Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
18 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шероз ШОДИЕВ, Муҳаммадали ИСМАИЛОВ

04.09.2020


ТЕКШИРУВ ТАЛАБЛАРИНИ БУЗГАН СОЛИҚЧИ ЖАРИМАГА ТОРТИЛДИ

Тадбиркор ҳуқуқи

Жорий йил 15 май куни Нишон тумани давлат солиқ инспекцияси ходимлари ҳудудда фаолият юритувчи "Ҳамраев Рустамбек" масъулияти чекланган жамиятига тегишли савдо дўконида сайёр текширув ўтказган. Ушбу жараёнда улар тадбиркорлик субъекти фаолиятига халал берган ҳолда дўконга мижозларнинг кириб-чиқишини тўхтатиб қўйишган. Ушбу ҳаракатдан норози тадбиркор эса Бизнес-омбудсман девонининг вилоятда фаолият кўрсатувчи ходимларига мурожаат қилди.

Маълумки, тадбиркорлик субъекти фаолияти юзасидан ўтказиладиган ноқонуний текшириш ёки текширишда белгиланган қатъий талабларга амал қилмаслик ҳолатлари тадбиркор интилишларини сўндириши билан бирга, ҳудуддаги ишбилармонлик муҳитига салбий таъсир кўрсатади. Шундан келиб чиққан ҳолда, Бизнес-омбудсман девонининг вилоятда фаолият кўрсатувчи ходимлари ушбу мурожаатни обдан ўрганди. Натижада субъектда ўтказилган сайёр солиқ текшируви давомида "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддаси талаблари бузилганлиги аниқланди.

Туман давлат солиқ инспекцияси масъул ходими Алишер Тошматов ушбу қонунбузилиш ҳолатини инкор этиб, Бизнес-омбудсман девони ходимларини чалғитишга уринган бўлса-да, барчаси далиллар билан асосланди.

Хусусан, масъул ходим томонидан текшириш якуни бўйича тузилган далолатнома нусхаси тадбиркорлик субъектига  берилмаган. Бу Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни келишиш ва ўтказиш тартиби ҳақидаги вақтинчалик низом 31-банди талабларига зид бўлиб, текширув далолатномаси нусхасини тадбиркорлик субъектига тақдим қилмаслик қонунбузилиш сифатида баҳоланади.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 2412-моддасида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишнинг ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилишнинг белгиланган тартибини бузиш, худди шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қонунга хилоф равишда текшириш ташаббуси билан чиқиш ва (ёки) ўтказиш юзасидан жавобгарлик белгиланган. Ана шунга асосан Алишер Тошматовга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилиб, тегишли судга тақдим қилинди.

Касби тумани маъмурий суди томонидан Алишер Тошматов тадбиркорлик субъектида ўтказилган текширишда содир этилган ҳуқуқбузарликда айбли деб топилиб, унга нисбатан жарима жазоси тайинланди.

Шероз ШОДИЕВ,

Муҳаммадали ИСМАИЛОВ,

Бизнес-омбудсман девонининг вилоятда фаолият кўрсатувчи ходимлари

Report typo