Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • "ТЕЗ ЁРДАМ"НИ ЎТКАЗИБ ЮБОРИШ УЧУН ҚОИДАНИ БУЗГАН ҲАЙДОВЧИ ЖАРИМАГА ТОРТИЛМАЙДИ

03.11.2020


"ТЕЗ ЁРДАМ"НИ ЎТКАЗИБ ЮБОРИШ УЧУН ҚОИДАНИ БУЗГАН ҲАЙДОВЧИ ЖАРИМАГА ТОРТИЛМАЙДИ

Ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳоллари илгари фақат инспекторлар томонидан аниқланган бўлса, ҳозир бу соҳада автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситаларидан ҳам кенг фойдаланилаяпти. Назорат олиб бораётган йўл-патруль хизмати ходими билан баҳс қуриб, ҳатто ёқалашишгача борадиган қоидабузар ҳайдовчилар ҳам энди инспектор ўрнини босаётган техника воситалари қаршисида ожиз.     

Қонунчиликка кўра, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги бўйича жарима солиш тўғрисидаги қарор маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахснинг иштирокисиз чиқарилади ва жавобгарликка транспорт воситасининг мулкдори тортилиши белгиланган.

Юридик шахсга тегишли транспорт воситасидан фойдаланиб содир этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги ҳолати худди шу тартибда аниқланган тақдирда, маъмурий жавобгарликка юридик шахснинг транспорт воситасидан фойдаланиш учун масъул бўлган шахси тортилади.

Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги қайд этилган тақдирда, жарима қўллашда ҳуқуқбузарликнинг такрорийлиги ҳисобга олинмайди. Бироқ, берилган шикоят ёки билдирилган протест бўйича ушбу маъмурий иш янгидан кўриб чиқиш учун юборилиб, қарор бекор қилинган тақдирда, мазкур иш маъмурий ҳуқуқбузарликка қўл урган шахсга нисбатан у илгари содир этган ҳуқуқбузарликларнинг такрорийлигини инобатга олган ҳолда умумий асосларда кўриб чиқилади.

Агар маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарор устидан берилган шикоятни кўриб чиқиш жараёнида тегишли транспорт воситасига ҳуқуқбузарлик қайд этилган пайтда эгалик қилган шахс аниқланса ёхуд мазкур транспорт воситаси бошқа шахсларнинг ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатлари натижасида транспорт воситаси мулкдорининг эгалигидан чиқиб кетганлиги аён бўлса, мулкдор ўзига тегишли транспорт воситасидан фойдаланиб содир этилган йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун маъмурий жавобгарликдан озод этилади.

Шунингдек, тезкор ва махсус хизматларнинг кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялтироқ маёқчани ёққан ҳолда ҳамда махсус товушли сигналлар билан яқинлашиб келаётган транспорт воситаларига уларнинг тўсиқсиз ўтиб кетиши учун йўл берган транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан жараёнда содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган тақдирда, ушбу ҳуқуқбузарлик охирги зарурат ҳолатларида содир этилган деб топилади ва маъмурий иш тугатилади.

Мазкур тартиб тезкор ва махсус хизматлар, шунингдек, улар кузатиб келаётган транспорт воситаларининг ҳайдовчиларига ҳам ушбу ҳолатда кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажарганликни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилганда қўлланади.

Report typo