Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдуқаюм МАҲКАМОВ

09.04.2019


СОҲИБҚИРОН ШАХСИ ВА АВЛОДЛАРИ ҲАҚИДА НИМАЛАР МАЪЛУМ?

Ўлимдан қўрқмас, ҳатто умрининг охирида (69 ёшида) ҳам хотираси тиниқ, жасорати ва метин табиати билан қудратли қояни эслатарди. Оқсоқланарди. Кўзлари худди ёниб турган шамга ўхшаса-да, бир қарашдаёқ масаланинг туб моҳиятини илғаб оладиган, кузатувчан, мунозара қилиш санъатини сув қилиб ичиб юборган Темур ҳеч қачон хомхаёлга берилмас, орзулари рўёбга чиқмаса, буни яшириб ўтирмас ва тузган режасини ўзгартирмас эди. У ҳақ сўз билан уйдирма гап ўртасидаги фарқни эшитгани ҳамоно аниқ ажрата оларди, шунингдек, у ўз муғамбирлиги билан самимий маслаҳатгўйни мунофиқ фирибгардан бир қарашдаёқ фарқ қила оларди".

Манбаларга кўра, Амир Темурнинг ўғил авлодларидан у вафот этган пайтда 36 нафари ҳаёт бўлиб, шундан тўнғичи амирзода Жаҳонгир (1356-1376) наслидан ўн бир ўғил мавжуд эди. Жаҳонгирнинг катта ўғли, 1375-1403 йилларда яшаган Муҳаммад Султон ибн Жаҳонгирдан уч ўғил қолганди. Муҳаммад Жаҳонгир тўққиз, Яҳё беш, Саъд Ваққос (бу неварани "Менким, Соҳибқирон - Жаҳонгир Темур" асарида Темурнинг бешинчи ўғли деб чалкашликка йўл қўйилган) олти яшар бўлган.

Жаҳонгирнинг иккинчи ўғли амирзода Пир Муҳаммад ибн Жаҳонгир (1376-1407) етти бола билан Кобул ва Ғазна салтанатига эгалик қиларди. Унинг ўғиллари - Қайду, Холид, Бузанжир, Саъд Ваққос, Санжар, Жаҳонгир, Бузрукдир.

Темурнинг иккинчи ўғли Умаршайх Баҳодир (1356-1394) наслидан тўққиз ўғил ва неваралар ҳаёт эди. Пир Муҳаммад ибн Умаршайх бир ўғил (Умаршайх ибн Пир Муҳаммад) билан йигирма олти ёшда, Рустам ибн Умаршайх йигирма тўрт (икки ўғил билан - Усмон олти ёшда, Султонали бир), Искандар ибн Умаршайх йигирма бир, Аҳмад ибн Умаршайх ўн саккиз, Сайди Аҳмад ибн Умаршайх ўн беш, Бойқаро ибн Умаршайх ўн икки ёшда эдилар.

Темурнинг учинчи ўғли, ўттиз саккиз ёшли шаҳзода Мироншоҳ мирзо (1366-1408)нинг ўғил ва набиралари етти нафар эди. Катта ўғил Абу Бакр йигирма уч ёшда бўлиб, унинг икки ўғли - Илангир тўққиз, Усмон Чалабий тўрт ёшда эди. Иккинчи ўғли Умар ибн Мироншоҳ йигирма икки, учинчиси ва Темурдан кейин Мовароуннаҳр тахтига даъво қилган Халил Султон йигирма икки ёшда, Ижал ўн, Суюрғатмиш олти ёшда эди.

Темурнинг кенжа ўғли Шоҳрух Мирзо (1377-1447) йигирма ёшдан ошган бўлиб, унга Хуросон мулк қилиб берилган эди. Унинг етти ўғли бўлиб, Мирзо Улуғбек ва Иброҳим Султон (1394 йил туғилган) ҳар иккаласи ўн бир ёшда, аммо Улуғбек Иброҳим Султондан беш ойлик каттароқ эди. Бойсунқур саккиз, Суюрғатмиш олти, Муҳаммад Жўкий уч, Жон ўғлон икки ва Ярди бир ёшда эдилар.

Соҳибқирон Темурнинг вафоти арафасида қизлари ва невара-қизларидан ўн етти нафари мавжуд эди. Катта қизи Султон Бахт Бегим таниқли ва садоқатли амирлардан бири Амир Сулаймоншоҳ никоҳида яшарди. Темурнинг иккинчи ўғли Умаршайх Баҳодирдан уч нафар дилбар қиз қолганди. Тўнғич невара Муҳаммад Султон ибн Жаҳонгирдан уч қиз, Мироншоҳ Мирзодан тўрт қиз ҳаёт эди. Шоҳрух Мирзода бир, Пир Муҳаммад ибн Жаҳонгир Мирзо, Абу Бакр Мирзо ва Халил Султон Мирзонинг ҳар бирида бир нафардан қиз фарзанд бор эди. Темурнинг иккинчи қизи Оқа Бегим таниқли амирлардан Муҳаммадбек ибн Амир Мусо никоҳида бўлиб, ундан амирзода Султон Ҳусайн (Ҳусайн Бойқаро эмас) дунёга келганди.

Умуман олганда, манбаларда Соҳибқирон шахси, хонадони ва фаолиятига оид кўплаб маълумотлар учрайдики, уларни чуқур ўрганиш янги-янги билимлар бериши билан аҳамиятлидир.

Абдуқаюм МАҲКАМОВ,

жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси

Report typo