Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • Ўтган мавсумда пахта теримига мажбуран жалб этиш энг кўп Қашқадарёда кузатилган. Шундай ҳолат бу йил ҳам такрорланмаслигига кафолат борми?

Н.ХЎЖАЕВ

15.09.2020


Ўтган мавсумда пахта теримига мажбуран жалб этиш энг кўп Қашқадарёда кузатилган. Шундай ҳолат бу йил ҳам такрорланмаслигига кафолат борми?

Брифинг

Хабарингиз бор, бугундан эътиборан Қашқадарёда пахта терими бошланмоқда. Бу йил  Қашқадарё деҳқонлари 135 минг 900 гектар ерга чигит қадаб, 400 минг тоннадан зиёд пахта хирмонини яратиш устида меҳнат қилмоқдалар. Бунинг учун 5625 та фермер хўжалиги 9 та кластер ва 2 та кооперация билан шартнома тузган.

Бу борада дастлабки масала шуки, хўш, пахта йиғим-терими кимлар кўмагида бажарилади? Ҳашарчилар қай тартибда шакллантирилади? Мажбурий меҳнатга йўл қўйилмайдими? Ваҳоланки, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари ўтган йилги мавсумда пахта теримига мажбуран жалб этиш ҳолатлари энг кўп Қашқадарё вилоятида кузатилганини маълум қилди. Шундай ҳолат бу йил ҳам такрорланмаслигига кафолат борми?

Қолаверса, аввалги йилларда пахтага чиққан айримларга 2-4 сотихдан ер берилиши, маҳалла томонидан нафақа тайинлаш бўйича ваъдалар бўлгани ҳам сир эмас. Ҳолбуки фуқароларга ер бериш 12 йилдан бери аукцион орқали амалга оширилади. Шундай экан, пахта йиғим-теримида фаол қатнашгани учун ер беришнинг ҳуқуқий асоси борми?

Маҳалла томонидан нафақа тайинлашда эса "пахтага чиққани учун" деган категория белгиланмаган. Бордию, фуқаро шу нафақага муҳтож бўлса, нега шу вақтгача тайинланмаган, аксинча бўлса, маҳалла раиси қайси асос билан ёрдам кўрсатмоқчи?

Мазкур саволларга Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида ОАВ вакиллари учун вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, бандлик, қишлоқ хўжалиги, Савдо-саноат палатаси, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармалари вакиллари иштирокида ташкил қилинган брифингда жавоб берилди.

Вилоят бандлик бошқармаси бошлиғи Бекзод Қурбоновнинг айтишича, дарҳақиқат, ўтган йили вилоятда 23 та мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолати кузатилган. Бунинг асосий сабаби, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича асосий эътибор Касби ва Нишон туманларига қаратилиши натижасида бошқа ҳудудлар назардан четда қолган.

Мутасадди бу йил пахта теримига мажбуран жалб қилиш ҳолатларига батамом барҳам берилишини маълум қилди. Қолаверса, теримда фаол қатнашгани учун ер бериш, нафақа тайинлаш каби ҳавойи, таги пуч, баландпарвоз ваъдалар ҳам бўлмайди. Теримчи терган пахтаси учун тегишли ҳаққини, устама ва муносиб кўрилса, тегишли ташкилотларнинг рағбатлантирувчи совғаларини олади - бўлди.

 Тадбирда журналистларни қизиқтирган бошқа саволларга ҳам жавоб берилди. Мажбурий меҳнат ҳолатларининг олдини олишда ОАВ имкониятларидан унумли фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.

Н.ХЎЖАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo