Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Бўстон РАҲМОНОВА

15.01.2019


ШАКАР ҚЎШИБ ҚОВУРИЛГАН КЕПАК

Ойбек билан Зарифа Саидносирова 1924 йилда техникумда ўқиб юрган йиллари танишади ва бир-бирига кўнгил қўяди. Кейинчалик Ойбек Ленинградда, Зарифа опа Тошкентда олий ўқув юртида ўқишини давом эттирган чоғида, бир-биридан узоқда бўлишса-да, муҳаббат ришталари қаттиқроқ боғланади. Айрилиқ синовлари улар севгисини тоблайди.

1929 йил ёзида уларнинг никоҳ тўйи бўлади. Дабдабасиз, оддийгина, харажат ва чиқимлардан холи. Ушбу ўринда бу икки буюк инсоннинг тўйи тасвирини ҳозирги кундаги айрим тўйларимиздаги дабдабабозликка, келин-куёвларимизнинг ҳаддан ошиқ қиммат кийимлар танлаб, тўйдан кейин мушкул аҳволга тушиб қолишларига ибрат сифатида келтириб ўтмоқчиман.

"... 29 июнь куни эди. Ҳар куни кийиб юрадиган ёзги оқ репис   костюмимни ювдириб, дазмоллаб кийдим. Ойбек ҳам кундалик кийимда, аммо юракларимиз севги ва севинчга тўла. Хадрага     ЗАГСга бордик. Янги кийим-кечак, тўй-ҳашам, уй-ускунани сира ўйламаймиз, хаёлга ҳам келтирмаймиз.

...Ҳовлимизда жуда ширин, шўхлик қайнаб-тошган тантанали бир руҳда тўй ўтказилди. Ойбекнинг қариндошлари, менинг қариндош ва дугоналарим қатнашди, ортиқча одам йўқ эди", деб ёзади Зарифа Саидносирова.

Ҳар куни кийиб юрадиган кийими билан келин бўлишга ҳозирги қизларимиз ишонишармикан, кўнармикан? Аслида шоҳона кийимлар, кўз қамаштирадиган дабдаба муҳаббат ва бахтни белгиламайди-ку?!

Бир танишим ёлғиз ўғлини ақлга сиғмайдиган даражада сарф-харажат қилиб уйлантирди. Аммо орадан ҳеч қанча вақт ўтмай ёшлар ажралиб кетди...

Маълумки, Ойбек "Навоий" романини уруш йилларида ёзади. Очарчилик, қийинчиликларга қарамай, кеча-кундуз тинимсиз ёзилиб, асар  Навоийнинг 500 йиллик юбилейига яқин тугалланади.

"...Ойбек ёзиб ўтирарди. Мен ҳам ёзибми, ўқибми ўтирардим.

- Зарифа, қорним оч, жуда очиқдим, - деб қолди Ойбек. Мен нима дейишни билмайман, индамадим, жавоб қилолмадим. Негаки уй қуп-қуруқ эди.

- Бирор нарса йўқми? - сўради Ойбек.

Ўрнимдан туриб шкафни ахтардим. Ҳужрадаги хурмача, халталарни текширдим. Бир ҳовуч йирик кепак, бир-икки қошиқ шакар топдим, сўнг хурмачанинг тагини сидира-сидира бир қошиқ ёғ олдим. Примусда кепакни қовуриб, сўнг унга шакар аралаштириб дастурхонга тортдим. Ойбек ҳазратлари номи менга ҳам номаълум бўлган бу таомдан бир-икки марта қошиқ учида олган бўлди...

- Эрталаб болаларга берарсан, - деб менга боқиб жилмайди-да, яна ёзувга киришди".

Бу лавҳаларни ўқир эканман, "Ойбегим менинг" китоби шахсий ҳаётга дахлдор хотиралардангина эмас, балки ҳаёт мураккабликларини қандай енгиш, эру хотин турмушда қўш ҳўкиз, одамийлик, бағрикенглик, фарзандга, ота-онага меҳрни ўргатувчи асар эканлигига ишондим.

Ойбек ижод билан қанчалик банд бўлмасин, ота-онасидан хабар олишга, фарзандларига меҳр улашишга вақт топар, бева-бечораларга хайр-эҳсон қилишни унутмасди. "... Ойбекнинг отаси Тошмуҳаммад ака иккинчи хотини ва тўнғич ўғли Исамуҳаммад билан турар эди. Ойбек отасини ҳам, ўгай онасини ҳам, акаси ва опа-сингилларини ҳам тез-тез йўқлар, улар яшаётган уйга мени ҳам сургаб борарди"

"Бозорда бир аёл эскигина гиламни сотиш учун ёйиб ўтирган экан. Ойбек тўхтаб нархини сўради ва аёл айтган нархга сотиб олди. Нарироққа боргач, "Бу эски гиламни нима қиласиз", дедим. - Қўявер, аёл бечора жуда пулга муҳтожга ўхшайди, - деди", деб хотираларда келтиради Зарифа опа.

***

"Ойбек кўчаларда ҳам кўпинча хаёлга берилган ҳолда атрофни унутиб юрарди. У мана шу юришларида ҳам қайсидир асарини  миясида пишитар, ўзича жилмайиб, қўл ҳаракатлари ҳам қиларди. Бир куни трамвайга чиқсам Ойбек ўтирибди, ёнига бориб ўтирдим, сезмади. Охирги бекатга етганимизда ҳам ўрнидан қимирламади.

- Туринг энди, етдик, - дедим елкасига секин қўлимни қўйиб.

- А? Қачон чиқдинг? - сўради у таажжубланиб.

У ана шундай бир жаҳонга арзийдиган ажабтовур табиатли, бошқа дунёдан келган киши эди...", деб эслайди ёзувчининг рафиқаси.

Ойбекдек ижодкорлар фақат адабиёт учун туғилган бўлса керак. Дўсти ва шогирдларининг гувоҳлик беришича, бир ўтирганда кичик бир достонни тугатиб кетаверган. Хусусан, шоир Мамарасул  Бобоев ўз хотираларида Ойбек тўғрисида бундай одилона сўзларни ёзган эди: "Ойбек жуда зўр ишларди. Чарчаш нима эканлигини билмасди. "Ҳамза" достонини бир ҳафтада ёзди, десам ишонмассиз. Бу менинг кўз олдимда бўлган   воқеадир".

Ойбек умрининг охирида оғир касалга чалинади, атрофида бўлган турли тазйиқлар ўз таъсирини кўрсатди. Унинг ниятлари жуда катта эди. Темур, Бобур ҳақида роман ёзишни мақсад қилганди. Дебоча сифатида "Темур" ва "Бобур" достонларини бошлаган, аммо тугатиш насиб этмади.

...Тонг оқариб қолган, хўрозлар қичқирмоқда. Китобнинг охирги сатрларини ўқияпман. Уни нашрга тайёрлаган адабиётшунос олим Наим Каримов "Ушбу хотиралар орқали китобхон севимли ёзувчисининг қандай инсон бўлганини билса, бунинг нимаси ёмон", дейди. Дарҳақиқат, буюк инсонлар ҳаёти келгуси авлод учун ибрат намунасидир.

... Оппоқ тонг отди, ҳайҳот, бу умр -

Ўтди бир дарё, ё бир тутам нур.

(Ойбекнинг охирги шеъридан).

Бўстон РАҲМОНОВА

Report typo