Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 январь, сешанба. 2021 йил                         Махсус версия RU

ШУҲРАТ МУТАЛОВ

24.11.2020


ТАЪЛИМ: СИФАТ НАТИЖАДОРЛИКНИ ТАЪМИНЛАЙДИ

Муносабат

Мамлакатимиз Президенти ҳар бир чиқишида, ҳудудларга ташрифлари давомида албатта таълим, ёшлар масалаларига алоҳида эътибор қаратади. Бундан уларнинг орзу-умидлари, келажак учун белгилаб олган мақсад ва режаларига қанот бериш ҳамиша у кишининг бош мақсадлари қаторида туришини англаб олиш қийин эмас. Давлат раҳбарининг Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида Қарши шаҳридаги Ёшлар марказида бўлган учрашувда ёшлар билан мулоқотни: "Мен сизларнинг кўзларингга қараб, очиқ мулоқот қилгани келдим. Ҳамма ёшлар билан кўришишни хоҳлардим, лекин, афсуски, бунинг иложи йўқ. Сиз уларнинг вакиллари ўрнида жойлардаги муаммоларни, ёшлар истакларини айтишингизни истардим", деган чақириқ билан бошлагани ҳам юқоридаги фикримизнинг яққол тасдиғи бўла олади.

Сир эмас, ҳар қандай орзу-истак ва режалар замири илм билан мустаҳкамланган бўлса, муваффақият қозониш тайин. Шунга монанд,  Президент яқинда ўтказилган илм-фан ва таълим-тарбия соҳасига бағишланган видеоселектор йиғилишида соҳанинг долзарб муаммоларини муҳокама қилиб, эртанги кун эгалари бўлган келажак авлодни тарбиялаш борасидаги кейинги асосий режа ва мақсадларни белгилаб берганди. Ўшанда Шавкат Мирзиёев ёшларда мустақил фикрлаш қобилиятини етарли даражада шакллантира олмаётганимиз, таълимда илм олувчини тафаккур қилишга ундайдиган услублар жорий этилмаётганини танқид қилиб, бу борада олий таълим муассасалари умумтаълим мактабларига услубий жиҳатдан кўмаклашиши кераклигини таъкидлаганди.

Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан Тошкент кимё-технология институти Шаҳрисабз филиали томонидан Шаҳрисабз шаҳар ва туман халқ таълими бўлимлари билан ўзаро ҳамкорликка оид шартномалар имзолаб, унинг доирасида қилинадиган ишлар аниқ белгилаб олинди. Ҳамкорлик доирасида умумтаълим мактаблари ўқитувчилари ҳамда битирувчи синф ўқувчилари билан учрашувлар ташкил этилди.

Шунингдек, Шаҳрисабз ва Чироқчи туманларидаги 10 дан ортиқ умумтаълим мактаблари оталиққа олиниб, улар ўқитувчилари педагогик салоҳиятини юксалтиришга, ўқитишнинг замонавий услубларини жорий этишга, битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичларини ошириш юзасидан кўмаклашишга киришилди.

Яна бир ташаббус шундан иборатки, филиалда умумтаълим мактабларининг кимё, физика, математика фанлари ўқитувчиларини услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳамда юқори синф ўқувчилари учун шу фанлардан бепул тайёрлов   курслари ташкил этилмоқда. Шу йўсинда олий    таълим муассасаси ва умумтаълим ташкилотлари интеграцияси кучайтирилаяпти.

Шу билан бирга, олий таълимда жадал суръатларда олиб борилаётган янгиланишларни филиалда жорий этиш, жумладан, илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда мутахассислар тайёрлаш даражасини сифат жиҳатидан юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тайёрланаётган кадрларга қўйиладиган малака талаблари ва ўқув режалари халқаро амалиётдаги академик стандартлар асосида қайта таҳлил этилиб, такомиллаштирилган ҳолда ўқув жараёнига татбиқ этиб борилмоқда. Бунда талабаларга ўз қобилиятларини намоён этиш имкониятларини яратиб бериш, уларда ижодий фаоллик, изланувчанлик ва тафаккурга таяниш фазилатларини шакллантиришга эришиш, олий таълимнинг амалиёт билан уйғунлигини таъминлаш асосий диққат марказида турибди. 

Тан олиш керак, ҳозирда талабаларда мустақил таълим олишни ривожлантириш бирмунча эътиборимиздан четда қолаётгандай. Бинобарин, талабаларда ақлий меҳнат, зарур ахборотларни излаб топиш ва таҳлил қилиш, ўқув жараёнига ижодий ёндашув, касбий кўникмаларни юксалтириш муҳим аҳамиятга эга.

Шундай экан, умумкасбий ва мутахассислик фанларини ўқитишда мустақил таълимга алоҳида эътибор қаратиш, бунда талабаларга тавсия этиладиган мустақил топшириқ ва вазифалар, улар турлари ва шаклларини ҳамда ишлаб чиқариш муҳитини кенгайтириш билан натижадорликни янги босқичга олиб чиқишга эришамиз.  

Хулоса қилиб айтганда, Президент бошчилигида таълим соҳасида кечаётган кенг қамровли ислоҳотлар ижроси ҳар бир педагог, устоз ва мураббийдан ташаббускор ва фаол бўлишни талаб этаяпти. Биз эса шунга ҳозирмиз! 

Шуҳрат МУТАЛОВ,

Тошкент кимё-технология институти Шаҳрисабз филиали директори

Report typo