Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маънавият
  • ТАРИХНИ ЎРГАНГАН ОДАМ КЎПЛАБ ҲОДИСАЛАР ИШТИРОКЧИСИ, ҲЕЧ БЎЛМАГАНДА ТОМОШАБИНИГА АЙЛАНАДИ

Абдишукур ОМОНОВ

24.12.2019


ТАРИХНИ ЎРГАНГАН ОДАМ КЎПЛАБ ҲОДИСАЛАР ИШТИРОКЧИСИ, ҲЕЧ БЎЛМАГАНДА ТОМОШАБИНИГА АЙЛАНАДИ

Мутолаа учун тавсия

Диний манбалар орасида етук аллома, мутафаккир Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (1952-2015) қаламига мансуб икки жилдли "Ислом   тарихи" асари муҳим ўрин тутади. Шайх ҳазратларининг таъбири билан айтганда, "тарихни ўрганган одам кўплаб тарихий ҳодисаларнинг иштирокчиси, ҳеч бўлмаганда томошабинига айланади". Шайх Ҳасан ибн Абдуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ тарихни ўрганишни тарғиб қилиб "Тарих авлодлар мадрасасидир. Тарих орқали тириклар ўзлари учун манфаатли нарсани ўрганиб, унга амал қиладилар. Шунингдек, ўзларига зарар етказадиган нарсалардан воқиф бўлиб, ундан четда бўладилар. Тарих бир уммат ўзининг ўтмишига бориб келадиган ва ҳозири билан ўтмиши ўртасидан жой олган кўприкдир", деган экан.

Асарнинг сўзбоши ва муқаддима қисмида Шайх ҳазратлари тарихий воқеаларни келажак авлодларга етказиш ҳар бир илмли-зиёли кишининг бурчи эканлигини таъкидлаган. Ислом тарихини ёзган олиму уламолар ва шу тарихий асарлар ҳақида фикр юритган. Аллоҳ таолога ва пайғамбарларга иймон келтирганлар ислом уммати саналиши уқтирилган.

"Ислом тарихи" асарининг биринчи бобида ислом шариатидан олдинги тарих, яъни Одам алайҳиссалом яратилишидан бошланиб Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларигача бўлган давр ёритилган. Иккинчи боб Муҳаммад алайҳиссаломга бағишланган. Пайғамбаримиз Арабистон ярим оролида милодий 571 йил 22 апрелда туғилиб, 632 йил 6 июнда вафот этганлар. У киши арабларнинг Қурайш қабиласи Бани Ҳошим уруғига мансуб бўлган.

Асарнинг учинчи бобида Рашид халифалар даври, яъни 632-661 йиллардаги воқеа-ҳодисалар ёритилган. Тўрт саҳоба - Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳу "Рашид халифалар" деб ном олган. Абу Бакр Сиддиқ 632-634 йилларда халифалик қилиб, касалликдан вафот этган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу 634-644 йилларда, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу 644-656 йилларда ва Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу 656-661 йилларда халифалик қилиб, учаласи ҳам шаҳид бўлган. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу даврида Қуръон оятлари жамланиб, ундан нусхалар кўчирилиб тарқатилган.

"Ислом тарихи" асарининг иккинчи қисмида уммавийлар давлатининг пайдо бўлишидан бошлаб ҳозирги вақтга қадар юз берган воқеа-ҳодисалар хусусида сўз боради. Уммавийлар давлати 661-749 йилларда ҳукмронлик қилган ва асосчиси Умайя ибн Абдушшамсга нисбат берилган бўлиб, у Қурайш қабиласининг уруғ бошлиқларидан бири бўлган. Пайғамбаримиз мансуб бўлган Бани Ҳошим уруғи билан қабила раҳбарлигига талашиб яшаган. Ҳазрати Али шаҳид бўлиб, имом Ҳасан ибн Али халифаликдан воз кечгач, Муовия ибн Абу Суфён ҳокимиятни эгаллаган. Бу даврда ислом давлати ҳудудлари анча кенгайган. Давлат раҳбарлиги халифаликдан подшоҳликка ўтган.

Уммавийлар давлатидан кейин 750-1258 йилларда Аббосийлар ҳукмронлик қилган. Ушбу давлат асосчиси  Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Али Бани Ҳошим уруғига мансуб бўлган. Бу даврда кўплаб мустақил мусулмон давлатлари пайдо бўлган. Европаликларнинг "Салиб юришлари" ҳам шу даврда юз берган. Мўғуллар босқини пайтида Аббосийлар давлати тугатилган.

Шайх ҳазратлари томонидан Уммавийлар ва Аббосийлар давлатининг таназзулга учраш сабаблари ҳам кўрсатиб берилган. Ислом тарихининг кейинги даври "мамлуклар даври" деб номланиб, 1259-1517 йилларни ўз ичига олади. Бу даврда мўғуллар босқини тўхтатилиб, салибчилар ҳаракати йўққа чиқарилган. Чингизхон, Амир Темур ва уларнинг авлодлари томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида маълумотлар берилган.

Ислом тарихининг кейинги даври 1517-1923 йилларни ўз ичига олиб, Усмонлилар даври деб аталади ва у  шу вақтда бутун оламдаги энг қудратли давлат ҳисобланган. Бу пайтда Византия империяси пойтахти Константинополь фатҳ этилиб, Юнонистон, Венгрия, Албания, Руминия, Болгария каби ҳудудлар ҳам бўйсундирилган. Усмонлиларнинг келиб чиқиши Туркистон томонлардан бўлиб, мўғуллар босқинида боболари Сулаймоншоҳ ибн Қиёалп билан Рум ерларига келишган. Эртўғрул ибн Сулаймон маълум бир вақт салжуқий султон Алауддин Қиқбоднинг хизматида бўлганлиги эвазига султон унга Эски шаҳар деган минтақани инъом қилган. Эртўғрул вафот этгач ўрнига ўғли Усмон қолади. Усмонлилар давлатининг номи ана шу Усмонга нисбат берилади.

Шайх ҳазратлари Усмонлилар давлатининг инқирозга учраши сабабини мамлакат чекланмаган ҳуқуқларга эга бир киши томонидан бошқарилгани, ижтимоий-иқтисодий беқарорлик, ғайридинларга уйланиш, ҳарбийларга кўп ҳуқуқлар бериб юборилгани каби ҳолатларда деб билган. "Ислом тарихи" асарида бугунги кундаги мусулмон олами 57 та давлатдан иборат эканлиги айтилиб, ҳар бир давлатнинг номи, ҳудуди, аҳолиси, бошқарув шакли, расмий тили, пул бирлиги ҳақида батафсил маълумот берилган. Шунингдек, мусулмон давлатларидаги ички ва ташқи зиддиятлар, ривожланган давлатларга тобелик, маънавият ва бошқа масалалар юзасидан фикрлар билдирилган.

Ислом ҳуқуқшунослари ҳуқуқ нормаларини икки гуруҳга, яъни Қуръони карим ва сунна (муқаддас мерос) ҳамда ижмоъ ва қиёс нормаларига бўлади. Қуръони карим - бутун башарият учун Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи вассаламга нозил қилинган Аллоҳ таолонинг каломи. Сунна - Пайғамбаримиз фикр-мулоҳазалари, қилган ишлари ва тасдиқлаганлари тўпланган ҳадислар тўплами. Ижмоъ - мусулмон ҳуқуқшунослари томонидан айтилиб, бир-бирига мос диний ва ҳуқуқий масалалар тўғрисида тўпланган фикрлар жамланмаси. Қиёс - илгари чиқарилган қарорлар асосида ўхшаш масалалар ечимини топиш.

Маълумки, Пайғамбаримиз юрт раҳбари ҳам ҳисобланиб, юртни бошқаришда ҳар бир инсонни эшитиш, қадрлаш ва муаммосини ҳал этишга жиддий эътибор қаратиб, ёрдамчиларига ҳам шу талабни қўйган. Шариат қонунларига риоя этиш шарт бўлган. Раҳбарлар эл-улус хизматидаги масъул шахс ҳисобланган. Уламоларнинг айтишича, эътибор ва ёрдамга муҳтож одамларга ёрдам бериш, амалдоридан амалсизини ва бойидан камбағалини ҳимоя қилиш учун Аллоҳ диёнатли бандаларига мансаб беради. Муслим ривоятига кўра, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам айтган эканлар: "Банда биродарининг кўмагида бўлса, Аллоҳ унинг ҳам кўмагида бўлади".

Ислом ҳуқуқига кўра раҳбарлар, шу жумладан, қозилар ҳам халқ томонидан сайланиши керак. Улардан халқ ҳисобот олишга ҳақли. Давлатнинг вазифаси халқ талабларини бажариш, ҳар бир банда ҳуқуқларини таъминлаш, тинчлик ва осойишталигини сақлаш, ички ва ташқи хавфлардан ҳимоя қилишдан иборат. Давлатнинг ягона манбаи халқ экан, сиёсат ҳам халқнинг фикру мулоҳазаси ва талаблари асосида олиб борилиши керак. Раҳбарлик - халққа ҳалол хизмат қилиш орқали Аллоҳнинг марҳаматига эришиш учун берилган имконият. Раҳбарлигу бошлиқликка даъвогарларга қарата шундай дейилади: "Амирликни талаб қилмагин, чунки у сенга талабинг туфайли берилса, ўзингга ташлаб қўйилади, талабингсиз берилса, унда сенга кўмак берилади".

Ислом тарихи ва юрт қайғуси ҳақида ёзилган китоблар орасида маърифатпарвар олим Алихонтўра Шокирхонтўра ўғли Соғунийнинг "Тарихи Муҳаммадий" ва "Туркистон қайғуси" асарлари алоҳида қийматга эга. Алихонтўра Соғуний 1885 йилда Туркистон ўлкасининг ҳозирги Қирғизистон ҳудудидаги Тўқмоқ шаҳрида туғилиб, 1976 йилда Тошкентда вафот этган. Мадина ва Бухоро шаҳарларида таълим олиб, 1914 йилда рус подшоҳининг махфий полицияси таъсирида Шарқий Туркистонга кетишга мажбур бўлади. У ерда мустақиллик учун курашиб, 1944 йилда Шарқий Туркистон  жумҳурияти ҳукумати раислигига сайланади. Соғуний 1946 йилда Сталин топшириғи асосида Тошкент шаҳрига олиб келингач, у тузган давлат ҳам тугаб Шарқий    Туркистон жумҳурияти Хитой таркибига қўшилиб кетади.

Алихонтўра Соғуний фаол сиёсатдан воз кечиб, юрт, миллат, дин ва тил қайғуси билан яшаб, илм-фан билан шуғулланади. Кўплаб асарлар ёзади. "Темур тузуклари", Ҳерман Вамберининг "Мовароуннаҳр ёки Бухоро тарихи" ва Аҳмад Донишнинг "Нодир воқеалар" асарларини таржима қилади. Амир Темур ҳақида биринчи бўлиб рост ва ҳақ сўзни айтган ҳам Алихонтўра Соғуний бўлган.

Атоқли адибнинг "Туркистон қайғуси" асарида Марказий Осиё   халқларининг энг қадимги даврларидан XIX аср охиригача қурган давлатлари, туркий  халқлар этнографияси ва Амир    Темурга оид қимматли маълумотлар бор. Қолаверса, ўз бошидан ўтган кўп воқеа-ҳодисаларни ҳам келтирган. Етук уламо Алихонтўра Соғуний Ватан, миллат, дин ва тилни севиш ҳамда асраш зарурлиги, халқимиз қандай қилиб босқинчилар қўлига тушиб қолгани ва озодликка эришиш учун нималар қилиш кераклиги ҳақидаги қарашларини асосли, мантиқ билан баён қилган. Шу ўринда 1966-1973 йиллар, яъни совет даврида бундай асарни ёзиш ҳақиқий жасорат эканлигини эътироф этиш жоиз.

Алихонтўра Соғуний инсон иймонли, эътиқодли, илмли ва маданиятли бўлгандагина ҳақиқий камолотга эришиши ҳамда большевиклар тузуми иллатлари ҳақида фикр юритган. Динимиз илм ва ақлга таяниши ҳамда юрт ислом ахлоқи қоидалари асосида   бошқарилса, жамият иллатлардан холи бўлиши таъкидланган. У "Нима учун кейинги  асрларда Туркистон халқи жоҳилият  ботқоғига ботди? Бунинг бош сабаби - динни асоси билан тушунмаган илм-маданият душманлари ҳокимият тепасида бўлдилар. Ўзларини дин ҳомийлари деб эълон қилиб, халқни маърифат нуридан маҳрум, замонавий фанний  илмлардан бутунлай йироқ тутдилар… Шунинг учун Туркистон халқининг ичида уйғониш, фикр очилиши бўлмади. Давлатнинг инқирози, миллатнинг онгсизлигига шу жоҳиллар сабабчидур", деган хулосага келган.

Мутафаккир Алихонтўра Соғуний қаламига мансуб "Тарихи Муҳаммадий" асари ишончли манбаларга асослангани, кўпчилик учун тушунарли ва содда тилда ёзилгани билан ажралиб туради. Унда Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий ва оилавий ҳаётлари, пайғамбарликларини тасдиқловчи мўъжизалар ва ислом тарихига оид маълумотлар баён этилган. Бу китобни ўқиб чиқиш керак. Буюк олмон ижодкори Гёте "Мен дунё тарихини ўқиб шундай хулосага келдим: дунё подшоҳлари тўплаган жами салтанату бойлик, қасрлару саройлар  Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг  ямоқ яктакларига ҳам арзимайди", деган экан.

Абдишукур ОМОНОВ

Report typo