Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

24.12.2020


ТАЛИМАРЖОНДА КАТТА БАЙРАМ

"Обод шаҳар" дастури доирасида амалга оширилган ишлар билан қашқадарёлик санъат намояндалари ҳам танишди

 Бунёдкорлик

Ўтган йили вилоятимизнинг энг чекка ҳудудларидан бири бўлган Талимаржон шаҳрини обод манзилга айлантириш бўйича "Йўл харитаси" тасдиқланиб, шу асосда қарийб 2 йил давомида ободонлаштириш, қурилиш-бунёдкорлик ишлари олиб борилди.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, Нишон туманининг Талимаржон шаҳарчаси 1960-1970 йилларда Қарши чўлининг ўзлаштирилиши ҳамда Талимаржон сув омбори қурилиши натижасида ташкил этилган. Айни пайтда шаҳарчада 9 минг 939 нафар аҳоли истиқомат қилади. Аксарият турар жой ва ижтимоий объектлар бундан ярим аср аввал бунёд этилган. Мисол учун, ҳудуддаги 2 минг 322 та хўжаликнинг 1 минг 293 таси истиқомат қилаётган 100 та кўп қаватли уй-жой 1963-1968 йилларда қурилиб, фойдаланишга топширилган, сўнгги йилларда жуда таъмирталаб  аҳволга келиб қолган эди.

"Обод шаҳар" дастури доирасида ана шу уй-жойлар таъмирланиб, атрофи ободонлаштирилди. Тинчлик маҳалласи ҳудудида жойлашган яна бир кўп қаватли уй-жой эса 1 миллиард 700 миллион сўмлик маблағ эвазига капитал таъмирдан чиқарилиб, 16 нафар боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган ва кам таъминланган оилаларга берилди.

Куни кеча вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, Тошкентда яшаб ижод қилаётган қашқадарёлик санъаткорлар, кенг жамоатчилик вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида ўтган тадбирда мазкур хонадонлар калитлари тантанали равишда эгаларига  топширилди.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари қайта реконструкция қилинган Талимаржон маданият саройида ҳам бўлиб, бу ерда яратилган шароитлар билан яқиндан танишишди.

Ушбу маданият саройи 400 ўринга мўлжалланган бўлиб, 1971 йилда фойдаланишга топширилган. Сўнгги йилларда ўта таъмирталаб ҳолатга келиб қолгани боис, ундан деярли фойдаланилмаётган эди. "Обод шаҳар" дастури доирасида объектни реконструкция қилиш учун 6 миллиард 200 миллион сўм маблағ ажратилиб, пудратчи ташкилот - "Бунёдкор сервис" масъулияти чекланган жамияти томонидан у замонавий қиёфага келтирилди. Энди бу ерда турли оммавий тадбирлар ўтказилиши, мақом, бахшичилик, амалий санъат тўгараклари очилиши режалаштирилган.

Шу куни маданият саройида халқ амалий санъати намуналари кўргазмаси намойиш этилди. Турли миллат вакилларининг фольклор ансамбллари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчага хуш кайфият бағишлади.

Албатта, "Обод қишлоқ", "Обод маҳалла" ёки "Обод шаҳар" каби лойиҳаларнинг амалга оширилишидан кўзланган асосий мақсад  ҳудудни ободонлаштириш, ҳаёт фаровонлигини таъминлаш, хизмат кўрсатиш ва сервисни ривожлантиришдир. Талимаржонда амалга оширилган ишлар доирасида ҳам шунга эътибор қаратилиб, йиллар давомида тўпланиб қолган йўл, ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар ҳал этилди.

Мисол учун, Талимаржон шаҳри ичимлик суви тўплаш ва тарқатиш қувурлари 1973-1986 йилларда қурилган бўлиб, маънан эскиргани ва кўплаб носозликлар келиб чиқиши аҳоли норозиликларига сабаб бўлаётган эди. Дастур доирасида шаҳарчага ичимлик суви олиб келинган 9,6 километрлик асосий қувур ҳамда 59,6 километрлик шаҳар ички сув тармоқлари капитал таъмирланди. Бу ишлар учун 8,4 миллиард сўм миқдорида маблағ сарфланган.

Шунингдек, шаҳарчада электр тармоқларини таъмирлаш бўйича 350 миллион сўмлик, табиий газ тармоқларини таъмирлаш бўйича 175 миллион сўмлик, ички йўлларни таъмирлаш бўйича эса 1 миллиард 900 миллион сўмлик қурилиш, таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Ҳудудда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келаётган 2-сонли 40 ўринли шифохона ҳамда 150 ўринли шаҳарча поликлиникасида умумий қиймати 4 миллиард 400 миллион сўмлик таъмирлаш ишлари бажарилиб, бугунги кунда ҳар икки муассасада шарт-шароит тубдан яхшиланган.

Бундан ташқари, 19- ҳамда 20-мактабгача таълим муассасалари, 34-умумий ўрта таълим мактабида реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари бажарилди, керакли шарт-шароитлар яратилди. Мисол учун, 34-мактаб  2006-йилда қурилган бўлиб, 216 ўринга мўлжалланган. Ҳудудда аҳоли сони кўпайиши натижасида ўқувчилар сони мактаб қувватидан бир неча баробар ортиб кетган, янги бинога эҳтиёж сезилаётган эди. Шу боис, дастур доирасида эски мактаб ёнида 216 ўринли яна бир ўқув корпуси қурилди. Икки қаватли замонавий бино 2021 йилнинг январь ойидан ишга туширилади.

Талимаржонда олиб борилган ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари билан танишган иштирокчилар "Талимаржон барака чеварлари" масъулияти чекланган жамиятининг тикувчилик цехи фаолиятини ҳам кўздан кечиришди. Ушбу корхона иш бошлаганига эндигина 2 ҳафта бўлганига қарамай ички бозорга маҳсулот чиқара бошлади. Бу ерда айни пайтда 100 га яқин хотин-қиз устоз-шогирд анъаналарига кўра фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг асосий қисми "Аёллар дафтари" ва "Темир дафтар"даги хотин-қизлардан иборат.

- Чекка ҳудудларда бундай корхоналарнинг ташкил этилиши аёллар бандлигини таъминлаш, турмуш фаровонлигини ошириш  билан бир қаторда, оилавий низолар ва аёллар ўртасида содир бўлаётган турли нохуш ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади, - дейди Ўзбекистон халқ артисти Замира Суюнова.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари кун давомида  Нишон тумани Давлат хизматлари маркази Талимаржон филиали фаолияти билан ҳам танишиб, ҳудудда амалга оширилган ва оширилаётган бошқа ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларининг гувоҳи бўлишди.  Маҳаллаларга бориб, ёшларга байрам совғалари тарқатишди, аҳолига хуш кайфият улашдилар.

Ж.БОЙМУРОДОВ

 

Report typo