Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • Судларда кўриб чиқилган ҳоким қарорларининг қарийб 40 фоизи нега ҳақиқий эмас деб топилди?

Ўз мухбиримиз

25.11.2021


Судларда кўриб чиқилган ҳоким қарорларининг қарийб 40 фоизи нега ҳақиқий эмас деб топилди?

Матбуот анжумани

Қашқадарё вилояти маъмурий судлари томонидан жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида 374 та иш кўрилган ва 145 та ҳолатда даъвогарлар илтимоси қаноатлантирилган.

Бу маълумот Қарши шаҳридаги “Журналистлар уйи”да вилоятдаги судлар томонидан январь-сентябрь ойларида одил судловни амалга ошириш борасида қилинган ишлар юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида ошкор қилинди.

Вилоят маъмурий суди раиси вазифасини бажарувчи Баҳриддин Аҳмедов ҳолатни изоҳлар экан, ҳокимларнинг айрим қарорлари судлар томонидан ҳақиқий эмас деб топилишига улар лойиҳаси пухта ишланмагани ва туманлар ҳокимликлари ҳуқуқшунослари ҳужжатга ҳуқуқий баҳо беришмагани сабаб бўлаётганини таъкидлаб ўтди.

Масалан, жорий йилда Қарши шаҳар ҳокимининг 24 та, Муборак тумани ҳокимининг 24 та, Қарши тумани ҳокимининг 14 та, Чироқчи тумани ҳокимининг 13 та, Косон тумани ҳокимининг 11 та, Яккабоғ тумани ҳокимининг 9 та ва Деҳқонобод тумани ҳокимининг 8 та қарори ҳақиқий эмас деб топилгани айрим ҳокимлар ҳам қарор қабул қилишга масъулият билан ёндашмаслигини кўрсатиб турибди.

Анжуманда Қашқадарё вилояти суди раиси Абдуқаюм Маҳкамов  журналист ва блогерларга маълум қилишича, кўрсатилган даврда маҳаллий судлар кўрилган жиноят ишлари бўйича жами суммаси 66 миллиард 690 миллион 233 минг 546 сўмни ташкил этувчи 2474 та ижро ҳужжати чиқарган бўлиб, шундан 52,5 фоизи (45 миллиард 251 миллион 491 минг 507 сўмлик ҳужжатлар)нинг ижроси таъминланмай қолган.

Шунингдек, маъмурий ишлар бўйича чиқарилган 11 мингдан зиёд 13 миллиард 575 миллион 439 минг 916 сўмлик ижро ҳужжатларидан 51,7 фоизининг ижроси якунига етказилмаган.

Тадбирда мажбурий ижро органлари томонидан йўл қўйилаётган бу камчилик жамиятда судларга ишонч ортиб бораётган бир даврда обрўга акс таъсир кўрсатувчи ҳолат бўлиб қолаётгани ҳам бор гап эканлиги очиқ айтилди.

Шунингдек, матбуот анжуманида берилган маълумотларга кўра, таҳлил этилаётган даврда вилоят судларида 1 минг 96 та маъмурий иш кўриб чиқилган бўлса, улардан 624 тасида даъвогарлар даъволари қаноатлантирилган. 

Жиноят ишлари бўйича эса 2599 нафар шахсга нисбатан қўзғатилган 1862 та иш кўриб чиқилган. Энг муҳими, ушбу жараёнда 32 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган.

Ўз мухбиримиз

 Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo