Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
7 апрел, сешанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

Байрам АЛИ

25.02.2020


ТАРИХ САҲНИ ФАҚАТ ЖАСОРАТЛИ ҚАҲРАМОНЛАРДАН ИБОРАТ ЭМАС...

Ғаройиб олам

Франция тарихида Жозеф Фуше деган ном яшаб қолган...

Фуше камқон, касалманд туғилади ва табиатан индамас, ўта босиқ, итоаткор бўлиб улғаяди. Ўша даврда бундай кишиларнинг жойи албатта монастир бўлган. У ўттиз ёшигача монастирда тинч-осойишта ҳаёт кечириб, юқори диний мансабларни эгаллайди. Шу билан бирга, черковнинг зах ва зимистон ҳужралари унинг қалби туб-тубида беркиниб ётган тубанликларнинг иллат боғлашига ҳам шароит яратиб беради...

Жозеф Фуше аввалига монастирни ҳукуматга қарши қайраб юради. Кейинчалик эса, ўзи монастирни ҳукуматга сотиб, ҳукуматнинг ишончли хуфяларидан бирига айланади. Кейинчалик ҳукуматга очиқдан-очиқ хизмат қилиб, секинлик билан у ерда ҳам ўзига нисбатан ишонч ва мансабини ошира боради... Бу вақтда Наполеон Бонапарт Парижга интилаётган эди. Наполеоннинг тез орада тахтга чиқишини олдиндан кўра билган индамас Фуше, энди Наполеон билан яширинча учрашиб, у билан тил бириктиради...

Наполеон тахтга ўтиргач, Фушенинг бу борадаги хизматларига кўз юммайди, албатта. У табиатан қизиққон, қаҳрамонликларга ўч бўлиб, Жозеф Фуше каби писмиқ одамлардан жирканса-да, ҳарқалай Фушега мансаб ва унвон бериб уни ёнида сақлаб қолади.

Шундай қилиб, Фуше Наполеоннинг монархча ғояларни улуғлайдиган нутқ сўзларига муаллифлик қилади. Наполеонни гиж-гижлаб, унинг кўплаб қирғинларида асосий роль ўйнайди. Асталик билан Наполеонни Франция парламентига қарши қўяди...

Аммо тақдир тақозоси билан, Наполеон парламентдан енгилади. Парламент ундан йўл қўйган хатоси учун узр сўралган хат ёзиб беришини сўраб, ўз етакчиларини жўнатади. Ўша етакчиларни бошлаб келган шахс эса яқиндан бери парламент томонидан янги мансаб билан тақдирланган Герцог Отранский эди!

Ҳамиша жанговар кайфиятда турадиган, шунчаки учрашувларда ҳам ўзини жанг майдонидаги қўмондондек тутишга одатланган (қонхўр ва) довюрак   Наполеоннинг парламент аъзолари билан кўришганда оёқ-қўли қалтирайди, ранги учади, довдираб, ўз сўзини йўқотади.

- Нимадан безовтасиз?! - дея сўрайди парламент етакчилари ундан.

- Ҳа, безовтаман! Мен ҳайратдаман ва жудаям, жудаям безовтаман! -  деб жавоб беради ниҳоятда асабийлашаётган Наполеон.

- Нега?!

- Негаки, бугун сиз билан бирга дунё яратган энг катта сотқин мендан садоқат талаб қилаётир!

Парламент етакчилари бу гапни алжираш деб ўйлаб, ажабланишади. Герцог Отранский, яъни Наполеонни сотқинлик йўли билан тахтга чиқариб, яна шу йўл билан ўзи тахтдан ағдарган, айни пайтда парламентнинг энг ишончли одамларидан бирига айланиб олган хоин Жозеф Фуше эса кўзларини ердан олмасдан аста кулиб қуяди.

 

Дархон момонинг насиҳати

Тарихшунос олим Бўрибой Аҳмедовнинг "Соҳибқирон ўгитлари" китобида Амир Темур номидан шундай ҳикоят келтирилади:

"Қарши қалъасини забт этолмай, дилга кадар тугиб қайтмоқда эдим. Қизилдарёдан кечиб, бир қишлоққа қўндик. Мен бир кулбани ихтиёр этдим. Унда ушоққина кампир яшар, тирикчилиги ёлғиз эчкидан эркан. Момодан бирор овқат қилиб бермоқни ўтиндим. Кўп ўтмай оғоч товоққа сузилган атала дастурхонда пайдо бўлди. Оч эрдим. Оғоч қошиқни товоқдаги аталага мўлдириб, ютоқиб еган эдим, оғзи-тилим куйгандан-куйди. Шунда момо деди: 

- Сен-да Амир Темурга ўхшаш шошқалоқлардан экансан. 

- Темурбекнинг шошқалоқлигини қайдин билдингиз, момо, - сўрадим. 

- Эшитишимча, Амир Темур Қарши қалъасига тик бориб, уни ололмабди. Магарки, аввал қалъа атрофидаги кичик-кичик қишлоқ ва маҳаллаларни эгаллаб, куч тўплаб, сўнг қалъага ҳужум қилмоқ лозим эди. У эса бир йўла бекликни олмоқчи бўлдию, шашти синди... Шунга ўхшаш сен ҳам шошдинг ва оғзингни куйдирдинг. Аталани аввал товоқнинг гирдидан олиб, секин-секин ялаб кўради, совиганини билгач, сўнгра қошиқни тўлдириб ейди-да... 

Шунда хатойимни англагандай бўлдим. Ва дедим:

- Дархон момо, ўшал шошгич Амир Темур мендирман. Танбеҳингизни бош устига олдим. Тиланг тилагингизни... 

Дархон момо одамлар учун ариқ қазиб, сув чиқариб беришни сўради. Орадан кўп ўтмай Танхоз    дарёсидан ариқ қазиб, сув чиқариб бердим..."

Донишманднинг иқрори

Ўз даврида Юнонистонда "гетералар" деб аталувчи аёллар яшаган. Улар мусиқа, рақс тушиш, ҳайкалтарошлик каби бирмунча нафис санъат турларидан хабардор бўлишларига қарамай, турмуш қурмасдан эркин яшаш тарафдори бўлгани учун халқда енгил табиатлилик рамзи ҳисобланган. Кунлардан бир куни Александр Македонский ана ўшандай аёллардан бири - гетера Филлидага илакишиб қолади. Файласуф Аристотель Александрни минг уриниб бу йўлдан қайтара олмагач, ноилож шогирдини тинч қўйишини сўраб Филлиданинг ёнига боради.

- Майли, мен шогирдингни тинч қўяман, - дейди кулиб туриб париваш, - фақат ягона шартим бор. Мени эшакдек елкангга миндириб, сайр қилдирасан.

- Шартингни бажарсам, сўзингда туришга худолар номи билан қасам ича оласанми?! - сўрайди Аристотель.

- Қасам ичаман!

Гетеранинг худолар ғазабидан қўрқишига умид қилган донишманд тўрт оёқлаб уни миндириб турса, бу воқеанинг устига шогирди Александр Македонский келиб қолади.

- Кўрдингми ўғлим, - дебди шунда уятдан қип-қизариб кетган Аристотель. - Аёл устозингни не кўйга солаяпти! Илтимос, бу сенга бир умр сабоқ бўлсин!

Манбалар асосида Байрам АЛИ тайёрлади.

Report typo