Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 апрел, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

28.12.2016


ТАВСИЯНОМА – КАТТА ИМТИЁЗ

 

МАКСИМАЛ БАЛЛНИНГ 27 ФОИЗИ

“Муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсияномалар бериш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарликда юқори натижаларга эришган, зарур билим даражасига ва намунали ҳарбий интизомга эга муносиб ҳарбий хизматчиларга ҳарбий қисм командирлари томонидан тавсияномалар берилади.

Бундай тавсияномага эга бўлган фуқаролар барча йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича бакалаврлар тайёрлашда республиканинг барча олий таълим муассасаларига ўқишга киришда тўплаш мумкин бўлган максимал балларнинг 27 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёзга эга бўлади.

БАЛЛАР ХИЗМАТ ДАВОМИДА ТЎПЛАНАДИ

Муддатли ҳарбий хизматчига тавсиянома берилишида номзоднинг ҳарбий интизом, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик  натижалари инобатга олиниб, ушбу кўрсаткичлари бўйича баллар қўйиш бутун хизмат даври давомида амалга оширилади.

Яъни, муддатли ҳарбий хизматчи намунали ҳарбий интизоми учун Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Интизом низомида назарда тутилган тартибда ҳарбий қисм командири, ҳарбий округ қўшинлари қўмондони (бирлашма командири), Қуролли Кучлар Бирлашган штаби бошлиғи, тегишли вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари раҳбарлари томонидан рағбатлантирилган бўлса, унга белгиланган тартибда балл қўйиб борилади.

ЯКУНИЙ БАҲОЛАШ ТЕСТ АСОСИДА

Муддатли ҳарбий хизматчилар томонидан жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик дастурлари ўзлаштирилганини якуний баҳолаш учун ҳар бир ҳарбий қисмда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан тест синовлари ўтказилади.

Тест синовларидан ўтказиш учун ишлаб чиқилган саволларнинг умумий сони 80 тани ташкил этиб, улардан 40 таси жанговар тайёргарликка оид, 20 таси маънавий-маърифий тайёргарликка оид, яна 20 таси эса мантиқий тестлардан иборат бўлади. Ҳар бир жанговар тайёргарликка оид тўғри ечилган тест саволи учун – 1,2 балл, маънавий-маърифий тайёргарликка оид тўғри ечилган тест саволи учун – 1,1 балл, мантиқий тест саволи учун – 1 балл қўйилади.

ЭНГ МУНОСИБЛАР САРАЛАНАДИ

Ҳарбий интизомининг ҳолати, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик натижалари ва тест синовлари бўйича энг юқори балл тўплаган муддатли ҳарбий хизматчилар муддатли ҳарбий хизматчиларнинг умумий йиғилиши томонидан тавсиянома олишга муносиб, деб ҳисобланади.

Хизмат даврида давлат мукофоти билан тақдирланган муддатли ҳарбий хизматчиларга тест синовлари натижаларидан қатъи назар тавсиянома берилади.

ЮҚОРИ БАЛЛНИНГ ЎЗИ ЕТАРЛИ ЭМАС...

Барча синовларда юқори баллар тўплаган, бироқ хизмат фаолиятига салбий тавсиф берилган ҳарбий хизматчиларга, умумий йиғилиш ва бўлинма командирларининг ёзма мурожаати асосида ҳарбий қисм командирининг қарори билан тавсиянома берилмайди.

Шунингдек, тўплаган балларининг миқдоридан қатъи назар, муддатли ҳарбий хизмати даврида ҳарбий интизомни қўпол равишда бузган ва бу юзасидан хизмат суриштируви ўтказилган, ҳарбий қисм командирининг тегишли буйруқлари чиқарилган муддатли ҳарбий хизматчи тавсиянома олиш ҳуқуқига эга эмас.

Ж.БОЙМУРОДОВ ёзиб олди.

Report typo