пайтдаги вилоят ҳокимининг ўринбосари Ғайрат Жовлиев Шаҳрисабз шаҳрига Бельгиядан 31 минг 700 туп дарахт ва бута кўчатлари келтирилиб, Оқсарой мажмуаси атрофи, кўча ва хиёбонларга  экилгани ҳақида маълумот берган эди. Бугунги кунда эса олган маълумотларимизга кўра, шаҳарда 24 мингта ана шундай дарахт ва бута кўкариб турибди. Майли, кўчатларнинг бир қисми унмаган, ривожланиш даврида турли сабаблар билан йўқотилган бўлиши мумкин. Гап бунда эмас, гап уч-тўрт йил давомида маҳаллий иқлимга мослашиб, анча бўй чўзиб қолган ана шу 24 минг дарахтга ҳам қандайдир касаллик хавф солаётгани, уларнинг бутунлай йўқолиб кетиш хавфи юзага келганида.

Бундан чамаси икки ой аввал Шаҳрисабзга борганимизда Оқсарой мажмуаси атрофидаги хориждан келтириб экилган бир қанча манзарали дарахтларнинг барги сарғайиб, қовжираб бораётгани эътиборимизни тортган эди. Яқинда борганимизда эса шаҳар марказидаги аксарият дарахтлар шу дардга гирифтор бўлгани, уларнинг айримлари деярли қуриб қолганига гувоҳ бўлдик. Маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишича, бунга сабаб бўлган касаллик ёки зараркунандалар жуда тез тарқалмоқда ва улардан барча турдаги дарахтлар азият чекаяпти. Буни мутахассислар ҳам тасдиқлашди.

- Тўғриси, бундай пайтда дарахтларга кўпроқ эътибор ва қаров зарур, - дейди тажрибали агроном, вилоят ўсимликлар карантини инспекцияси Шаҳрисабз туман бўлими инспектори Баҳодир Ҳасанов. - Ҳозир лаборатория шароитида текшириб кўрмасдан туриб, аниқ бир гап айтишим тўғри бўлмас, аммо бугунги кунда ўсимликлар билан боғлиқ ҳар қандай касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш учун кимёвий воситалар мавжуд. Фақат дарахтларни ўз вақтида кўздан кечириб, уларга белгиланган тартибда дорилар билан ишлов бериш керак. Ҳозир ҳам кеч эмас, тўғри, қуриганлари қуриб бўлди, аммо энди зарарланганларини сақлаб қолиш, касаллик кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш зарур. Аммо нима учундир масъул ташкилотларда бу борада тезкор саъй-ҳаракат сезилмаяпти.

Таъкидлаш жоизки, ушбу дарахтларни парваришлаш, уларни сақлаш Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 25 мартдаги тегишли қарори билан ташкил этилган Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий қисмини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва сақлаш департаменти зиммасига юклатилган. Хўш, департамент бу ҳолатга қандай қарамоқда? Нега зарарланиш миқдори кундан-кунга ортиб бораяпти? Катта маблағ эвазига хориждан келтириб экилган дарахтлар шу тарзда қуриб қолаверадими?

- Бу ерда раҳбар сифатида иш бошлаганимга энди бир ойча бўлди, - дейди Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий қисмини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва сақлаш департаменти раҳбари Нурбек Сатторов. - Дарахтларнинг зарарланганидан эса хабарим бор. Бу борада барча чора-тадбирларни қўллаб кўраяпмиз. Тошкентдан ҳам мутахассисларни чақириб кўрсатдик, маслаҳатлашдик. Уларнинг кўрсатмалари асосида дарахтларга керакли кимёвий воситалар ёрдамида ишлов бераяпмиз.

Департамент агрономи Яшнар Зиятовнинг таъкидлашича эса, ҳозирча касалликнинг олдини олиш қийин кечмоқда.

- Биз қўлдан келган барча чорани кўраяпмиз, - дейди у. - Республика доирасида танилган, кучли агрономларни, мутахассисларни ҳам жалб этдик. Уларнинг маслаҳатлари асосида иш олиб бордик. Қилаётган ишларимиз, афсуски, биз кутган натижани бермаяпти. Билмадим, балки бунга касалликка аниқ ташхис қўя олмаётганимиз, балки зараркунанданинг доимий қўлланиладиган дориларга иммунитет ҳосил қилгани сабаб бўлиши мумкин. Ўзим Россияда таълим олганман. Интернет орқали у ердаги устозларимиз, ҳамкорларимиз билан ҳам боғланиб, маслаҳатлашиб турибмиз. Лекин улар ҳам аниқ бир ечим айта олмаяпти. Ҳар қандай тажрибани қилиб кўравериш эса зарарга ишлаб кетиши мумкин. Шу боис яқинда республикадан яна олимларни чақириб, кўрсатдик. Улар зарарланган дарахтлардан намуна олиб кетишди. Лаборатория шароитида батафсил текширув ўтказиб, зарарланишга нима сабаб бўлаётганига аниқ жавоб топганидан сўнг шунга қараб касалликка қарши курашиш чораларини ишлаб чиқишмоқчи. Бир-икки кун ичида лаборатория таҳлиллари аниқ бўлади. Ҳозир шуни кутиб турибмиз.

Ҳа, яқин йиллар ичида улғайиб, Шаҳрисабзга кўрк бағишлаши керак бўлган дарахтларга бугун жиддий хавф соя солиб турибди. Унинг олдини олиш биргина шаҳарни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш учун масъул бўлган департаментнинг қўлидан келмаслиги ҳам аниқ. Ўйлаймизки, бунга шаҳар ҳокимлиги, вилоят, республика доирасидаги масъул ташкилотлар жиддий эътибор қаратиб, зудлик билан хавфни бартараф этиш чораларини кўради. Акс ҳолда эса... Экилганида сони  31 минг 700 туп деб айтилган, ҳозир эса 24 минг туп дейилаётган ноёб дарахтлардан яна икки-уч йил ичида неча туп қолиши номаълум.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Report typo