Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўролбой ҚОБИЛ

01.12.2018


ШУНИ ҲАМ ЎРГАТИНГ, МУАЛЛИМ...

     

Қалбларга солинган кўприк

 Туркий халқлар адабиётида машҳур қирғиз адиби Чингиз Айтматовнинг номи алоҳида ўринга эга. Бу йил таваллудининг 90 йиллиги кенг нишонланаётган севимли адибимизнинг асарлари орасида "Биринчи муаллим" қиссаси айниқса, машҳур. Асардаги ўқитувчи Дуйшэн образи покиза қалб эгаси, метин иродали,  мардонавор курашчи, қалбини болаларга бахшида этган инсон сифатида тасвирланган.

Мана бу сатрларга бир эътибор беринг: "Кўприк солишга ёғоч топиш учун Дуйшэн ҳар қанча ҳаракат қилса ҳам бўлмади. Бир куни мактабдан қайтаётганимизда, болаларни ариқдан ўтказиб қўйдик-да, Дуйшэн иккаламиз ариқ бўйида қолдик. Сув кечишдан қутулиш учун тош ва чимдан ҳатламчи ясамоқчи бўлдик. Ростини айтганда, овулдагиларнинг ўзлари инсоф қилишса, шу ерга иккита-учта тахта олиб келиб ташлашса, кўприк ҳам битарди-қўярди, лекин у замонларда ўқишнинг маъносига ақли етмаган халойиқ,  Дуйшэнни анчайин бекорчи афанди деб билишарди. Чидасанг ўқит, бизни тинч қўй, дегандай от кечган ерга кўприк солиб ўрганмаган одамлар, бизнинг мушкулимизни осон қилиш етти ухлаб тушларига ҳам келмабди-я! Лекин улар таналарига бир ўйлаб кўришса бўларди: нима учун бошқалардан ортиқ бўлса борки, лекин кам ери бўлмаган, ақли ҳуши жойида бу навқирон йигитнинг шунча азоб-уқубат, хўрликларига қарамай, тиришиб-тирмашиб уларнинг болаларини ўқитиб, қўлидан келганича уларга илм бераётганининг важи нима эди? Биз ўша куни ариққа ҳатламчи солаётганимизда биринчи қор тушган эди. Суяк-суяклардан ўтиб оёқ-қўлни қақшатган муздек сувда Дуйшэннинг оёқяланг бўлиб олиб, катта-катта харсанг тошларни кўтариб юрганига ҳали-ҳали ақлим етмайди…"

Дуйшэн ях кечиб солган кўприк аслида ариққа эмас, болаларнинг қалбига томон солинган эди. Адиб бу образ орқали оддий халқ зиёлиси - ўқитувчининг бетакрор ички дунёсини маҳорат билан очиб берган.

Қашқирларни қўрқитган дафтарлар

Хоразмда Матназар Абдулҳаким   деган шоир яшаб ўтди. Унинг "Жавзо ташрифи" номли шеърлар тўпламида "Дарсдан сўнг" деган гўзал шеър бор.

Маъноси шундай: чекка овулдаги мактабда муаллималик қилаётган аёл ҳар куни қир оша мактабга қатнайди. Кунларнинг бирида муаллима уй вазифасини топширмаган етти ўқувчини қаттиқ койиди. Сўнгра бир қучоқ дафтарни олиб, уйига қайтмоқчи бўлди. Ҳамкасбларидан бири қолинг деб қистаса ҳам, уйига алағда бўлиб йўлга отланди ва ярим йўлда қашқир таъқиб қилаётганини пайқади. Муаллима жондорнинг оловдан қўрқишини билар, битта-битта дафтарларни ёқиб, йўлида давом этаверди. Овулга етишига озгина қолганда  қўлтиқда дафтар, қашқирда сабр тугади...

Балки яна олти-етти дафтар бўлганида  муаллима уйига эсон-омон етиб олармиди? Аммо мудҳиш воқеа  содир бўлди. Муаллиманинг азасида ҳув ўша дафтар топширмаган етти ўқувчи  ҳаммадан ёмон йиғлади.

Бироқ шеър  бу билан тугамайди.

Нўноқ назмим учун афв эт, халқим,

На олим, на фозил, на сўз пириман.

Ўз вақтида дафтар топшира олмай

Қолган болаларнинг бириман.

Мен машқ бажараман, ёзаман ҳар кун

Дараклар, сўроқлар, хитобларимни.

...Сен йўл бўйи ёқиб, ташлаб кетавер

Қашқирлар қўрқувчи китобларимни.

Яна бир гап.  Шоирнинг шеъри сабаб Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа тумани Бўстон шаҳарчасида "Устозга эҳтиром" монументи бунёд этилган…

"Нега менинг боламга муаллим бўласан, дедингиз?"

   Адиб Луқмон Бўрихонни  наср ихлосмандлари яхши танишади. Унинг қаламига мансуб "Сирли муаллим" қиссасидаги  воқеалар  овлоқ  қўрғонда қурилган мактабда бўлиб ўтади.

Мактаб директори Қалқонов ўзининг тушунтириш хатида шундай ёзади: "Шу воқеадан сўнг бирор ҳафта ўтар-ўтмас Зокирнинг онаси Моҳигул, ҳув, Сафармурод чавандознинг қизи мактабга   бостириб келди:

"Ўв, ўртоқ Қалқонип, нега менинг боламга муаллим бўласан, дедингиз?  Ўғлим бечора неча кундан бери қаҳшаб йиғлаб юрибди".

 Мен ҳангу манг қотиб қолган  эдим. Тилим аранг калимага айланди.

"Нега йиғлайди?! Нима, ёмон тилак билдирибманми?"

"Жўралари устидан кулиб юришибди экан. Нега ундай дедингиз? Болам кимдан кам, нега у муаллим бўлар экан?!"

Мен жўяли бир жавоб топгунимча Моҳигул қарғана-қарғана хонамдан чиқиб кетди".

Кейин эса мактабга баланд бўйли, келишган, яп-янги, қимматбаҳо костюм-шим, оппоқ кўйлак кийган, юз-кўзларидан алланечук нур ёғилган йигит "Нексия"да келади. Бу  йигит фидойи муаллим   Нажот Ғайбулла эди...

Воқеалар ривожи сизни ҳам қизиқтирса, албатта, шу китобни топиб ўқинг.  Афсус қилмайсиз...

Қишлоқдаги энг зўр одам

Энди муаллимнинг мартабаси   раисдан ҳам зўр бўлган даврлардан ҳам бир гурунг айтай...

Ҳусан муаллимнинг нафақа тўйида маҳалла оқсоқоли Дўстёр раис шундай деб қолди:

- Болалигимда ота-онамнинг арзандаси, эркатой эдим.  Ростини айтсам, ўқишга ҳам  унчалик ҳушим йўқ, дарсга ҳам хоҳласам борар, хоҳламасам бормасдим. Кунларнинг бирида уйимизга Ҳусан муаллим келиб, отамга дабдурустдан дўқ урди:

- Эртадан бошлаб ўғлингиз мактабга бормасдан, дарс қолдирадиган бўлса, сизни ишдан ҳайдатаман, - деди-да, ортига қайтиб кетди.

Назаримда қишлоқдаги энг зўр одам деб  юрганим отам, мулзам бўлганча муаллимни кузатиб қўйгач:

 - Энди нима қиламиз, Дўстёрбой? - деб менга савол берди.

Мен  энамга илтижоли қарадим.

Энам эса бамайлихотир деди:

- Ҳусан муаллим айтганини қиладиган одам, ҳатто колхоз раиси ҳам у кишидан ҳайқади.

Отам индамай бош ирғади.

Ўша кундан бошлаб  менинг болалик кунларимда кескин бурилиш бўлди. Азонда туриб юз-қўлимни ювдим, чой ичдим ва сумкамни олиб мактабга жўнадим. Кунлар ўтиши билан ўқишимда ҳам сезиларли ўзгаришлар бўлди, йил охирига бориб  илғор ўқувчилар қаторига ўтдим.

 Менинг назаримда қишлоқдаги энг зўр одам Ҳусан муаллим бўлиб қолаверди. Агар Ҳусан муаллим бўлмаганида сизнинг қаршингизда турган камина, олий маълумотли агроном, хўжалик раиси,  маҳалла оқсоқоли ҳам бўлмасди!  

Биз кўниккан жавоблар ва...

Меҳр нури ёғар доим юзингиздан, устозлар,

Юрсам дейман бу табаррук изингиздан, устозлар...

Ҳа, хонанда Санобар Раҳмонова ижросидаги  шоир Пўлат Мўмин қаламига мансуб "Устозлар" деган ашуланинг шинавандалар тилига тушганига ҳам анча йиллар бўлди. Севимли шоиримиз Абдулла Ориповнинг  муаллимларга аталган, "Муаллим ҳақида сўзим ушбудир: муаллим камолот ичра кўзгудир" деган бетакрор битикларининг эса байрамлару тадбирларда бот-бот янграшини     айтмайсизми?!

Бугун муаллимнинг мартабаси яна юксалмоқда. Юртимизда педагог ходимларнинг қадр-қиммати ва нуфузини ошириш, уларнинг моддий-маънавий ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида улуғвор ишлар амалга оширилмоқда. Тез орада болаларимиз "Ким бўлмоқчисан?" деган саволга биз кўниккан "Прокурор", "Молиячи", "Банкир", "Ҳарбий"…  деган жавоблардан ҳам кўпроқ "Муаллим!" дея жавоб берадилар, албатта. Ва бу жавоб ўзгача ғурур ва ифтихор билан жаранглайди.

...Энди навбат ўзимизга келди чоғи. Камина ҳам қатордан қолмай муаллимларга деб,  бир нималар қоралагандим:

...Учрашиб қолгудек бўлсак мабодо

Сўроққа тутасиз:

 "Хўш, ишлар қалай?"

Гоҳ "яхши" деймизу  гоҳ шу аснода,

Довдираб қоламиз, мисли болакай.

"Ҳаёт - тошқин дарё, сузмоқ бўлсанг гар,

Изланмоқ керак", деб бергансиз таълим.

Илк бор имло ёзиб, ўргатган мисол,

Шуни ҳам ўргатинг, азиз муаллим!

Ўролбой  ҚОБИЛ

Report typo