Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

ХУРШИДА

02.02.2017


СОЯ

Бу ўсимлик шифобахш ва озиқ моддаларга бойлиги билан ажралиб туради. Мевасининг таркибида 30 фоиздан кўпроқ оқсил борлиги аниқланган. Сояда генистеин, изофлавоноидлар ва фитин кислота мавжуд. Бу элементлар гормонлар билан боғлиқ саратоннинг олдини олади,  организмдаги ўсмаларнинг ўсишини кескин камайтиради, шунингдек, юрак қон-томир хасталикларининг ривожига тўсқинлик қилади. Жигар, ўт хасталиклари, қандли диабет, аллергик касалликларга чалинганлар сояни кўпроқ истеъмол қилишлари тавсия  этилади.

Ўсимлик таркибидаги соя лецитини организм учун муҳим моддалардан саналади. Айниқса, асаб ва мия тўқималари тикланишида бу модда катта аҳамият касб этади. Шунингдек, у фикрлаш, хотирани мустаҳкамлашда ёрдам беради. Қондаги холестерин миқдорини бир маромда сақлаб туради, метаболизмни меъёрлаштиради.

Соя ёғи таркиби Е, С дармондориларига, натрий, кальций, калий, магний, фосфор ва ёғ кислоталарига бой. Бу моддалар эса иммунитетни мустаҳкамлаб, организмда модда алмашинувини яхшилайди. Соя организмда 100 фоиз сўрилиб, ҳазм бўладиган бебаҳо маҳсулотдир.

Ёш болалар ва эндокринологик касалликларга чалинганларга соядан тайёрланган таомларни истеъмол қилиш тавсия этилмайди.

ЯШИЛ НЎХАТ

Яшил нўхат – дуккаклилар оиласига кирувчи ўсимлик. Қадимги Ҳиндистон ва Хитойда маданийлаштирилган. Қадимги Юнонистон ва Римда камбағал аҳолининг асосий озиқ моддаларидан ҳисобланган. 

Яшил нўхат калорияга бой маҳсулот саналади. 100 грамм маҳсулот 73 ккал калорияга эга. Таркиби 5-7 фоиз оқсил, 5-7,5 фоизгача шакар, 1-3 фоиз крахмал, 6-7 фоиз ёғдан иборат. Уруғида 45 фоизгача крахмал ва ундан ҳам кўпроқ амилозалар мавжуд. Яшил нўхат лимон кислотага бойлиги жиҳатидан картошкадан юқори ўринда туради. Яшил уруғи ва пишмаган дуккагида турли дармондорилар мўл. Маҳсулот таркибида В гуруҳидаги дармондорилар кўп, шунингдек, В2, РР дармондорилари ҳам кўп миқдорда учрайди. Организм учун фойдали саналган лизин, метионин, триптофан, цистин сингари аминокислоталарга бой.

Яшил нўхатдаги пиридоксин моддаси организмда аминокислоталарнинг синтезланишида муҳим роль ўйнайди. Бу модданинг етишмаслиги эса дерматит ва томир тортишишини келтириб чиқаради. Селен моддасининг мўллиги боис яшил нўхат антиканцероген хусусиятга эга маҳсулот саналади. Шунингдек, у танага радиоактив моддалар киришига тўсқинлик қилади.

Табобатда яшил нўхат пешоб ҳайдовчи, буйрак тошларини туширувчи восита сифатида қўлланади. Онкологик хасталиклар, инфаркт ва гипертониянинг олдини олади. Уни доимий истеъмол рўйхатига киритиш терининг қариш жараёнини секинлаштиради.

Манбалар асосида ХУРШИДА тайёрлади.

Report typo