Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 апрел, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • Шаҳрисабзлик қиз фотомодель бўлиш орзусида аввал суратга тушди, кейин чув тушди

08.09.2020


Шаҳрисабзлик қиз фотомодель бўлиш орзусида аввал суратга тушди, кейин чув тушди

Кейинги вақтларда фирибгарлик жинояти ўзини турли кўринишда намоён қилмоқда. Бунга айрим инсонларнинг орзу-истаклари беҳадлиги, мақсадга етиш кўйида турли ноқонуний йўллардан тап тортмаётгани ҳам сабаб бўлмоқда. Биров ўқишга, бошқаси ишга кириш учун таниш-билиш қидирса, яна кимдир уй, кимдир эса ер олиш илинжида “ҳожатбарор”ларга пул тиқиштиради. Табиийки, бундай вазиятдан фойдаланиб қолишга уринадиган олғир кимсалар ҳам топилади.

 

Шу йилнинг 27 август куни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида яшовчи, 1989 йилда туғилган Н.Ф. Шаҳрисабз шаҳри Соҳибкор кўчасида яшовчи, 1989 йилда туғилган Т.С.нинг ишончига кириб, ўзини машҳур журнал фотосуратчиси сифатида таништиради. Қизнинг суратларини журнал бош саҳифасига чиқариб, уни фотомодель сифатида машҳур қилишини айтади ва журналнинг ҳар бир саҳифаси учун қизга 850 минг сўмдан тўлов тўлашга келишилади.

Шундан сўнг “фотосуратчи” ва “бўлғуси фотомодель” тарихий обидалар олдида суратга тушиш мақсадида Бухорога келишади.

Сураткаш қиздан меҳмонхона харажатлари учун 650 минг сўм нақд пулни алдов йўли билан қўлга киритади.

Ушбу ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 2-сонли ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан муқаддам худди шу каби жиноятни содир этганлиги учун судланиб, жавобгарликка тортилган фуқаро Н.Ф.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Report typo