Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

28.05.2019


ТАРИХ ТИЛСИМИ ЯШИРИНГАН ҚАДАМЖО

Айни кунларда ушбу маскан, унда сақланаётган кўфий хатида битилган Қуръони каримнинг Ер юзидаги энг мўътабар нусхаларидан бири - Катта Лангар Қуръони ҳақида жуда кўп мақолалар эълон қилиниб, телекўрсатувлар намойиш этилмоқда. Ваҳоланки, Катта Лангар қуръони ҳақида бундан нақ 10 йил илгари ҳам таниқли адиба, "Олтин мерос" халқаро хайрия жамғармаси вилоят муассасаси директори Шарофат АШУРОВА тадқиқотлар олиб борган, махсус чиқишлар қилган эди. Адиба билан суҳбатимиз яна шу мавзуда бўлди.

- Ёшлигимдан отамнинг Амир  Темур ҳазратлари ва ул зотнинг пирлари тўғрисидаги, Баҳоуддин Нақшбанд, Лангар ота каби улуғларнинг сифатлари ҳақидаги ҳикояларини эшитиб катта бўлганман, - дейди Шарофат Ашурова. - Ана шундай суҳбатларда Лангар ота ҳақида эшитганман. "Аждодларимиздан ўтиб келаётган бир гап бор, дунёни сув босса, Лангарга чиқмайди. Неча минг йиллардан буён бу манзилу макон обод бўлган, лангар ташланиб, кемалар тўхтаган, илмли кишилар яшаган Лангар ота зиёратгоҳи аслида Ер юзининг киндигидир. Бекорга бу ерни ўнлаб авлиё ва шайхлар сўнгги манзил тутмаган, юзлаб қабртошлар ҳам бу маконнинг нақадар муқаддас эканини айтиб турибди дерди отам.

Тарихдан биламизки, Соҳибқирон Амир Темур Шаҳрисабзни буюк давлатнинг юрагига айлантириш мақсадида минглаб хоналари бўлган "Саодат уйи"ни қуришни бошлайди. Унда илм-фан тараққиёти билан бир қаторда ислом ғояларини инсон руҳиятига сингдиришнинг турли усулларини тарғиб этиш кўзда тутилган эди. Жумладан, Оллоҳга муҳаббатни куй-қўшиқлар орқали етказиш учун дунёнинг турли мамлакатларидан созандалар, ижрочилар таклиф этилганди. Амир Темур вафотидан сўнг парчаланиб кетган мамлакатнинг "Саодат уйи"да вояга етаётган "Ишқия" тариқати тарғиботчилари тоғлар орасидаги Лангар қишлоғида жон сақлаган бўлса ажаб эмас. Чунки Лангарда ҳоки қўйилган Шайх Абул Ҳасан "Ишқия" тариқати тарғиботчиси эди.

Чиндан ҳам бу ер табаррук қадамжо эканига кўплаб тарихий, археологик асослар бор. "Туркестанские ведомости" газетасининг 1920 йил 24 август сонидаги бир мақолада шундай ёзилган: "Лангар қишлоғи ўтган замонда шаҳар ҳам бўлган. Бу қишлоқ ўзининг маданий ҳолатини сақлаб қолган. У Яккабоғдан унча узоқда эмас. Албатта вақти келиб бу ерларга ҳам от йўллари ўрнига асфальт йўллари солинар. Лангар оддий қишлоқ эмаслиги тўғрисида мозорда турган қабртошлар гувоҳлик бериб турибди. Улар жуда ажойиб безатилган...

Катта Қуръон сақланиб келинмоқда. У ҳам жуда ажойиб безатилган. Албатта, бу Қуръон мана шундай бинонинг кўркига кўрк қўшиб турибди. Аммо бу китобни кўрган ҳар қандай рус кишиси бу асар Петербург халқ кутубхоналарининг бирини безатиб турса эди дея юраги орзиқади". Буни қарангки, тарих эврилишларида бу ният амалга ошиб, ушбу Қуръони каримнинг катта қисми ўзга юртларга олиб кетилган.

Эски Яккабоғ  қўрғонида истиқомат қиладиган кекса журналист Ўрол Ғойибназаровнинг айтишича, 360 авлиё ва 123 шайхнинг қабри шу масканга дахлдор. Демакки, улуғлар Ер юзининг киндиги деганда шу жиҳат назарда тутилган бўлса ажаб эмас.

Анатолий Сагдуллаев таҳрири остида нашр этилган "Қадимий Кеш - Шаҳрисабз тарихидан лавҳалар" китобида манбашунос олим М.Е.Массоннинг Эски Лангар қабр тошлари ҳақидаги мақоласи ҳам ўрин олган. У қабристондаги эпитафияларнинг XV-XVI асрдан то ХХ асрга қадар бўлган даврга мансублигини қайд этади. Қабртошларининг айримларида битиклар ўчирилиб, қайта китобот этилгани Массоннинг назаридан четда қолмаган.

Профессор Т.Нафасов манбаларига кўра,  "лангар" сўзи "қўнимгоҳ", "тўхтаб ўтиладиган маскан" маъноларини беради. Маҳаллий аҳолининг гапларига қараганда, Лангар даҳасидан юқорида қадимги кемаларнинг қолдиқлари топилган. Шунингдек, бу маскан атрофида бир замонлар дарё оққанини сув излари ҳам тасдиқлайди. Қолаверса, Қашқадарёнинг  шарқий қисми, яъни ҳозирги Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Қамаши ва Ғузор туманлари "Авесто" китоби бўйича Сўғдийлар яшайдиган жой - Гава деб аталган.

Лангар ота зиёратгоҳи қадимий маскан экани ҳақиқат, буни бу ердаги обидалар, асрлар давомида сақланиб, бизгача етиб келган Қуръони Карим, осори атиқалар ҳам тасдиқлайди. Қолаверса, мақбаранинг ичкарисида сақланиб келаётган битиктошлар ҳеч бир зиёратгоҳда учрамайди. Ажабланарлиси шундаки, ниҳоятда нозик ишланган 1х2 ўлчамдаги қабртошлар қабрларнинг бош учига тикка ҳолда ўрнатилган бўлиб, ғоят нозик ишлов берилган. 

Бу маконда изланиш ва тиклаш ишлари бошида турган фидойи инсон Абдижаббор Абдилазиз ўғли қуйидагича ҳикоя қилади: "Лангар ота мақбараси ичига дафн этилган шайхлар қабрлари бош томонига тик ўрнатилган мармар тошдаги битиклар биз учун катта манба. Биринчи қабр шайх Абул Ҳасан ибн шайх Илёс ибни шайх Муҳаммад ибн шайх Худайқулники бўлиб, вафот этган даври ҳижрий 897 йил, иккинчи қабр эса Шайх Муҳаммад Содиқ ибни шайх Абул Ҳасан ибни шайх Илёсники бўлиб, вафоти 952 йилда, учинчи қабр эса Абул Ҳусайн ибни шайх Муҳаммад Содиқ Абул Ҳасан ибни шайх Илёс ибни шайх Муҳаммад ибни шайх Худайқулга тегишли бўлиб, вафоти ҳижрий 967 йил санасида қайд этилган. Шайхлар шарафига тик ҳолда қўйилган бениҳоя санъаткорона ишланган 2 метр баландликдаги қабртошлар бу масканда ётган азизларнинг нақадар нуфузи баланд эканини кўрсатади.

Мақбара ва унинг яқинидаги масжиднинг устун ва деворлари турли даврларда таъмирланган, эшик ва дераза панжаралари алмаштирилган. Табаррук Қуръони каримнинг кийик терисига битилган 11 саҳифаси сақланиб қолган бўлиб, ўлчами 30х50 сантиметр. Қадимда оғирлиги бир тонна ва ундан оғир 9 та тош шайхларга атаб келтирилган бўлиб, мақбарага кириш саҳнининг ўнг ва чап томонига ўрнаштирилган.

Чиндан ҳам, қишлоқдаги маҳобатли масжид қурилиши ҳам бизни ҳайратга солади. Масжид 2 та хонақоҳ, 1 айвон, 4 меҳроб, 19 та устун ва 7 эшикдан иборат. 2 та хонақоҳи катта масжид ва кичкина масжид деб номланади. Аввал кичкина масжид қурилган, намозхонлар кўпайганлиги сабабли кейинчалик катта масжид ва айвони қурилган. Катта масжид ички девори тепа қисмига "Фатҳ" сураси 1-11 оятлари ёзилган ҳамда турли-туман нақш-безаклар билан безатилган. Масжид катта хонақоҳининг устуни тепасида ҳижрий 1362 йил (милодий 1905 йил)да уста Муҳаммадиёр томонидан таъмирлангани ёзилган. Масжид баландлиги 11 метр, бўйи ва эни 32 метрдан. Масжид шифтига вассажуфт тахланган. Унинг меҳроб қисми нозик дид ва юксак маҳорат билан безатилган. Меҳроб атрофи сулс ёзувидаги битиклар билан тўла. Шунингдек, мовий фонга оқ рангли ёзувлар битилган ранг-баранг кошинлардан яратилган ажойиб мозаика киши диққатини ўзига жалб қилади. Барча осори атиқанинг таг-замирида тилсимлар яширин гўё.

Булар - тарихий ёдгорлик Лангар ота зиёратгоҳи ҳақидаги фикрларнинг бир қисми, холос. Кўриб турганингиздек, юзлаб авлиё ва улуғ зотлар қўним топган бу муқаддас қадамжода улкан тарих жо бўлган.  Халқимиз миллий ва маънавий бойликларини излаб топиш, кўпайтириш, бир-биримизга ҳадя этиш эса чин мўминлик белгисидир.

Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo