Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 апрел, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

24.09.2019


СУВ ОМБОРИ ҚУВВАТИ 10 БАРОБАРГА ОШАДИ

Кунлар исиб, ёғингарчилик тортилган, айни экинларни суғориш эҳтиёжи юзага келган бир пайтда эса сув тақчиллиги бошланади. Туманнинг кўпгина ҳудудларида аҳоли, томорқа эгалари ана шу муаммодан азият чекиб келмоқда. Айниқса, Қорашина, Деҳқонобод, Аэродром, Бибиқорасоч, Бешбулоқ, Навобод ва Гумбулоқ  каби қатор қишлоқ ва маҳаллаларда бу муаммо яққол сезилади. Шу боис, ҳудудда қор ва ёмғир сувларини йиғиб, ёз мавсумида аҳолига етказиб беришни таъминлайдиган йирик сув омборларига эҳтиёж юқори. Шунга мувофиқ, туман марказидаги сел сув омборида олиб борилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари эса юқоридаги маҳалла ва қишлоқларни сув билан таъминлаш  имконини бериши билан аҳамиятга молик.

Аслида мазкур сув омбор 1976-1982 йилларда ҳудуддаги Шакарбулоқ қишлоғи яқинида, Кичик ўра дарёси ўзанида барпо этилган бўлиб, бир қанча вақт мобайнида туман марказига яқин қишлоқ ва маҳаллаларни оқар сув билан  таъминлаб келган. Бироқ, ўз вақтида унга эътибор қаратилмагани, тозалаш, таъмирлаш ишлари олиб борилмагани натижасида йиллар ўтиши билан турли чўкиндиларга тўлиб қолган ва сиғим қувватини деярли йўқотган эди.

- Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 30 декабрдаги қарорига асосан, ушбу сув омборнинг фойдаланиш ҳажмини ошириш ишлари  2017 йилги манзилли дастурга киритилди, - дейди туман ҳокими ўринбосари С.Самадов. - Шундан сўнг, тендер савдолари ўтказилиб, унда ғолиб деб топилган "Яккабоғ Қўрғони" корхонаси қурилиш ишларини бошлади.

240 гектардан ошиқ майдонни эгаллаган сув омбори ҳудудида узунлиги 850 метр, баландлиги 36,2 метр ҳажмдаги сув тўғонини қуриш, таъмирлаш, кўприк барпо этиш ва бошқа бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, унинг қувватини янада ошириш борасида ишлар давом эттирилиши кўзда тутилган.

Ҳозирда лойиҳа ташкилоти томонидан объектнинг йиллик сув тўплаш ҳажмини 30 миллион кубга етказиш бўйича 69,5 миллиард сўмлик лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланган. Бу мазкур сув омборининг қуввати охирги йиллардаги сув тўплаш ҳажмига нисбатан камида 10 баробарга оширилади, деганидир.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Суратларда: қурилиш ишларидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар

Report typo