Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ф.АХМУРОДОВ

11.10.2019


ТАҚИҚЛАНГАН САЙТ ВА ГУРУҲЛАР СУДНИНГ ҚОРА КУРСИСИГА ЕТАКЛАДИ

Кўплаб нашриётларда диний китоблар чоп этилиб, таржима қилиниб, оммавий ахборот воситалари орқали махсус кўрсатув, эшиттириш ва мақолалар мунтазам бериб борилаётир. Қолаверса, интернет тармоғида ҳам расмий рўйхатдан ўтган сайтлар орқали диний илми чуқур мутахассислар томонидан турли мавзуларда материаллар эълон қилиб борилади. Динни ўрганаман, амалларини бажараман, деган кишига шуларнинг ўзи етиб-ортади. Бунинг учун турли шубҳали сайтлар, ижтимоий тармоқлардаги гуруҳларда ўралашиб юришнинг ҳожати йўқ.

Қарши шаҳридаги олий таълим муассасаси талабаси бўлган М.Хуррамов бир муддат аввал қўл телефони орқали турли диний мазмундаги сайтларга кириб, динга нисбатан қизиқиши уйғонади. Аслида бунинг ҳеч қандай ёмон томони йўқ, чунки эътиқод масаласи ҳар кимнинг шахсий эркинлиги. Бироқ у ёшлигига борибми, ё билими етарли бўлмагани туфайлими, тақиқланган экстремистик ва террористик ташкилотлар аъзолари томонидан яратилган гуруҳларга аъзо бўлишдан ўзини тия олмайди.

Қозонга яқин юрсанг қораси юқади, деганларидек, шубҳали маълумотлар таъсирида, табиийки, унинг онги экстремистик ғоялар билан заҳарланади. Шундай ғоялар йўғрилган аудио ва видео файлларни телефонига юклаб олиб, олдиндан дин тўғрисида доимий суҳбат олиб бориб, мулоҳаза қилиб турувчи яқин дўстлари - У.Муродов ва Б.Хушмуродовнинг ҳам қўл телефонларига "ташлаб" беради. Сўнг бу икки йигит ҳам экстремистик ғоялар акс этган материалларни кўриб, юклаб, бошқаларга ҳам тарқата бошлайдилар.

Охири шунга бориб етадики, Суриядаги террористик ташкилот сафида жанговар ҳаракатларда қатнашиб келаётган шахслар билан ўзаро мулоқот олиб борилиши натижасида уларда ҳатто ўша ерга бориб "ҳижрат" ва "жиҳод" қилиш режаси ҳам туғилади. Бироқ недир сабаб билан ўз хатоларини англаб, бу фикрларидан қайтишади.

Жиноят эса жазосиз қолмайди. Уларнинг хатти-ҳаракатлари тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан аниқланди ва М.Хуррамов, У.Муродов ва Б.Хушмуродов Жиноят кодекси 2441-моддаси 3-қисми ва 2442-моддаси 1-қисмида кўрсатилган ижтимоий хавфли қилмишни содир этганликда айбдор деб топилиб, жазо муқаррарлиги таъминланди.

Ф.АХМУРОДОВ,

Қарши шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходими

Report typo