Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Азизбек НОРОВ

22.02.2017


ШАМОЛ ЭНЕРГЕТИКАСИ ИСТИҚБОЛЛАРИ

Ана шу жараёнда гелио, гидро, шамол, биомасса қувватларидан жадал фойдаланиш бугунги замон талабига мос келиши билан аҳамиятли. Қолаверса, улар ёрдамида энергия ҳосил қилиш технологиялари экологик жиҳатдан тоза ва атроф-муҳит учун мутлақо безиён ҳисобланади.

Олимларнинг ҳисоб-китобига қараганда, жаҳондаги иқтисодий ривожланиш боис 2030 йилга бориб электр энергиясига бўлган талаб аср бошидагига нисбатан 50 фоиз ошади ва бу борадаги эҳтиёж 23,27 миллиард тонна шартли ёқилғини ташкил этади. Демак, бунинг оқибатида атроф-муҳитга етказилган зарар ўз-ўзидан кучайиб боради. Бу ҳисоб-китоблар эса жаҳон энергетика соҳаси мутасаддилари олдига муқобил энергия манбаларидан кенг фойдаланиш бўйича самарали ишларни амалга ошириш, янги-янги технологиялар кашф этилишини тезлаштириш талабини қўймоқда.

Шу мақсадда олиб борилаётган изланиш ва саъй-ҳаракатлар ўз мевасини узоқ куттираётгани йўқ. Буни айни вақтда жаҳон миқёсида ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 10,2 фоизи қайта тикланувчи қувватлар ҳиссасига тўғри келаётганидан ҳам билиш мумкин. Бу ҳаракатларни ривожлантириш орқали эса энергетика корхоналари томонидан атроф-муҳитга чиқарилаётган зарарли чиқиндиларни 500 миллиард тоннага камайтириш имкони мавжуд.

Муқобил энергия манбалари ичида шамол қувватидан фойдаланиш энг истиқболли лойиҳа саналади. Ҳозирда жаҳоннинг кўплаб ривожланган давлатларида, Голландия, Германия, Франция, Данияда шамол генераторлари ёрдамида ишлаб чиқарилаётган электр қуввати шу давлатларда ишлатиладиган энергия умумий ҳажмининг 80 фоизини ташкил этмоқда.

Муқобил энергия манбалари асосида ишлаб чиқарилаётган электр энергияси арзонга тушиши, атроф-муҳитга зарари йўқлиги боис бундай лойиҳалар амалиётга тобора кенг жорий қилинаяпти, уларга катта миқдорда инвестиция йўналтирилиб, истиқболли ишланма ҳамда тадқиқотлар қўллаб-қувватланаяпти.

Бу борада юртимизда ҳам ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2013 йил 1 мартдаги “Муқобил энергия манбаларини янада  ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони муқобил энергия манбаларидан кенг ва самарали фойдаланиш борасидаги тадбирлар кўламини оширди.

Эътиборлиси, мамлакатимизнинг бир қатор ҳудудларида доимий шамол эсиб туради. Жумладан, вилоятимизнинг юқори ва тоғли зоналарида ҳам шундай. Шу каби омилларни инобатга олиб, бизнинг ҳудудда ҳам шамол энергетикасидан самарали фойдаланиш мумкин. Бироқ, ҳозирча бугунги кунда мамлакатимизда замонавий йирик шамол генераторлари мавжуд эмас.

- Бизнинг иқлим шароитимизда йирик шамол генераторлари ҳадеганда кутилган натижани беравермаслиги мумкин, - дейди ёш тадқиқотчи Фазлиддин Диёров. - Чунки мазкур генераторлар талаб қиладиган шамол ва унинг тезлиги бизда доимий равишда кечмайди. Яъни мавсумий. Айрим тоғли ва юқори ҳудудлар бундан мустасно, албатта. Аммо бу борада биз хориж тажрибасига таянсак, айни муддао бўларди. Бунинг учун шамолдан энергия ҳосил қиладиган кичик-кичик двигателлар ҳам кифоя. Масалан, улардан транспорт воситалари қатнайдиган қарама-қарши автомагистралларда фойдаланиш мумкин. Яъни двигателни қарама-қарши йўлларни ажратиб турувчи тўсиқнинг одам таъсиридан юқорироқ нуқтасига ёки светофор, йўл белгилари қаторига ўрнатиш мумкин. Транспорт машиналарининг оқими двигателнинг энергия олиши учун талаб қилинадиган шамол тезлигини бемалол ҳосил қила олади. Натижада, двигатель олинган энергияни махсус батареяга тўплаб беради. Тўпланган энергиядан эса светофор ёки тунги чироқларни ёритишда кенг фойдаланиш мумкин. 

Юқорида айтилганидек, юртимизда шамоллар мавсумий, турли хил кучда ва нотекис эсади. Мутахассислар шу каби жиҳатларни инобатга олиб, ҳудудларда ўртача қуввати 60-250 киловаттга тенг бўлган 70 мингдан ортиқ шамол генераторини ўрнатиш мумкинлигини таъкидлашади. Мисол учун, 40-80 метр баландликка ўрнатилган шамол генератори ёрдамида 25-50 киловаттдан ортиқ электр энергияси ҳосил қилиш мумкин экан.

Бундан ташқари, “Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компанияси хорижий шериклар билан ҳамкорликда 2020 йилгача 6 та шамол электр станциясини ишга туширишни режалаштирган. Аҳамиятлиси, станциялар ўрнатиладиган ҳудудлар ичида вилоятимиз ҳам бор.

Айтиш лозимки, шамол энергияси станциясини қуриш ва ишга тушириш бошқа муқобил энергия манбаларига нисбатан арзон ва қулай. Бундан ташқари, станция минорасининг асоси одатда ер остида бўлгани боис, унга яқин ерларда ҳам қишлоқ хўжалиги экинларини экиш имконияти сақланиб қолаверади. Бошқача айтганда, мазкур қурилмалар учун ажратилган ҳудудлар деҳқончиликка сира салбий таъсир қилмайди. Шунингдек, улар ҳеч қандай ёқилғи ҳам талаб этмайди.  

Таъкидлаш жоиз, мамлакатимиз ёқилғи-энергетика ресурслари бўйича ўз эҳтиёжини тўла таъминлай оладиган давлат саналади. Айни вақтда бу таъминотнинг асосий қисми, яъни қарийб 80 фоизини табиий газ, 7,6 фоизини нефть, 5 фоиздан ортиғини кўмир ташкил этади. Аммо бу табиий ресурсларни истаганча сарфлаш мумкин, дегани эмас. Уни мамлакат иқтисодиёти, келажак авлод учун тежаш жуда муҳим. Қолаверса, мамлакатимиз муқобил ва қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича ҳам улкан салоҳиятга эга. Биргина шамол энергетикаси имкониятларини тўғри баҳолаш ҳамда унга тўғри ёндашув келажакда минтақада электр энергияси таъминоти ва энергетик мувозанатни сақлашда муқобил энергия манбаларининг ролини кучайтиришга имкон яратади.

Азизбек НОРОВ

Report typo