Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

13.09.2019


СОҲИР ОВОЗ, БЕТАКРОР ИЖРО

Балки бунга турмуш ўртоғининг ҳам  театрда рассом бўлиб ишлаши ёрдам бергандир. Шу сабаб "Руҳлар исёни"да Қораловчи, "Нуҳ кемаси"да Нехатабелла, "Лайли ва Мажнун"да Мажнуннинг онаси, "Турмуш ҳангомалари"да Амма, "Адашганман"да Она, "Оқ кема"да Баймоқ кампир, "Жаннатга йўл"да Она, "Аршин мол-олан"да Жаҳон хола каби ролларни маҳорат билан ижро этди. "Марҳабо" ашула ва рақс дастаси билан Германия, Россия, Польша каби давлатларида ижодий гастроль сафарларида бўлди.

Биламизки, кино ва саҳна асарларида айрим ижрочилар ўз қобиғидан чиқа олмаслиги кўп кўзга ташланади. Бир роли иккинчисига томчи сувдай ўхшайди. Балки бунга ўз устида ишламаслик, ижодий юксалишга интилмаслик сабабдир.

Ойниса Бобоеванинг роллари эса бир-бирини такрорламайди. Мисол учун, у "Жаннатга йўл"да бетимсол она образини яратган бўлса, "Тўйлар муборак"да шаддод хола сиймосини маҳорат-ла ижро этади. Тарихий жанрдаги "Нодирабегим" спектаклида Увайсий қиёфасида гавдаланса, Тоғай Мурод асари асосида саҳналаштирилган "Хушвақт" спектаклида енгилтабиат Қиммат образини яратади.

- "Жаннатга йўл" спектаклидаги она образи актриса ижодидаги гултож дейишимиз мумкин, - дейди вилоят мусиқали драма театри адабий бўлим бошлиғи Шодия Худойназарова. - Она тимсолида инсоний фазилатларнинг тўлиқ тарбиячиси ва тафаккур камолотчиси кўринади. Шарқ шеъриятининг асосий мезони бўлган риёзиёт билангина комилликка эришиш, маънан юксалиш орқали инсон ўзлигини топиши Ойниса Бобоева ижросида яққол акс этади.

Актриса Чингиз Айтматов асари асосидаги "Оқ кема" спектаклида ўлимга маҳкум этилган қабиланинг икки   мурғак чақалоғини Она буғуга топширган жасоратли Баймоқ кампир образини маромига етказиб ижро этган. Унинг ички туғёнида табиатга қилинаётган қасд умр заволи бўлиб, энг ширин неъмат саналган фарзанд доғи кўринишида инсоннинг ўзига қайтишини эслатгувчи иймон тарозиси сифатида майдонга чиқади.

Албатта, самарали меҳнат эътиборсиз қолмайди, қолмаслиги керак. Ойниса Бобоева мустақиллигимизнинг 28 йиллиги арафасида Президент фармонига асосан "Шуҳрат" медали билан тақдирланганини санъаткор фаолиятига берилган ўзига хос баҳо дейиш мумкин.

- Мукофот бир менинг эмас, театр жамоамизнинг ҳам ютуғи, - дейди Ойниса Бобоева. - Юксак даражадаги эътироф халқ кўнглига яқин юксак  савияли асарларни саҳнада акс эттиришга ундайди. Бунинг учун шогирдларимизни ҳам шунга муносиб этиб тарбиялашимиз зарур.

Н.ХЎЖАЕВ

 

Report typo