Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 апрел, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

05.01.2017


ШАҲЗОДАГА МАКТУБ

Миллатимиз машъалларидан бири Низомиддин Мир Алишер Навоий номи ҳам шундай зотлар қаторида тилга олинади. Ўз ижоди билан адабиёт ва тил равнақига мислсиз ҳисса қўшган мутафаккирнинг таълим-тарбия борасидаги хизматлари ҳам таҳсинга сазовор. Шоир ижодий меросидан жой олган “Муншаот” асари унинг айни шу жиҳатини – устозлик мақомида туриб, ёшларга раҳнамолик қилиш, панд айтишдек вазифани уддасига олганини кўрсатувчи яққол далилдир.

Асар 1485-1499 йиллар орасида шоир ва давлат арбобининг подшоҳ, шаҳзодалар ва ўз яқинларига ёзган мактубларини ўз ичига олган бўлиб, 103 қисмга бўлинган. Уларни ўқиш жараёнида шунга амин бўлиш мумкинки, Навоий пандлари наинки биздан неча замонлар илгари яшаб ўтган бир шахс учун, балки бугуннинг кишиси учун ҳам аҳамиятини йўқотмаган устоз ўгитларидир. Айниқса, мактублар орасида Бойқаронинг тўнғич ўғли Бадиуззамон мирзо ҳамда шоирнинг асранди ўғли Шоҳқулига битилган номалар катта тарбиявий аҳамиятга эга.

Тарихдан маълумки, мутафаккир Навоий шоҳ саройида катта нуфузга эга бўлган. Ҳатто шоҳнинг ўзига ҳам давлат, раият ҳолига оид фикрларини эркин билдириш ҳуқуқига эга бўлган амир Алишер шаҳзодалар тарбиясига, ота ва ўғиллар ўртасидаги муносабатларга алоҳида эътибор билан қараган. Жумладан, отаси билан тез-тез зиддиятга бориб турадиган  Бадиуззамон мирзо Навоийнинг насиҳатларига қулоқ тутган, унинг пандларига амал қилган. Бир мактубида Навоий шаҳзодадан қаттиқ ранжиганини изҳор этади. Астрободда ҳокимлик қилаётган Бадиуззамон отага итоатдан бош тортиб, давлат хазинасига ўз вилоятидан юборилиши керак бўлган маблағни жўнатмайди. Устига устак, Ироқнинг ҳали қўлга киритилмаган мулкларини ўз бекларига ваъда қилиб, бунда отадан рухсат сўрамайди. Буни адабсизлик дея баҳолаган Навоий ўз мактубида кибрга берилган темурийзодани бирмунча аччиқ, кескин сўзлар билан танбеҳлайди. Устоди комил мактубининг муқаддимаси ота ҳурмати, унинг мартабаси ҳақидаги гаплар билан бошланади. Ўтган улуғларнинг шу мавзудаги  фикрлари. Иброҳим пайғамбарнинг оташпараст отасига муносабатию Ҳазрати Юсуф ва отаси Яъқуб ўртасидаги ўрнак бўларли муносабатлар тўғрисида сўз юритган Навоий муомала илмининг нозик қоидаларига риоя қилган ҳолда мулойимлик ва камтарлик билан гап маромини муддаога буради. Ўзининг устоз мақомида туриб, шаҳзодага доимо тўғри йўл кўрсатишга интилганини қистириб ўтади ва мактуб битишдан мақсади не эканини англатади:

“Ғараз бу муқаддимотдин улким, бу банда дойим сизга давлатхоҳлиғ сўзин айтибмен ва сизни умру давлатдин бархурдор тилаб, дуо қилибмен ва ҳар номуносиб ишким, сиздин кўрубмен сизга айтибмен, балки китобларимда насиҳатномалар назм қилиб, арзингизға еткурубмен. Бу учурда бир неча иш сизнинг тарафингиздин эшитилдиким, вожиб кўрунди сизга арз қилмоқким, борча Мирзонинг жонибининг риоятидин ғофил бўлғон чоғлиғ кўрунди...”

Номанинг давомида шаҳзодага гина йўсинида қилган хатоларини бирма-бир санайди ва ўз назари билан унинг тутган йўли нотўғрилигини исботлашга киришади. Асарда ўқиймиз:

“Бири улким, вилоят молин машваратсиз олиб турурсиз ва бу маъҳуд эмас эрди. Ҳеч уч-тўрт кун эмаским, бир кишингиз келмас, агар имойи қилсангиз эрди, йўқ дейилмагуси эрди.

Яна улким, битибсизким: “Астрободға киши юбормангким, бермагумдур”. Бу мазмунни ҳам мулойимроқ битиолур эрдингиз ва “Ироқ вилоятларин улашибмен”, деб битибсиз. Иншооллоҳ, Ироқ иликка киргай. Кирмасдин бурун, Мирзо била бир-икки қатла сўзлашмай, арз қилмай, бу иш қилилмиш бўлса, ўзга элдин ажаб бўлмаса, сиздан ажаб воқеъ бўлубдур...”

Аввало, давлат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда фикр юритар экан, Навоий шаҳзодани пойтахтга керакли молу маблағни вақтида юбормаётгани учун койийди. Сўнг эса отасига беадаблик билан ёзган хати учун уни уялтиради. Модомики, маблағни юбормоқчи бўлмаган экан, бу қарорини бироз мулойимроқ тарзда билдириш имкони борлигини эслатади. Сўнг унинг ўзбошимчалик билан, маслаҳатсиз иш тутганидан хафа бўлади. Ҳали қўлга киритилмаган Ироқ вилоятларини отасидан бир оғиз сўрамай-нетмай, ўзининг бекларига бўлиб бергани ва буни кейин отага билдириши Бадиуззамоннинг ҳам давлатдорлик сиёсатига, ҳам ота-ўғил одобига зид эканини айтади. Гапининг сўнгида жаҳли чиққанини ҳам яширмайди, яъни “бу ишни бошқалар қилса, балки ҳеч ким эътибор бермасди (“ажаб бўлмаса”), лекин сиздай шаҳзоданинг бундай қилиши яхши эмас (“ажаб воқеъ бўлубдур”)”, дея куйинади устоз.

Бадиуззамон мирзонинг Навоийда норозилик уйғотган яна бир иши иншосидаги туғродан Ҳусайн Бойқаронинг номини чиқариб ташлагани эди. У шу масалада шаҳзодани койир экан, Бойқаро Амир  Темурга тўртинчи насаб – авлод экани ва ҳар жума намозида буюк Соҳибқирон номини хутбага қўшиб ўқитиш одатини намуна қилиб кўрсатади. Шу билан бирга, Навоий шаҳзоданинг хуштаъб ва ақлли йигит эканини таъкидлаб айтган ҳолда, бу иши ярашмаслигини билдиради. Бундай тарзда насиҳат қилиш эса танқид одобларига шоирнинг нақадар эътибор билан ёндашганидан далолат беради. Маълумки, танқидий фикр билдириш чоғида шахснинг аввал яхши хислатларини санамоқ ва ундан сўнг камчиликларига ўтмоқ дилни оғритишдан сақлаб, айтаётган фикрнинг таъсирини кучайтиради:

“Яна улким, бир нишонингизни келтурдилар, туғросида Мирзо отини битмайдурсиз. Сиздек оқил, хуштабъ мусулмонваш йигитдин мундоқ нималар раво бўлғайму? Агар бу нишонни билиб битибсиз, не ҳисоб била бўлубтур, агар мунши ё ғайр саҳв қилибдур, нечук ҳар нишонни ўзунгиз кўрмай бир ерга юборилгай?”

Шу мактубда шоир отанинг парвардигорга тенг тутилиши тўғрисидаги машҳур фикрларни келтириб ўтади:

“Тенгри таоло ризоси ота ризосига вобастадир. Тенгри таоло ғазаби ҳам ота ғазабига вобастадир. Машойихлар “валедука раббука”, яъни “отанг парвардигорингдур” деганлар...”

Навоийнинг фикрига кўра, гарчи фарзанд бутун дунё ҳукмдори бўлса ҳамки, отаси қошида барибир нигун, яъни паст мартабада туради. Унинг боши осмонга етса ҳам отаси пойидан қуйида турмоғи шарт. Зеро, отага қилинган муомала-муносабат албатта фарзанддан қайтиши тайин. Шу маънода буюк устоз қуйидаги кескин пандларни айтади:

“Керак Ироқдин Макка, балки Мағриб заминғача олсангиз бу воқеа бўлмаса эрди. Агар Мирзони заиф хаёл қилибсиз — тенгри таоло қавийдур. Фарзанд керак заифлиғида отасиға хизмат маҳаллин топтим деб, жонсипорлиқ қилса...”

Икки орани яхшилаш йўлида бел боғлаган Навоий шаҳзодага шоҳликнинг нақадар мушкул вазифа эканини англатишга уринади. Сарой ишларини ҳал этиш, давлат масалаларини ечиш учун Бойқаронинг қанча заҳмат чекишини тушунтирар экан, унга кўмак бериш ўрнига ўғли бўлатуриб, вазиятни янада чигаллаштираётгани унга ғалати кўринаётганини таъкидлайди.

Шуниси диққатга сазоворки, Навоий сўзининг сўнгроғида бағоят камтаринлик, узрхоҳлик билан  айтган қаттиқ сўзларини юмшатади. Азалдан подшоҳларнинг ўз яқинлари маслаҳатига қулоқ тутганлари, ўзи эса дўсти Бойқарога ҳам шунга ўхшаш сўзларни айтишини билдириб, шаҳзодага узоқ умр тилайди. Шу билан бирга, Бадиуззамоннинг устози сўзини қайтармаслигига ишонишини ҳам усталик билан шама қилиб ўтади ва агар айтганига юрмаса ҳам ихтиёр ўзидалигини билдиради. Бу эса шаҳзодани ўйлаб кўришга ундагани тайин:

“Соҳиб давлат салотин мушфиқ ва давлатхоҳ қулларининг беғараз сўзларига кирибдурлар. Ўзингиз билурсизким, Мирзо тобуғида бу қул не навъ сўзларга густоҳлиқ қилибмен. Сизнинг дағи қошингизда ҳамул дастур била воқеъ бўлубдур. Ёшингиз узун бўлсун. Андоқ кам воқеъ бўлубдурким, бу қулнинг сўзин рад қилмиш бўлғайсиз.

Эмди дағи бу қулнинг жони куйганда, ўзгаларнинг этаги куймас. Бу бир неча сўз густоҳлиқ қилилди умид улким, қабул тушгай. Тушмаса бу банда айтур сўзни бўйнумдин адо қилмиш бўлғаймен...”

Хуллас, биргина шу мактубнинг ўзиданоқ Алишер Навоийнинг устоз сифатида шахс тарбиясига нақадар катта эътибор билан қарагани маълум ва равшан кўринади. У битган бошқа номаларда ҳам ёш шаҳзодалар ва ўз яқинларини доимо тўғри йўлга бошлаб, ёмон, номақбул ҳаракатлардан тийилишга, эзгулик аъмоли билан яшашга ундаш тамойиллари Навоийга хос чуқур фалсафий, шоирона фасоҳатли тил билан таъсирли ифода этилган. Буюк устознинг бу каби ўгитлари эса бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганки, ушбу пандномалар ўқигувчи қалбининг энг нодир жавоҳирларига айланиши шубҳасиздир.

Хуршида АБДУЛЛАЕВА тайёрлади.

Report typo