Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
5 апрел, якшанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

07.01.2020


ТАКРОРИЙ ОВОЗ БЕРИШ ЖАРАЁНЛАРИ БЎЛИБ ЎТДИ

Сайлов

Хабарингиз бор, 2019 йил 22 декабрь куни ўтказилган сайлов якунларига кўра, вилоятимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатлар сайлови бўйича 133-Шаҳрисабз, 134-Яккабоғ ва 135-Ғузор сайлов округларида, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари сайлови бўйича эса   11-Деҳқонобод, 31-Янгиобод, 48-Кўкдала, 56-Чайдари, 57-Қўшчинор ва 58-Қишлиқ сайлов округларида ҳамда туман, шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи яна бир қанча сайлов округларида такрорий овоз бериш белгиланган эди.

Шунга мувофиқ, 2020 йил 5 январь куни соат 8:00 дан такрорий овоз бериш жараёнлари бошланди.

Қайд этиш жоиз, сайлов округи бўйича икки нафардан ортиқ номзод қўйилган бўлсаю, улардан ҳеч бири овоз беришда иштирок этган сайловчилар ярмидан кўпининг овозини олмаган бўлса, такрорий овоз бериш ўтказилади. Такрорий овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг кўпроқ овозини олган номзод сайланган деб ҳисобланади. Такрорий овоз беришда сайловчиларнинг иштирок этиш фоизи эса ҳисобга олинмайди.

Яккабоғ туманидаги 669-сайлов участкасида ҳам такрорий овоз бериш жараёни кўтаринки руҳда ўтди. Бу ерда сайловчилар, кузатувчилар учун барча зарур шароитлар яратилган. Рўйхатдан ўтган сайловчилар ўз фуқаролик позициясини сидқидилдан бажариш ва муносиб номзодга овоз бериш учун ҳозир бўлишди.

- Сайловларда бу йил биринчи марта қатнашишим, - дейди Хайриддин Бобоназаров. - Лекин таассуротларим катта. 22 декабрь кунги сайловда ўзим муносиб деб билган номзодга овоз бергандим. Бугун ўша номзодга яна такрорий овоз бердим. Шунинг ўзи сайлов жараёнлари адолатли ўтаётганидан дарак беради.

Шунингдек, ушбу кунда ҳам соғлиғининг ҳолати ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаган  сайловчиларнинг илтимосига биноан овоз бериш жараёни улар турган жойда ташкил этилди.

Жумладан, 585-сайлов участкасининг икки нафар аъзоси кўчма сайлов қутиси билан Шаҳрисабз шаҳри Тепарлик маҳалласида истиқомат қилувчи, саломатлиги ёмонлашгани туфайли тўшакка михланиб қолган Каромат Жўрақулованинг уйига борди. Комиссия аъзолари сайловчининг хоҳиш-иродаси яширин ифода этилишига риоя этган ҳолда овоз бериш амалга оширилишини таъминладилар.

Умуман олганда, такрорий овоз бериш жараёнлари ҳам фуқаролардаги дахлдорлик туйғусини кўрсатиб берди. Шу сабаб иккинчи турда ҳам депутатлик учун курашлар қизғин кечди. Демак, халқ яна ишонч билдирган номзодлар келгуси 5 йилда халқ ишига камарбаста бўлади.

НАСРИДДИН

Report typo