Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
16 апрел, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • СУД-ТИББИЙ ЭКСПЕРТИЗАСИ ХУЛОСАСИ ТЕРГОВЧИ БОСИМИ ОСТИДА БЕРИЛГАН ЭДИМИ?

25.02.2020


СУД-ТИББИЙ ЭКСПЕРТИЗАСИ ХУЛОСАСИ ТЕРГОВЧИ БОСИМИ ОСТИДА БЕРИЛГАН ЭДИМИ?

Акс-садо

Хабарингиз бор, ижтимоий тармоқларда шу йилнинг 17 февраль куни Косон тумани Бешқўтон маҳалласида яшовчи 35 яшар Абдураҳмон Отамуродов ҳашаротларга қарши сепиладиган заҳарли дори ичиб, ўз жонига қасд қилгани ва шифохонада унинг ошқозони ювилиб, жони сақлаб қолингани ҳақида “Терговчи босими остида эксперт сохта хулоса берди. Терговдаги йигит ўз жонига қасд қилди” сарлавҳали материал тарқалди. Унда таъкидланишича, ИИБ ходимлари қилмаган жиноятни бўйнига олдириш учун қийноққа солгани, экспертиза сохта хулоса бергани, “жабрланувчи” томоннинг ҳадеб пул талаб қилиши Абдураҳмон Отамуродовнинг ўз жонига қасд қилишига сабаб бўлган.  Яъни у маҳалладоши Насриддин Донаевни уриб, кўзини кўр қилганликда айбланиб, унинг устидан жиноят иши очилган.

Мазкур ҳолат юзасидан вилоят ИИБдан билдиришларича, 2019 йил 9 декабрь куни соат 14:30 ларда Косон тумани Бешқўтон маҳалласида яшовчи Насриддин Донаев маҳалладошлари Мардон Муродов, Абдураҳмон Отамуродов ва Холмурод Шодмонов билан ўзлари ишлаб келаётган Пўлати МТПдан ишдан чиқиб, тушлик қилиш мақсадида Бўлмас маҳалласида жойлашган чойхонага боришади. Овқатланиб, спиртли ичимлик истеъмол қилиниши натижасида Абдураҳмон Отамуродов Насриддин Донаевнинг чап кўзига мушт уриб жароҳат етказади. Натижада Н.Донаев вилоят кўз касалликлари шифохонасига кўринишга мажбур бўлади.

Мазкур ҳолат юзасидан Косон тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ терговчиси Бобур Тўраев томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 104-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Суд-тиббий экспертизаси хулосасида, Н.Донаевнинг тан жароҳатлари “чап кўз юқори қовоқ гематомаси, кўз олмасининг оғир даражали чайқалиши, кўз олмасининг ёрилган ички қаватлари ташқарига чиққан” кўринишида қайд этилган. Бу тан жароҳатлари оғирлик даражаси бўйича соғлиқни умумий меҳнат қобилиятининг салмоқли қисми, яъни учдан биридан кўпроғи  (33 фоизидан) турғун йўқотилишига сабаб бўлган оғир шикаст гуруҳига киритилиши кўрсатилган.

Жиноят иши бўйича Насриддин Донаев гувоҳ тариқасида сўроқ қилиниб, жабрланувчи дея эътироф этилган. Унинг кўрсатувларида, яъни терговга қадар текширув давомида ва терговда берган сўроқ жараёнида унинг кўзига айнан қишлоқдоши Абдураҳмон Отамуродов уриб тан жароҳати етказгани маълум қилинган.

Жиноят иши бўйича Мардон Муродов, Холмурот Шодмонов, Ғулом Файзуллаев ва Гулсевар Зокирова гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган. Ҳозирда мазкур жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мақолада келтирилган ҳолатлар бўйича вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ўзига тааллуқли жиҳатларга тўхталди:

“Қайд этилишича, 2020 йилнинг 18 январь куни Косон тумани ИИБ терговчиси Бобур Тўраевнинг йўлланмаси билан Республика суд-тиббий экспертизаси илмий-амалий маркази Қашқадарё филиали амбулатория бўлимида косонлик фуқаро, кўзидан жароҳатланган Насриддин Донаев суд-тиббий экспертизасидан ўтказилган. Мазкур бўлим врачи Элмурод Баротов гўё терговчи босими остида сохта хулоса бергани қайд этилган. Таъкидланишича, у интернет нашри мухбирлари билан суҳбатда буни тан олган эмиш. Аммо маълум бўлишича, Насриддин Донаевга  Республика суд-тиббий экспертизаси илмий-амалий маркази Қашқадарё филиали давлат суд-тиббиёт эксперти Элзоджон (Элмурод эмас) Баратов хулоса берган. У бу масалада ҳеч қандай ОАВ вакили билан гаплашмаган. Буни унинг мобиль телефони рақами сўзлашувлари ҳақидаги мобиль алоқа оператори ҳисоботи кўчирмалари орқали ҳам исбот қилиш мумкин. Элзоджон Баратовга ва унга кўмаклашган экспертга ИИБ ходимлари ёки бошқа шахслар мазкур хулоса масаласида ҳеч қандай тазйиқ ўтказишмаган. Буни ўтказилган суҳбат жараёнида уларнинг ўзлари эътироф этишди. Аниқланишича, суд-тиббий экспертизаси қонун доирасида ўтказилган ва қонуний хулоса берилган. Ижтимоий тармоқда бу хусусда берилган хабарни бўҳтон деб баҳолаймиз”.

Report typo