Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
16 апрел, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

26.05.2022


Собиқ президентнинг тулпори шарафига ҳайкал ўрнатилади

Туркманистоннинг Аҳал вилоятида Оқхон лақабли ахалтеки зотига мансуб отга ҳайкал ўрнатилади, дея хабар тарқатди ҳукуматнинг рус тилида чоп этиладиган "Нейтральный Туркменистан" газетаси. Мамлакат президенти Сердар Бердимуҳамедов шу ҳақдаги қарорни имзолаган.

"Президент халқнинг миллий ғурури - ахалтеки учқур отлари шуҳратини юксалтириш мақсадида Аҳал вилояти ҳокимлигига "Спорт юлдузи" хусусий корхонаси билан машҳур Оқхон тулпори ҳайкали ва у ўрнатиладиган мажмуани лойиҳалаш ҳамда қуриш юзасидан шартнома тузишга рухсат беришни назарда тутувчи қарорни имзолади", дейилади хабарда.  

Нашрнинг қайд этишича, "ҳужжатда қурилиш ишларига шу ойдаёқ киришилиши ва объект тўлиқ тайёр ҳолда йил охирига қадар фойдаланишга топширилиши белгилаб қўйилган".

Туркманпортал янгиликлар сайти "Оқхон - тилларда достон бўлган отни Туркманистоннинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедов шахсан тарбиялаган"и ҳақида ёзди. У 2018 йилда орқа оёқларига тик турган ҳолда 10 метр масофани 4,19 сонияда босиб ўтгани билан машҳур. Бу натижа Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган.

Шунингдек, манбанинг қайд этишича, бу Туркманистонда от шарафига ўрнатиладиган биринчи монумент эмас. 2013 йил апрель ойида Пўлатли лақабли ахалтеки зотига мансуб тулпорга аталган ҳайкал тантанали очилган бўлса, орадан бир йил ўтиб, сурати мамлакат гербида акс эттирилган Ёнартоғ лақабли ахалтеки оти шарафига қурилган монумент фойдаланишга топширилган.

Report typo