Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

24.05.2019


ТАМАКИСИЗ СОҒЛОМ ҲАЁТ САРИ

Бу ҳақда Қарши  шаҳридаги болалар мусиқа ва санъат мактабида 31 май - Халқаро кашандаликка қарши курашиш куни муносабати билан "Тамакисиз соғлом ҳаёт" шиори остида ташкил этилган брифингда айтиб ўтилди.

Ўзбекистон Республикаси инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси вилоят бўлинмаси ва "Юксалиш" ахборот-маслаҳат ресурс маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда соҳа мутахассислари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Таъкидландики, бир қути сигарет чекадиган одам бир йилда ўпкаси орқали 800 граммга яқин  тамаки қатрони ўтказади. Тамаки тутуни таркибида 500 га яқин кимёвий модда бор. Шундан тахминан 10 фоизини никотин ташкил этади. Тамаки тутуни таркибидаги 30 дан ортиқ модда одам организмига ҳалокатли таъсир ўтказади. Чекилган ҳар дона сигарет, бир чеким нос инсон ҳаётининг 15 дақиқасини кўкка совуради. Статистик маълумотларга қараганда, кўпчилик кашандаларнинг умри чекмайдиган кишиларникидан 5-7 йил қисқа бўлади.

- Ҳар йили аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, спорт билан муттасил шуғулланишни ташкил этиш, соғлом муҳитни яратиш мақсадида 10 майдан 10 июнгача "Тамакисиз  соғлом ҳаёт" тарғибот ойлиги ўтказиб борилади, - дейди Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси вилоят бўлинмаси директори Шоира Набиева. - Тадбир доирасида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда тақдимотлар, тарқатма материаллар, кўргазмали воситалар тайёрланиб, таълим муассасаларида, меҳнат жамоалари ҳамда маҳаллаларда чекишнинг зарарли оқибатлари тушунтирилаяпти.

Брифингда болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари томонидан мавзуга оид расмлар кўргазмаси ташкил этилиб, ғолибларга эсдалик совғалари топширилди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo