Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Оксана АКУЛОВА

24.11.2018


ШАХСИЙ "БОИНГ"ИДА УЧГАН ЁЗУВЧИ

- Катта акаларимиз билан доим суҳбатлашардик, - дейди  Эльдар. - Улар бизникига меҳмонга келишарди, ҳатто отам хорижда ишлаганида ҳам. Энг каттамиз Санжар Москвада яшайди, уни камдан-кам кўрамиз, аммо телефон орқали гаплашиб турамиз. Унинг ўз бизнеси бор. Ўртанча акам Аскар Қирғизистоннинг ташқи ишлар вазири бўлган, мазкур лавозимдан кетгач, "Чингиз Айтматов номидаги Иссиқкўл форуми" жамоат фондини бошқарди. Бишкекда яшайди, шу боисдан тез-тез кўришиб турамиз. Туғишган опам Ширин билан жуда яқинмиз. У Жогорку кенешда депутат бўлганди, ҳозир сиёсатни тарк этган, икки қизини тарбия қилмоқда. Унинг ҳам ўртача ўз бизнеси бор, ҳозир оиласи ва ўз ишлари билан банд. Мен рассом ва дизайнерман, 2000 йили отам ташкил этган "Чингиз Айтматов халқаро фонди"ни бошқараман.

Айтматовнинг олти қиз набираси бор - акаларим ва опамнинг қизлари ва икки ўғил набираси - менинг ўғилларим. Яна иккита эвараси бор - Санжарнинг қизи фарзандлари. Ҳақиқатан ҳам, отам ҳаётлигида фақатгина катта набираларига бирмунча вақт меҳр беришга улгурган, менинг ҳамда Шириннинг фарзандлари унинг ўлимидан сўнггина   дунёга келишган. Айтмасам бўлмайди, мени ҳали Чолпон исмли ўгай опам бор - у онамнинг биринчи никоҳидан бўлган қизи. Ота-онам оила қуришганида, у балоғат ёшида бўлган. Отам уни ҳам жуда яхши кўрарди. Айни вақтда у Лондонда яшаяпти, ўғли улғаяяпти. Чиндан ҳам Айтматовлар катта оиладан иборат.

* * *

Мен учун Чингиз Айтматов биринчи навбатда ОТАМ эди. Йиллар ўтган бўлса-да, шубҳасиз, у ўзига хос инсон бўлганини фаҳмлай бошладим, барча унга ва бизга доим диққат-эътибор қаратарди. Болалик чоғларимда шундай воқеа бўлганди: машинада борардик, ёнимизда ҳукуматдан қандайдир киши бор. У бурилиб мендан "Биласанми, мамлакатимизда энг катта инсон ким?" дея сўради. Мен шу ондаёқ ўша вақтда Қирғизистонни  бошқарган Олий совет раисининг фамилиясини айтдим. Ўша инсон кулиб юбориб деди: "Энг муҳим инсон - бу сенинг отанг". Мен жуда ҳайрон бўлдим. Биз уйга етиб келганимизда, отам мени мақтаб, тўғри жавоб қайтарганимни таъкидлади.

Мени барча вақт донгдор фамилиямиз таъқиб қилар ва бу билан ҳисоблашишимга тўғри келарди. Нохуш паллалар ҳам бўлган. Бошланғич мактабда ўқиб юрганимда, ортимдан отамнинг хизмат машинаси келарди. Биз шаҳар атрофида яшардик ва уйгача бемалол, мустақил етиб боролмасдим. Шу сабабли, синфдошларим мени бой деб аташарди, бу совет даври учун кўнгилни оғритадиган лақаб эди. Бизга, шубҳасиз, ҳавас қилишарди. Бироқ менга барчасига фақатгина отам сабабли эришганимни айтишмасди. Эҳтимол, опам парламентда депутат бўлганида шунга ўхшаш сўзларни эшитишига тўғри келгандир ёки акамларга, ахир Аскар вазир, Санжар эса Қирғизистоннинг Москва ва Европадаги махсус вакили бўлди. Аммо Ширин отамнинг ўлимидан сўнг депутат бўлди, ўйлашимча, гапириш ғалати, буларнинг барчаси отамнинг хизматлари эди.

Менга ҳеч қачон сиёсатчи бўлишни жиддий равишда таклиф этишмаган, афтидан бу йўлни танламаган бўлардим. Отам доим бу шуғулланишга арзийдиган иш эмас, деб айтарди. Унинг ўзи совет иттифоқи қулаганидан сўнг қирғиз халқи ундан президентлик лавозимини эгаллашни илтимос қилганида буни рад этганди. Шунда қанчалар ғазаблангандим-а! Менга отам рози бўлиши керакдек туюлган, Айтматов ўз халқи учун кўп яхши ишларни қилишга қодир, деб ҳисоблаганман. Ҳозир у тўғри иш қилганини тушунаяпман. Агар президент бўлганида, ҳаётни анча эрта тарк этарди, негаки жуда мулойим ва таъсирчан инсон бўлган, барчасини юрагига яқин оларди.

Шубҳасиз, ҳаётимизда отам сиймоси ҳал қилувчи ўрин тутганини тушунаман. Ҳозирга қадар оддий одамлар Айтматов оиласига катта ҳурмат-иззат билан муносабатда бўлишларини ҳис қиламан, отам улар учун  халқимизнинг тимсоли эди.

Айтматов қандай ота бўлган? Жуда меҳрибон ва ғамхўр. У доимо жуда банд бўлган, шунга қарамай бизлар ва опамга кўп вақтини ажратарди. Ижод қилиб ўтирганида, ёнига секингина кириб ўтирардим ва расм чизардим. Отам шунчаки диванда ётгани ва танбаллик қилганини эслолмайман. Биз ҳатто ҳеч қачон истироҳат қилишга оилавий йўл олмаганмиз. Қачонки уни чет элнинг аллақаерига жўнатишса, отам бизни ўзига ҳамроҳ қилиб оларди ҳамда бу таътилимиз бўларди. У бизга "Манас"ни ёки ўзи ўйлаб топган эртакларни ўқир ёхуд ҳикоя қилиб берарди. Гоҳо ўқиш вақтида уйқуга кетиб қоларди (шунчалик ҳолдан тойиб), биз эса опам билан уни уйғотиб, илтимос қилардик: "Яна. Яна. Яна". Ота-онам хат-саводимиз учун жуда қайғуришган. Мен       инглиз тили йўналишидаги мактабда, кейинроқ эса Москвага кўчиб келганимизда марказий мусиқа мактабида ўқиганман. Скрипка, фортепиано чалардим. Аммо барибир рассом бўлдим.

* * *

Бизникида ҳар доим кўплаб қизиқарли инсонлар меҳмон бўларди. Уларнинг кўпчилигини эслолмайман, негаки бунга аҳамият бермаганман. Отам Люксембургда элчи бўлганида, Мстислав Ростропович меҳмон бўлганди, у бу вақтда аллақачон Ғарбда яшарди. Мен скрипка чалардим, опам эса - фортепиано. Меҳмонлар олдида чиқиш қилишимиз ота-онамга жуда ёқарди. Бир куни Ростропович мен учун ўзига хос машғулот ўтказди: аввалига у виолончелда, сўнгра мен скрипкада чалдим, шунда у менга нимадир маслаҳат берди, хатоимни тузатди.

1986 йили отам ўтказган Иссиқкўл форумида Қирғизистонга бутун дунёдан шоирлар, ёзувчилар, файласуфлар ва мутафаккирлар келишди: америкалик насрнавис Жеймс Болдуин, драматург Артур Миллер, турк ёзувчиси Яшар Кемаль, британиялик машҳур актёр Питер Устинов, Нобель мукофоти лауреати, француз Клод Симон...

Афсонавий Габриэль Гарсиа Маркес, италиялик сценарийнавис Тонино Гуэрра ва Микеланжело Антониони меҳмон бўларди. Мен фақатгина уларнинг атрофида югуриб юрганим, улар стол атрофида ўтиришганида эса ўйнаб ўтирганимни хотирлайман. Ҳаттоки буларнинг барчаси тасвирга туширилган аллақандай оилавий видео ҳам бор. Ҳозир буни кўриш ўзимга қизиқ туюлади.

Мактаб ўқувчиси бўлган даврларимда отам мени ўзи билан бир неча бор Берлин кинофестивалига олиб борганди. У ерда ҳам кўплаб юлдузлар бўлган. Бу одамларнинг ким бўлганини тағин англаб етолмадим. Голливуд актёри Морган Фриман ва итальян режиссёри Бернардо Бертолуччи биз билан бир машинада кинотеатрларни кўриб чиқишарди. Ўшанда мен таржимон ролини бажарардим, отам эса бу одамлар билан хотиржам суҳбатлашарди. Отамга ёрдамлашаётганим ёқарди. Кейинроқ эса, улғайганимда, отамга нафақат таржимон бўлдим, балки ҳайдовчи, котиб ва ҳар жойда ҳамроҳ бўлиб юрардим.

Отам доимо одатий шарикли ручкада ёзарди. Унга тез-тез аллақандай қимматбаҳо нусхаларини ҳадя этишса-да, ҳатто уларнинг иккитаси тиллодан эди, аммо улардан тамоман фойдаланмасди. Кўпинча отамга хат-хабар ёзиб туришида компьютерда жавоб мактубларини териб кўмаклашардим. Умрининг сўнгги кунларига қадар унинг олдида бўлдим - бу энг улкан бахт эди. Чамаси бу борада акаларим ва опамга нисбатан кўпроқ омадим чопган.

* * *

Умрим давомида оиламиз жуда бой бўлганини кўп эшитганман. Бир куни газетада отам Қирғизистонга ўзининг шахсий "Боинг"ида учиб келгани ҳақида ёзилган хабарни ўқиб қолдим. Сўрайман ундан: "Наҳотки бизда самолёт бор?" У эса жавоб ўрнига кулади. Ҳақиқатда ҳам отам чегарага туташ вилоятлардаги қирғизлар ва маҳаллий ўзбеклар ўртасидаги қонли ёвгарчиликларга барҳам бериш ва уларни тинчлантириш учун ҳарбий самолётда Москвадан Ўшга шошилинч равишда учган. Одамлар сиёсатчиларга бўйсунмай қолишса, у тез-тез тинчлик ўрнатувчи шахс бўлиб, оломон олдида чиқиш қиларди. Улар Айтматовни жуда ҳурмат қилишарди.

Отам умуман уддабурон инсон бўлмаган - муаллифлик ҳуқуқларини шунчаки топшириб юборарди. Баъзи нашриётлар билан бугунга қадар отамнинг ижодидан ноқонуний фойдаланишни тўхтатишларини сўраб курашиб келаман. Масалан, яқинда Шри-Ланкада "Жамила" қиссаси бўйича сериал олишаётганини билиб қолдим. У ерга бу ҳақда ёзгандим, бари беҳуда.

Отам пулларини таълим олишимизга сарф этган. Барчамиз Москвада ўқидик, кейин хорижда - АҚШ, Буюк Британия, Туркия ва бошқа мамлакатларда, буларнинг бари собиқ иттифоқ даврида юз берганди. Масалан, опам беш ёки олти тилни билади. Барчамизнинг маълумотимиз аъло даражада. Унинг ўзи эса ҳаётда жуда ўртамиёна умргузаронлик қилган, ҳеч қандай коллекция тўпламаган, қиммматбаҳо буюмларни харид қилмаган, уйда ҳам сал бўлмаса, зоҳидона ҳаёт кечирган, уни моддий манфаатдорлик қизиқтирмаган.

* * *

Чингиз Айтматовнинг ўғли бўлиш нимани англатади? Бу - катта масъулият. Отам хотираси ва унинг барча ўқувчилари олдида бурчим шундан иборатки, унинг китобларини кейинчалик ҳам нашр эттиришим, меросини сақлашим зарур. МДҲ давлатлари мактаблари  дастурига унинг ижод намуналари киришини жуда истардим. Ҳатто ўзимизда, Қирғизистондаги мактабларда ҳам унинг ижодини унча кўп ўрганишмайди, фақат қисқа таржимаи ҳол, қисқа ҳикоялар ўрин олган.

Ҳозир бизникига - уй-музейимизга Қирғизистон, Қозоғистондан отамнинг ўқувчилари севимли ёзувчиси қандай яшагани, қаерда ижод қилганини кўриш мақсадида келиб туришади. Аммо бир пайтнинг ўзида мактаб ўқувчилари ҳам келиб сўрашади: "Ким у Айтматов? Ҳофизми? Шоирми?" Эвоҳ, янги авлод уни деярли билмайди. Ҳозир биз жорий йилда отам таваллудининг 90 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўраяпмиз. Унинг асарларини нашр этишни хоҳлаймиз: баъзилари ҳали нашр этилмаган, эртаклари тўплам ҳолида  дунё юзини кўради. Айни дам шу ишлар билан шуғулланаяпман. Қачон ўзимни ёмон ҳис қилсам, отамнинг кабинетига кираману унинг борлигини ҳис этаман ва у билан хаёлан суҳбат қураман...

Оксана АКУЛОВА,

Олма-Ота

Рус тилидан Азизбек НОРОВ таржимаси

Report typo