Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
12 август, чоршанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

12.05.2020


ТОҒЛИК ЁШЛАР ҒУЗОРДА НИМА ИШЛАР БИЛАН БАНД?

Ёшларга оид давлат сиёсати -  амалда

Ёдимда, вилоят ҳокими жорий йилнинг 7-8 февраль кунлари Шаҳрисабз туманининг тоғли Сарчашма қишлоғи ёшлари билан учрашувда ишсиз ёшларнинг мавсумий бандлигини таъминлаш, уларни томорқалардан мақсадли фойдаланишга, қўшимча даромад топишга йўналтириш мақсадида бошқа туманлардан ер ажратиб бериш ҳақида ваъда берган эди. Орадан кўп ўтмай, улар учун Ғузор тумани ҳудудидаги лалми майдондан 100 гектар ер ажратилди, сарчашмалик ёшлар келиб вақтинчалик яшаши, ишлаши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, лалми майдонга икки чақирим узоқликдаги каналдан махсус насослар ёрдамида сув олиб келишга киришилди.

- Энг аввало, ёшларнинг бу ерда яшаши учун барча шарт-шароитларни яратиб беришга ҳаракат қилаяпмиз, - дейди Ғузор тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Эрмат Тиллаев. - 100 ўринга мўлжаллаб "Ёшлар палаткаси" бунёд этганмиз. Шунингдек, замонавий типдаги ювиниш, овқатланиш бинолари қурилиши якунланмоқда. Ҳудуд чиройли кўринишга эга темир панжаралар ёрдамида ҳовли девор кўринишида  ўраб олинди. Эндиликда ёшларнинг ишдан бўш вақтларини мазмунли ўтказиши учун мини стадион ҳам барпо этилади. Атроф ободонлаштирилиб, манзарали дарахтлар экилмоқда. 

Аҳамиятли жиҳати, олис тоғли ҳудуддан шу ерга келиб ишлаётган бир неча ёшлар билан суҳбатлашиб билдикки, уларнинг мақсади ҳам жиддий, ҳавойи вақт совуриш учун келишмаган Ғузорга.

- Дастлаб бу ерга деҳқончилик қилиш учун 33 нафар ёш келган бўлсак, ҳозир 35 киши бўлдик, - дейди Муҳаммадсаид Тилаков. - Тоғли ҳудудда яшаганимиз учун бизда ёз жуда қисқа бўлади. Саноқли экинларнигина экиб, ҳосил олиш имконияти бор. Шу боис кўпчилик асосан боғдорчилик билан шуғулланади.  Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан қишлоғимиз ёшлари учун бу ердан ер ажратилишини эса катта имконият сифатида қабул қилдик. Мисол учун, ўзим 2016 йилда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетини тамомлаганман. Олий маълумотли физика ўқитувчисиман. Қишлоқда ҳам ишласам бўларди, аммо мактабимизда ҳар бир фан бўйича бир нечтадан мутахассислар бор. Шундай бўлгач, дарс оз, натижада маош ҳам кам бўлади. Мен эса кучим, имконим бор пайтда кўпроқ ишлаб, яхшироқ даромад олиш, оиланинг кам-кўстини тўғрилаш ҳаракатидаман.

Суҳбатдошимнинг таъкидлашича, у ва тенгдошларига ҳудуддан 1 гектардан ер, шунингдек, ўз эҳтиёжларига мос озиқ-овқат экинларини экиш учун дала четидан алоҳида майдон ажратиб берилган.

- Томорқа сифатида ажратилган майдонга помидор, бодринг ва тарвуз экдим, - дейди у. - Бу оиламни ушбу турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлаш имконини беради. Қолаверса, истеъмолдан ортганини бозорга чиқарамиз. Бир гектарлик асосий майдонга эса экспортбоп қизил ловия экканман. Айни пайтда экин бирдек униб чиқди, яқинда суғоришни бошлаймиз. Ловиянинг ҳосилини йиғиб олгач эса иккинчи экин сифатида кўкат экишни мўлжаллаб турибман.

Яна бир эътиборга молик томони, ушбу ёшларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар ой 750 минг сўмдан меҳнат ҳақи тўланмоқда. Шунингдек, ерни шудгорлаш, экиш, уруғлик ва бошқа  агротехник тадбирлар билан боғлиқ харажатлар ҳам буюртмачи томонидан қопланади. Ёшлардан талаб этиладигани фақат меҳнат қилиш ва яхши ҳосил олиш.

- Ёшларни иш билан таъминлаш мақсадида ажратилган ер майдони янги ташкил этилган "Тараққиёт, таъминот - 2020" кооперативига бириктириб берилган бўлиб, барча ташкилий масалалар  субъект раҳбари томонидан ҳал этилади, барча дастлабки харажатлар ҳам кооператив томонидан қопланади, - дейди туман ҳокимлигидан ҳудудга доимий вакил этиб тайинланган Фурқат Сафаров. - Бунинг учун тадбиркорга бир қатор имтиёз ва субсидиялар берилмоқда. Ҳосилни ҳам  кооперативнинг ўзи сотиб олади ва ишчилар билан харажатларни чегириб қолган ҳолда алоҳида ҳисоб-китоб қилинади. Яхши ишлаб, яхши ҳосил олиш ва кўпроқ даромад кўриш имконияти барчада бор.

Айни вақтда Ғузорда 35 гектар ер ёшларга бўлиб берилган бўлса, шу ҳудуднинг ўзида яна 65 гектар тайёр ер мавжуд ва ён-атрофидаги лалми ерларни ўзлаштириш орқали уни янада кенгайтириб боравериш мумкин. Қолаверса, бундай ерлар вилоятимизнинг деярли барча ҳудудларида бор. Фақат уларни ишсиз ёшларга тўғри тақсимлаб бериш, унинг шу жойдан даромад олиши учун имкониятларни яратиш лозим. Қачонки, ёшлар етиштирган ҳосилни яхши нархда сотса, арзирлик даромад кўрса, бу ташаббус янада қанот ёйиб, уларнинг сафи кенгайиб бораверади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo