Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
18 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

З.САЛЯМОВА, М.ЗИЁТОВ

21.08.2020


ҚЎШИЛГАН ҚИЙМАТ СОЛИҒИНИНГ САЛБИЙ ФАРҚ СУММАСИ ҚАНДАЙ ҚАЙТАРИЛАДИ?

Солиқ қонунчилиги

Маълумки, янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 274-моддасига мувофиқ ўрни қопланиши лозим бўлган солиқ суммаси солиқ бўйича келгуси тўловлар ҳисобидан ҳисобга олиниши кўзда тутилган.

Айни пайтда бу амалиёт жорий этилган, тизимдаги ўзгаришлар айрим солиқ тўловчилар ўртасида тушунмовчиликларга сабаб бўлаётгани ҳам бор гап.

Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 августдаги тегишли қарори билан қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланган бўлиб, унга асосан ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш шартлари ва тартиби белгиланган.

Янги тартибга кўра, ҚҚС (қўшилган қиймат солиғи)нинг салбий фарқ суммасини қоплаш бошқа солиқлар бўйича қарздорликни узиш ҳисобига қопланади.

Бунда ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш масаласи қоида тариқасида солиқ тўловчи ҳисобга олинган жойдаги давлат солиқ бошқармаси томонидан, йирик солиқ тўловчилар бўйича эса йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ  инспекцияси томонидан кўриб чиқилади ва қарор қабул қилинади.

Солиқ тўловчи томонидан ортиқча тўланган ёки ундан ортиқча ундирилган ҚҚС суммасини қайтаришга ҳамда чет давлат фуқароларига ҚҚС суммаси ўрнини қоплашга (ТАХ FREE) нисбатан мазкур низом қоидалари татбиқ этилмайди.

Таъкидлаш жоизки, қопланиши лозим бўлган ҚҚС суммаси деганда,  товарларни (хизматларни) реализация қилишга доир операцияларнинг солиқ базасидан ҳисоблаб чиқарилган ҚҚС суммаси билан олинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобга олинадиган ҚҚС суммаси ўртасидаги салбий фарқ тушунилади.

Мисол учун, тадбиркор 115 сўмлик товар импорт қилди (шундан 15 фоиз ҚҚС 15 сўм). Маҳаллий бозорда фаолият юритаётган "А" тадбиркордан ҳам 115 сўмлик маҳсулот харид қилди (шундан 15 фоиз ҚҚС 15 сўм). Тадбиркорнинг умумий харажати 230 сўмни, жами тўлаган ҚҚС миқдори 30 сўмни ташкил этди.

Тадбиркор ички бозорда 184 сўмлик товар сотди (товар қиймати 160 сўм + 15 фоиз ҚҚС 24 сўм). Ҳосил бўлган ҚҚС салбий фарқ суммаси 6 сўм.

Бунда тадбиркор ҚҚС салбий фарқ суммаси (6 сўм) ўрнини қоплаш (қайтариш) тўғрисида ҳисобга олинган жойдаги солиқ органига шахсий кабинети орқали белгиланган шаклдаги ариза билан мурожаат қилади.

ҚҚС суммаси солиқ тўловчига солиқ органининг ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш тўғрисидаги қарори асосида амалга оширилади. Бунда қоплаш тезлаштирилган тарзда 7 кундан кечиктирмай, йирик солиқ тўловчилар, дипломатик ваколатхоналар, банк кафолатига эга шахсларга,   экспортчи корхоналарга, маҳсулот тақсимотига оид битим иштирокчиларига ("0" ставка) ва солиқ мониторинги иштирокчиларига қайтарилади. Умумий тартибда 60 кундан кечиктирмай бошқа корхоналарга қайтарилиши лозим.

З.САЛЯМОВА, 

вилоят давлат солиқ бошқармаси солиқ солиш бўйича маслаҳат бўлими ходими

М.ЗИЁТОВ,

бошқарма қўшилган қиймат солиғи маъмурчилиги бўлими бошлиғи

 

Report typo