Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
1 декабрь, сешанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

20.10.2020


СИЗ ЎЗИНИ ЎЗИ БАНД ҚИЛГАН ШАХС ҲИСОБЛАНАСИЗМИ?

Меҳнат даромади олишга йўналтирилган жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш, ишларни бажариш бўйича шахсий меҳнати билан иштирок этишга асосланган фаолиятни мустақил амалга оширадиган, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатга олинмаган ва ўз фаолиятида ёлланма ходимлар меҳнатидан фойдаланмайдиган жисмоний шахслар ўзини ўзи банд қилган фуқаролар ҳисобланади.

 Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга меҳнат стажини ҳисобга олиш ва рағбатлантирувчи имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи билан вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари қуйидаги фаолият йўналишлари бўйича берилади:

 уйда репетиторлик қилиш - болалар ва катталар билан таълим фанлари бўйича якка тартибда ва гуруҳ бўлиб машғулотлар ўтказиш;

 болаларга қараб туриш ва уларни парвариш қилиш бўйича жисмоний шахсларга кўрсатиладиган хизматлар;

 беморлар ва ўз-галар парваришига муҳтож кекса шахсларга қараб туриш ва уларни парвариш қилиш бўйича жисмоний шахсларга кўрсатиладиган хизматлар;

 уй хўжалигини юритиш ва уй ишларини бажариш, шу жумладан, турар жойларни тозалаш, овқат пишириш бўйича уй хўжаликларига хизмат кўрсатиш;

 хизмат биноларини тозалаш, юридик шахс ҳудудини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш;

 уйда мебелларни таъмирлаш ва йиғиш;

 мураккаб бўлмаган умумий қурилиш, таъмирлаш-қурилиш ишлари (бетон қуйиш, бўёқчилик, сувоқчилик, ғишт ва кафель териш, перфорация, дурадгорлик, чилангарлик ва бошқа умумий қурилиш ишлари);

 сантехника ускунасини майда таъмирлаш ва ўрнатиш;

 квартира ичида (шахсий қурилиш ишларида - уй ичида) электр монтаж ишлари (электр хавфсизлиги бўйича рухсат бўлганда);

 деҳқон ва фуқароларнинг томорқа участкаларида ер чопиш ва рекультивация ишлари;

 фермер хўжаликлари эгалари буюртмаси бўйича қишлоқ хўжалиги ишлари (қишлоқ хўжалиги ўсимликлари ва ҳайвонларга қараб туриш, қишлоқ хўжалиги экинларини йиғиш ва   бошқа қишлоқ хўжалиги ишлари);

 фуқароларнинг дала-ҳовли ва томорқа участкалари ландшафтини тузиш ишлари;

 қишлоқ хўжалиги ўсимликларини экиш ва парвариш қилишда, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилини йиғиб олишда деҳқон ва томорқа участкалари эгаларига ёрдам бериш;

 чорва молларини ўтлатиш, уларга қараб туриш;

 компьютерларни таъмирлаш ва созлаш, лицензияланган дастурий таъминот ўрнатиш, сайтларни, компьютер дизайнини ишлаб чиқиш, тизим маъмури хизматлари;

 буюртмачининг уйида бажариладиган маиший техникани таъмирлаш;

 автомобилларни майда таъмирлаш;

 автомобиль ювиш, автомобиллар кузовларини силлиқлаш;

 механизация воситаларини қўлламай бажариладиган юк ортиш-юк тушириш ишлари;

 макулатура, пластик идиш, темир-терсак ва қўшимча хом ашё тўплаш;

 халқ табобати (лицензияси бўлганда);

 бош хизматкор ва консьерж хизматларини кўрсатиш;

 товарларни етказиб бериш, экспедиторлик хизматлари кўрсатиш, шу жумладан, шахсий транспортдан фойдаланиб етказиб бериш (юк ташиш бундан мустасно);

 хизмат биноларини тозалаш, юридик шахс ҳудудини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш;

 Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга меҳнат гувоҳномаси ариза берувчининг хоҳишига кўра, жисмоний шахснинг мурожаати асосида меҳнат органлари томонидан 1 ойдан 12 ойгача бўлган муддатга уларнинг  доимий яшаш жойидан қатъи назар (экстерриториаллик принципи бўйича) пулли асосда берилади. Ушбу тўловларни ундиришдан тушган тушумларнинг бир қисми ўзини ўзи банд қилганларнинг пенсия суғуртасини таъминлашга мақсадли йўналтирилади. Вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари берилган санадан бошлаб ва улар амал қилишининг бутун даври пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун фуқароларнинг меҳнат стажига қўшилади.

 Ўзини ўзи банд қилиш тартибида меҳнат фаолиятини амалга ошириш натижасида олинган даромадларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи татбиқ этилмайди.

 

 

Report typo