Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
1 декабрь, сешанба. 2020 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

13.11.2020


"ТОШБОЛТА ОШИҚ" ЯНГИ ТАЛҚИНДА

Театр

Вилоят мусиқали драма театрида премьералар мавсуми давом этмоқда. Куни кеча Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Исоқ Тўраев режиссёрлигидаги "Тошболтанинг чинори" мусиқали драмаси кўриги бўлиб ўтди. Унда соҳа вакиллари, санъатшунослар билан бир қаторда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Маълумки, Ҳамид Ғулом асари асосидаги "Тошболта ошиқ" спектакли миллий мусиқий меросимизнинг нодир намуналаридан бири бўлиб, бетакрор санъаткор Сойиб Хўжаев ижроси, буюк композитор Манас Левиев басталаган турли куй-қўшиқлар халқимизнинг севимли оҳангларига айланиб улгурган.

Асар "Тошболтанинг чинори" номида вилоят театрида қайта саҳналаштириларкан, ғоя, мақсад, мазмун сақланган ҳолда ўзига хос услубда талқин этилади. Спектаклда муҳаббат, садоқат ва хиёнат, алдов, мол-дунёга ҳирс қўйиш каби туйғулар орасидаги азалий қарама-қаршилик ёрқин бўёқларда намоён бўлади.

- Тошболта ёлғизлик ва чорасизлик тимсоли бўлса, Қумрининг хотираси ва Рисолатга бўлган муҳаббати унинг яшашга иштиёқини қайтаради, - дейди саҳналаштирувчи режиссёр Исоқ Тўраев. - Кўҳна чинор ичида ҳосил бўлган "хона"ни Боймурод каби нафс кишилари ёвузлик маконига айлантирган бўлса, теран фикрли ёшлар заковати, меҳнатсеварлиги орқали чинор атрофи яна лолазор, гулзор, обод манзилга айланиши рамзий услубда, қизиқарли воқеалар билан акс эттирилади.

Ролларни театр актёр ва актрисалари ижро этишган. Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри дирижёри Олимжон Комилжонов томонидан мусиқаларга берилган сайқал ҳам алоҳида эътирофга муносиб.

Спектакль намойишидан сўнг мутахассисларнинг фикрлари тингланди. Хусусан, санъатшунос Ойбек Вейсал ўғли саҳна асарида характерлар йўқлиги, Сойиб Хўжаев ижросидаги Тошболта ҳамманинг эсида қоладиган образга айлангани, ижрочилар ўз устида янада қаттиқ ишлашлари зарурлигини таъкидлади.

Кенг томошабинлар эътиборига ҳавола этишдан аввал жузъий камчиликларни бартараф этиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

НАСРИДДИН

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo